Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Магистрантлар томонидан стажировкани ўташ тартиби тасдиқланди

05.12.2015

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 26 ноябрда 2734-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Олий таълим муассасалари магистратура мутахассисликлари талабалари томонидан стажировкани ўташ тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси;

 

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси;

 

Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази;

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган ва магистрлар тайёрлашни амалга ошираётган халқаро ва хорижий олий таълим муассасалари;

 

юридик таълим муассасалари.

 

Белгиланишича, стажировка магистратура талабасининг (кейинги ўринларда – магистрант) илмий-тадқиқот ишлари тақозо этганда индивидуал илмий изланиш ва тажриба-синовларни ўтказиш мақсадида ташкил этилади. Магистрант стажировкани ишлаб чиқаришда, илмий-тадқиқот муассасасида ёки хорижда ўташи мумкин.

 

Магистрант стажировка ўташга биринчи семестрни (биринчи курсни) муваффақиятли тугатгандан сўнг юборилади. Магистрант ёзги таътил даврида стажировка ўташ учун юборилиши мумкин. Стажировка режалаштирилаётганда унинг якуний давлат аттестацияси бошланишига 2 ой қолгунга қадар якунланиши ҳисобга олиниши лозим.

 

Стажировканинг узлуксиз давомийлиги 3 ойдан ошмаслиги керак.

 

Стажировка ўташ даврида магистрантнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

 

Ўрнатилишича, олий таълим муассасаси (кейинги ўринларда – ОТМ) кенгаши магистрантнинг илмий раҳбари тавсиясига кўра магистрантни стажировка ўташга юбориш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

 

Стажировка ўташ учун юборишда магистрантнинг қабул қилувчи ташкилот томонидан турар жой билан таъминлаш имконияти ҳисобга олинади. Стажировка ОТМ жойлашган ҳудуддан ташқарида ёки хорижда ўтказилганда стажировкага бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади (мазкур харажатлар қабул қилувчи ташкилот томонидан қопланиши кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно).

 

Стажировка ОТМ билан қабул қилувчи ташкилот ўртасида стажировкани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган шартномалар асосида амалга оширилади (стажировкани хорижда ўташ ҳоллари бундан мустасно).

 

Магистрант хорижда стажировка ўташ учун ОТМнинг халқаро алоқалар билан шуғулланувчи бўлимига қабул қилувчи ташкилотдан олинган расмий таклифномани, у билан тузилган ёзма равишдаги шартномани илова қилган ҳолда мурожаат этади.

 

Хорижда стажировка ўташ учун магистрант:

 

қабул қилувчи ташкилот жойлашган давлат тилини ёки шартномада кўрсатилган чет тилини билиши;

 

стажировка бошланишидан камида 3 ой олдин четга чиқиш бўйича тегишли ҳужжатларини тайёрлаши;

 

стажировка бошланишидан камида бир ой олдин стажировка ўташ дастурини бажариш бўйича режа-жадвални қабул қилувчи ташкилот билан келишиши лозим.

 

Хорижда стажировка ўташ учун қабул қилувчи ташкилот билан тузиладиган шартномада магистрантнинг ташкилот жойлашган давлатдаги турар жойи, яшаши ва йўл харажатлари миқдори, манбалари ҳамда улар ким томонидан қопланиши ва бошқа муҳим шартлар кўрсатилиши зарур.

 

Магистрант ҳомий ташкилот маблағлари ҳисобидан хорижда стажировка ўташи мумкин.

 

Белгиланишича, ОТМдан стажировка раҳбари стажировка давомида магистрант томонидан стажировка дастурининг ўз вақтида бажарилишини назорат қилади. Стажировка назорати электрон равишда ёки бошқа телекоммуникация воситалари (телефон, факс ва бошқа воситалар) орқали амалга оширилиши мумкин.

 

Қабул қилувчи ташкилот раҳбари стажировкани ташкил этиш бўйича буйруқ чиқаради, тажрибали мутахассислар орасидан стажировка раҳбарини тайинлайди. Қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари магистрантдан стажировка дастури билан боғлиқ бўлмаган топшириқларни бажаришни талаб этишга ҳақли эмас.

 

Стажировка ўташ жараёнида магистрант томонидан стажировка кундалиги юритилади. Стажировка кундалиги ОТМдан стажировка раҳбари томонидан стажировка бошланишидан олдин бепул берилади. Стажировка ўташ даврида амалга оширилган ишлар стажировка дастурига мувофиқ стажировка кундалигига ёзиб борилади ва қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари томонидан имзолаб борилади.

