Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ишонч билдирилсин – текширилмасин!

14.10.2016

5.10.2016 йилдаги Президент Фармони билан тадбиркорлик фаолияти текширувларининг айрим турлари бекор қилиниши кўзда тутилган. Айнан қайси текширувларнинг бекор қилиниши, қайсилари эса аввалгидек ҳолатда сақланиб қолиши, шунингдек, бунинг бизнес ва давлат ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатиши билан мазкур янги таҳлилий мақоламизда танишишингиз мумкин.

Бизнесни текшириш – давлатнинг назорат борасидаги ваколатларини амалга ошириш шаклларидан бири. Назорат қилувчи органларнинг мақсади эса текширилаётган ташкилот фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқ келишини аниқлашдир. Тадбиркорлик фаолияти турли йўналишлар бўйича текширилади.

 

I. Молия-хўжалик фаолияти

 

Бу бевосита маҳсулот ишлаб чиқариш, иш бажариш ёки хизмат кўрсатиш, бухгалтерлик, молиявий, ҳисоб-китоб, товарнинг кузатув ҳужжатлари ва статистик ҳужжатларни юритиш, шунингдек бошқа хўжалик субъектлари-контрагентлар, молия, божхона, банк ва бошқа органлар билан ўзаро муносабатлар тизими билан бевосита боғлиқ бўлган фаолиятдир. 

 

Текширувчиларнинг эътибор марказида бўладиган бирламчи масалалар  — тузилаётган шартномаларнинг қонунийлиги, тўловларни амалга ошириш қоидаларига риоя этилиши, бошланғич ҳисобга олиш ҳужжатлари расмийлаштирилишининг тўғри олиб борилиши, бухгалтерия ҳисобининг юритилиши, солиқ, молия ва статистик ҳисоботларнинг шакллаштирилиши ва ўз вақтида топширилиши тартиби бўлади.

 

Ҳозирги кунда қонунга1 кўра хўжалик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти асосан уч турдаги текширувлардан ўтади:

 

- тафтиш — уни ўтказиш чоғида солиқ ва валюта қонунчилигига риоя этилаётганини назорат қилиш учун бухгалтерия, молия, статистик, банк ва бошқа ҳужжатлар маълумотлари ўрганиб чиқилади ва таққосланади. Текширишларнинг ушбу тури режали ёки режасиз тартибида амалга оширилади;

 

- муқобил текширув — яъни операцияларнинг умумийлиги орқали ўзаро бир-бирига боғлиқ бўлган ва турли хўжалик субъектларида ёки бир хўжалик субъектининг бўлимларида сақланаётган ҳужжатларни таққослаш;

 

- назорат тартибида текшириш  — ўтган текширув натижасида аниқланган камчиликларнинг бартараф этилганлиги назорат остига олинади.

 

II. Солиқ қонунчилигининг бажарилиши

 

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг бюджетга тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши солиқ текширувларини ўтказиш чоғида аниқланади. Унинг ўтказилиш тартиби Солиқ кодекси билан тартибга солинади. Бу мустақил текширув тури бўлиб, икки шаклда амалга оширилади:

 

- солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) — I-бўлимда таърифлаб ўтилгандек режали, режасиз ва муқобил солиқ текширувлари кўринишида  бўлиши мумкин;

 

- қисқа муддатли текширув — уни ўтказиш чоғида солиқ тўловчининг алоҳида операциялари текширилади. У режасиз солиқ текшируви кўринишида бўлади ва солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви билан боғлиқ бўлмайди. Масалан, ЖШДСнинг тўғри ушланаётганлиги ва солиқ агенти сифатидаги бошқа операцияларнинг текшируви.

 

III. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган фаолият

 

Хўжалик фаолияти тафтиши билан боғлиқ бўлмаган текширувлар назорат қилувчи органлар томонидан одатда тасдиқланган режа асосида бир йўла комплекс текширувлар чоғида ўтказилади.

 

Бундай органлар рўйхати анчайин кенг — ўз соҳалари бўйича назоратни амалга оширувчи 33 вазирлик ва идоралар. Ёнғин хавфсизлиги, санитария, ветеринария, энергетика назорати ва бошқа назорат турлари бунга мисол бўла олади.

 

Амалий муҳит: илиқ кунлар бўсағасида

 

Текширишлар сони ва шаклларининг кўплиги бизнеснинг ривожланишини тўхтатиб туради.

