Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Коллежлар битирувчилари микрокредит оладилар

10.02.2016

Марказий банк Бошқарувининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 3 февралда 2758-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Белгиланишича, банклар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ёхуд юридик шахс устав фондида 50 фоиз ёки ундан ортиқ акцияга (улушга) эга бўлган Ўзбекистон касб-ҳунар коллежларида ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган битирувчиларга (кейинги ўринларда – қарз олувчи) миллий валютадаги микрокредитларни беради.

 

Ҳужжатга кўра, «Микрокредитбанк» АТБ ва давлат мақсадли жамғармалари кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли микрокредитлар бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

Микрокредитлар қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, қуйидаги миқдорларда берилади:

 

юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган қарз олувчиларга – 200 ЭКИҲгача;

 

юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган қарз олувчиларга – 300 ЭКИҲгача.

 

Микрокредитлар қарз олувчининг кредит ажратилаётган лойиҳаси ўзини-ўзи қоплаши ҳисобга олинган ҳолда қуйидаги муддатларга берилади:

 

12 ойгача – дастлабки капитални шакллантириш ва инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишга;

 

2 йилгача – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш учун айланма маблағларини тўлдириш ва асбоб-ускуналар сотиб олишга;

 

3 йилдан ортиқ – инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга.

 

Ҳужжатда микрокредитлар бериладиган мақсадларнинг батафсил рўйхати ва уларни сўндиришнинг имтиёзли даври кўрсатилган. Бунда имтиёзли даврни шартномага асосан узайтиришнинг мумкинлиги назарда тутилган.

 

Микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган даражасида белгиланади. Банкнинг имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан микрокредитлар ажратилган тақдирда фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизини ташкил этади. Фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин. Бунда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси оширилган тақдирда шартномада кўрсатилган фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолдирилади.

 

Зарар кўриб ишлаётган, ноликвид балансга эга бўлган қарз олувчиларга микрокредитлар берилмайди, илгари берилган микрокредитлар бўйича эса муддатидан олдин ундириб олиш чоралари кўрилади.

 

Қарз олувчи микрокредит олиш учун банкка буюртма (шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда) тақдим этади. Буюртмага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

 

қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул тушумлари прогнози кўрсатилган бизнес-режа;

 

қарз олувчининг охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл) (янги ташкил этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно);

 

касб-ҳунар коллежи дипломининг нотариал тасдиқланган нусхаси;

 

кредит таъминоти турларидан бири.

 

Банк 3 иш куни ичида буюртмани кўриб чиқади ва микрокредит бериш ёки микрокредит беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда банк ва қарз олувчи ўртасида шартнома тузилиб, маблағларни ўтказиш учун қарз олувчига ссуда ҳисобварағи очилади.

 

Банк қарз олувчининг шартнома шартларини бажариши учун ёрдам кўрсатиш мақсадида микрокредитдан фойдаланиш муддати давомида доимий мониторинг ўтказади.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 8 февралдаги 5-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.