 

Стажировка ўташнинг нормал кунлик давомийлиги 6 соатни ташкил этади.

 

Стажировканинг охирги куни қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари стажировка кундалигида стажировка ўташ натижаларини хулоса тарзида баён этади ва имзолайди.

 

Қабул қилувчи ташкилот раҳбарияти томонидан стажировка ўтаган магистрантга унинг илтимосига кўра ёзма равишда тавсифнома берилиши мумкин.

 

Стажировка ўташнинг тайёрлов босқичида (стажировка ўташнинг биринчи куни) қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари магистрантни ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари, стажировка ўташнинг талаб ва шартлари, ташкилотнинг ташкилий тузилмаси, функциялари, фаолият йўналишлари билан таништиради. Мазкур босқичда магистрант қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари билан келишган ҳолда стажировка ўташ дастурини бажариш бўйича режа-жадвал тузади.

 

Стажировка ўташнинг асосий босқичида магистрант стажировка ўташ дастурини бажариш бўйича режа-жадвалда назарда тутилган ишларни бажаради.

 

Стажировка ўташнинг якуний босқичида стажировка бўйича ҳисобот ҳимоя қилинади. Магистрант стажировка ўтаб бўлгандан сўнг стажировка бўйича ёзма равишда ҳисобот тайёрлайди. Ҳисобот ҳимояси стажировка якунлангандан сўнг бир ой ичида ОТМда ташкил этилади.

 

Ҳисобот ҳимояси ўтказилгунга қадар ҳисобот дастлаб мутахассислик кафедраси йиғилишида ҳимоя қилинади. Ҳимоя якунлари бўйича мутахассислик кафедраси томонидан ёзма равишда хулоса берилади.

 

Шунингдек ҳисобот ҳимояси ўтказилишидан камида 5 кун олдин магистрант ОТМдаги стажировка раҳбарига стажировка якуни бўйича қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 

стажировка бўйича ҳисобот;

 

стажировка кундалиги;

 

стажировка ўташ вақтида тўпланган материаллар йиғмажилди.

 

ОТМдан стажировка раҳбари тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб, стажировка ўташ натижаларини хулоса тарзида баён этади ва имзолайди.

 

Ҳисобот ҳимояси натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади ва шу куннинг ўзида магистрантга эълон қилинади.

 

Магистрант ҳисоботни илмий конфренцияларда маъруза қилса ва мазкур маъруза муҳокама натижаларига кўра ижобий баҳоланса, шунингдек илмий мақола сифатида илмий нашрларда чоп эттирса, у ҳисоботни расмий ҳимоя қилган ҳисобланади. Бунда ҳисоботни ОТМда ҳимоя қилиш талаб этилмайди ҳамда у маъруза ва мақоланинг сифатига қараб баҳоланади.

 

Стажировка бўйича қўйилган балл фанлар бўйича қўйиладиган балларга тенглаштирилади ва умумий ўзлаштириш якунларини чиқаришда инобатга олинади.

 

Стажировка якунлари бўйича қониқарсиз баҳо қўйилганда, магистрант ҳисоботни бир ой ичида қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Қайта ҳимоя қилиш якунлари бўйича қониқарсиз баҳо қўйилганда, шунингдек стажировка узрли сабабларсиз ўталмаганда магистрант академик қарздор деб ҳисобланади ва талабалар сафидан четлаштирилади.

 

Магистрант стажировкани узрли сабабларсиз ўтамаганда стажировка ўташ билан боғлиқ барча харажатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.

 

Магистрантнинг оғир касаллиги, фавқулодда ҳолатлар (яқин қариндошининг вафот этганлиги ёки унинг оиласига жиддий моддий, маънавий зарар етказган воқеа ва шу каби бошқа ҳолатлар) юз берганлиги сабабли стажировка ўташга бора олмаганлиги ёки стажировка дастурини тўлиқ якунлай олмаганлиги узрли ҳолатлар деб топилади. Бунда магистрант ушбу ҳолатлар юз берганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

 

Юқоридагилардан ташқари, стажировка натижалари бўйича магистрант стажировка якунланган кундан бошлаб 3 кун ичида ОТМ бухгалтериясига стажировка давомида қилинган мақсадли харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (бориш-келиш йўл харажатлари чипталари, турар жой (меҳмонхона) тўловлари квитанциялари ва бошқа ҳужжатлар) илова қилинган ҳолда харажатлар ҳақида ҳисобот тақдим этади.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 30 ноябрдаги 47-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.