 

Буни тушунган ҳолда, мамлакатимиз раҳбарияти текширишларнинг алоҳида турларини2 бекор қилиш қарорини қабул қилди. Бу ерда гап муқобил текширишлар тўғрисида бормоқда, хусусан, жиноий ишлар бўйича текширишлар борасида ҳам. Бундан ташқари, қуйидаги режадан ташқари текширувлар ҳам бекор қилинади:

 

- Президент ёки Ҳукумат қарорларидан келиб чиқадиган;

 

- фавқулодда ҳолатлар вужудга келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган;

 

- санитария-эпидемиология вазиятининг оғирлашуви ҳолатларида, шунингдек чегарадош мамлакатлардан юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли юзага келган тақдирда.

 

Шу тариқа, хулоса қилиш мумкинки, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидаги текширишлар ўтказилади: 

 

- хўжалик субъектларининг алоҳида тоифалари учун аввалги имтиёзларни сақлаб қолган ҳолда режали текширувларнинг барча турлари. Масалан, янги барпо этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва  фермер хўжаликлари давлат рўйхатидан ўтган кунидан бошлаб дастлабки 3 йил мобайнида молия-хўжалик фаолиятининг режали текширувлари ва режали солиқ текширувларидан ўтмайди (акциз солиғига тортиладиган товарлар ишлаб чиқарувчи ва мақсадли бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ субъектлар учун бу муддат – 2 йил);

 

- юридик шахснинг тугатилишида ўтказиладиган режасиз солиқ текширувлари;

 

- қисқа муддатли текширишлар, аммо улар фақат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгашининг қонунчиликни бузганлик  ҳақидаги мурожаатлар асосидаги қарорига кўра ўтказилади;

 

- назорат тартибидаги текширишлар;

 

- субъектнинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган комплекс текширувлар.

 

Жазолардан огоҳлантиришлар сари

 

Тадбиркорлик фаолиятига аралашув камаяди, бу – солиқ сиёсатининг энг муҳим йўналиши. Жиноий ва маъмурий қонунчиликнинг кейинги эркинлашуви билан бир қаторда назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва олдини олиш ишларига урғу бериш топширилган. Яъни, бу ерда гап давлатнинг назорат қилиш ваколатини янгича эркинлашган шаклда амалга оширилиши ҳақида бормоқда.

 

Бу бир томондан бизнеснинг асосий хоҳиш-истагини акс эттиради. Тадбиркорлик секторининг катта қисми давлат билан мулоқотга анчадан бери тайёр турибди. Қандай тўғрилигини тушунтиринг, айтиб туринг, маслаҳат билан ёрдам берсангиз бас – ҳаммасини рисоладагидек бажарамиз.

 

Ўз вақтида Солиқ кодексининг янги таҳрири амалга киритилиши билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари сонининг кескин ошиб кетиши кузатилган эди. Сабаби жуда оддий – тадбиркорлар аксарият ҳолларда янги “ўйин қоидаларини” билишмаган ва уларни тушунишмаган. Аммо қонунни билмаслик, маълумки, жавобгарликдан озод этмайди.

 

Бизнеснинг давлат билан йўлга қўйилган мулоқоти — энди нафақат йўналиш, интилиш, балки ҳуқуқий императив ҳамдир. Давлат органлари кўпроқ эътиборни қонунчиликнинг қоида ва талабларини тушунтиришга, уларни амалга ошириш тартибига қаратишлари шарт. Энг кенг тарқалган хато ва камчиликларни аниқлаш учун амалиётни умумлаштириш ва тизимлаштириш даркор.

 

Бошқа томондан, муқаддам ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни келтириб чиқариши мумкин бўлган шартларни бартараф этиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг ажралмас қисми бўлган ва шундай бўлиб қолади. Албатта, ҳеч ким жазоланмаслик ҳиссини туймаслиги керак – ноқонуний фаолият сари интилувчилар, профилактика чораларини писанд қилмаганлар жазога тортилиши шарт ва шундай бўлади ҳам.

 

Назариядан амалиётга

 

Биз ҳодисалардан олдинга ўтиб кетмоқчи эмасмиз. Президент Фармонида эълон қилинган қоидаларнинг катта қисми мамлакатимизнинг амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар тарзида   ўз аксини топиши керак. Натижаларни эса ўшанда сарҳисоб қиламиз.

 

Ҳозирча эса фақат бир нарсани аниқ айтиш мумкин: энг муҳим масала – қабул қилинган қарорлар маъно-мазмунининг янглиш тушунилишига йўл қўймаслик. Ҳуқуқларни амалиётга татбиқ этиш амалиёти қонун руҳиятига тўла мос келиши лозим.

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз

 




1Ўзбекистон Республикасининг 24.12.1998 йилдаги 717-I-сон «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуни

 

2Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 05.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон Қарори.

 

Мавзу бўйича материаллар:

 

Тадбиркорларни режадан ташқари ва муқобил текширишлар  бекор қилинади

 

Бизнес-омбудсман: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар амалиёти

 

 

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 982