Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Илмий унвонларни олишга талабгорлар учун талаблар ўзгарди

07.06.2016

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 3 июнда 2793-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Илгари амалда бўлган Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2444, 2013 йил 25 март), шунингдек унга қўшимчалар ўз кучини йўқотган деб топилди.

 

Ҳужжатда илмий унвонларни олишга талабгорлар бажариши лозим бўлган умумий талаблардан бири аниқлаштирилди. Унга кўра талабгор аттестация жараёнида охирги 2 йил ичида иштирок этган бўлиши керак (тақризчи, илмий семинар, илмий кенгаш, имтиҳон комиссияси аъзоси, расмий оппонент ва шу кабилар сифатида).

 

Эндиликда “Мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари” фанидан махсус имтиҳонни фақат ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида унвонларга талабгорлар топширади. Илгари ушбу имтиҳон иқтисодиёт фанлари соҳаси бўйича унвонларга талабгорлар томонидан ҳам топшириларди.

 

Олий таълим муассасаси (кейинги ўринларда – ОТМ) мутахассислари профессор унвонини олиш учун бажариши лозим бўлган айрим талаблар аниқлаштирилди. Хусусан, улар илмий даража олган 1 нафар мутахассисни тайёрлаган ёки 10 нафар битирувчи магистрант ва 5 нафар битирувчи бакалаврга илмий раҳбарлик қилган бўлиши (илгари – фақат илмий даража олган 1 нафар мутахассисни тайёрлаган бўлиши), педагогик амалиётда фойдаланилаётган, диссертация ҳимоясидан кейин нашр этилган 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда 2 та дарслик) ёки 2 та ўқув қўлланмасига эга бўлиши керак. Бунда ўқув қўлланма етарли бўлмаганда белгиланган меъёрдан ташқари нашр этилган дарслик ҳам ўқув қўлланма сифатида қабул қилиниши мумкин.

 

ОТМ профессори унвони истисно тариқасида бериладиган фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражага эга бўлган талабгорлар учун ҳам талаблар ўзгарди: 10 йиллик (илгари – 15 йиллик) илмий-педагогик стаж; 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда 2 та дарслик) ва якка муаллифликда 3 та ўқув қўлланмасининг мавжудлиги (илгари уларнинг сони аниқлаштирилмаган эди); илмий даража олган 1 нафар мутахассисни тайёрлаган ва 2 нафар магистрантга илмий раҳбарлик қилган ёхуд 10 нафар магистрант ва 5 нафар бакалаврга илмий раҳбарлик қилган (илгари – илмий даража олган 1 нафар мутахассисни тайёрлаган ва камида 2 нафар магистрант ёки 4 нафар бакалаврга илмий раҳбарлик қилган) бўлиши керак. Бундан ташқари диссертация ҳимоясидан кейин камида 5 та илмий мақола, шундан хорижий илмий журналларда 2 та илмий мақола ҳамда якка муаллифликда монография чоп эттирган бўлиши лозим.

 

Янги Низомда маданият, санъат, архитектура, жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича ОТМ профессори унвонини истисно тариқасида илмий даражага эга бўлмаган мутахассисларга бериш имконияти сақланиб қолди. Шу билан бирга ўқув-илмий ишларнинг мавжудлиги қисмида уларга нисбатан талаблар оширилди, илмий-педагогик иш стажи эса 15 йилдан 10 йилга камайтирилди.

 

Эндиликда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ёки «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган мутахассислардан ташқари фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари лауреати бўлган мутахассислар ҳам бошқа бир қатор талабларни бажарган тақдирда истисно тариқасида ОТМ профессори унвонини олиши мумкин.

 

Илмий-тадқиқот муассасалари (кейинги ўринларда – ИТМ) мутахассислари – профессор унвонини олишга талабгорлар эндиликда камида 2 нафар илмий даража олган мутахассисни тайёрлаган ёхуд 1 нафар илмий даража олган мутахассисни тайёрлаган ва 5 нафар магистрант ёхуд 10 нафар магистрантга (сўнггиси илгари мавжуд эмасди) илмий раҳбарлик қилган бўлиши зарур.

 

ОТМнинг илмий даражага эга бўлган мутахассисларига доцент унвонини беришга қўйиладиган талаблар ўзгармади.

 

ОТМнинг илмий даражага эга бўлмаган мутахассисларига истисно тариқасида доцент унвонини беришда қўйиладиган баъзи талаблар бирхиллаштирилди ва аниқлаштирилди, шунингдек баъзи янги талаблар жорий этилди. Масалан, эндиликда барча соҳа мутахассислари учун камида 5 йиллик педагогик ва илмий иш стажи, улардан 3 йили ОТМнинг ўзида педагогик иш стажи сифатида талаб этилади. Илгари айрим соҳа вакиллари учун 10 йиллик, айримлари учун эса 5 йиллик стаж талаб этиларди. Аниқлаштирилишича, илмий даражага эга бўлмаган мутахассислар учун ўқув адабиётлари сони 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда 2 та дарслик) ва якка муаллифликда 1 та ўқув қўлланмадан иборат. Бундан ташқари, эндиликда бундай мутахассисларга камида 4 нафар битирувчи бакалаврга илмий раҳбарлик қилган бўлса, доцент унвони берилиши мумкин.

 

Аниқлаштирилишича, ИТМ раҳбарига, раҳбари ўринбосарига, илмий котибига ИТМ катта илмий ходими унвони улар илмий лавозимларда камида 0,25 ставка илмий фаолият олиб боргандагина берилиши мумкин.

 

Ўрнатилишича, унвонлар ижтимоий соҳаларда ўриндошлик асосида ишлаётган мутахассисларга ҳам берилиши мумкин. Илгари уларни фақат иқтисодиёт тармоқларида ўриндошлик асосида ишлаётган мутахассисларга беришга йўл қўйиларди.

 

Эндиликда талабгорнинг аттестация йиғмажилди ОТМ (ИТМ) Кенгаши томонидан илмий унвонга тақдим этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида (илгари – бир ой ичида) ОАКга юборилади. Белгиланишича, аттестация йиғмажилди ОАКда 7 кун ичида норматив-техник экспертизадан, унинг натижаси ижобий бўлган тақдирда илмий экспертизадан ўтказилади ва якуний қарор қабул қилинади. Илгари норматив-техник экспертиза 3 кун ичида, илмий экспертиза эса 3 ой ичида ўтказиларди.

 

Назарда тутилишича, унвон берилган шахснинг Ф.И.О. ўзгарган тақдирда унинг талаби асосида янги аттестат берилади. Илгари бундай ҳолларда аттестат алмаштириб берилмасди.

 

Унвонга қайта тақдим этиш, унвондан маҳрум этиш ёки уни тиклаш, шунингдек апелляцияни кўриб чиқиш тартиби ўзгаришсиз қолди.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 6 июндаги 22-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 54