Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Маъмурий қамоқ қандай ўталади?

11.01.2017

9.01.2017 йилдаги ЎРҚ–420-сон «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди. Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб 24 ой ўтгандан кейин кучга киради.

Тушунчалар ва асослар

 

Маъмурий қамоққа олиш — маъмурий жазо тури бўлиб, у шахсни жамиятдан вақтинча ажратиб қўйиш шароитларида сақлашдан иборат. У 3 суткадан 15 суткагача бўлган муддатга, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун 30 суткагача бўлган муддатга қўлланилади.

 

Туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, шунингдек ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори маъмурий қамоқни ўташ учун асос бўлади.

 

Қонун билан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, махсус қабулхоналарнинг маъмурияти ва ходимлари ҳамда уларнинг ички тартиби қоидалари тартибга солинади.

 

Ўташ жойи

 

Белгиланишича, маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарнинг умумий камераларига ёки бир кишилик камераларига жойлаштирилади. Камераларда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 кв.метрни, аёллар учун эса камида 3 кв.метрни ташкил этади. Юқумли касалликларга чалинган беморлар сақланадиган камераларда бир кишига тўғри келадиган майдон 4 кв.метрдан кам бўлмаслиги керак.

 

Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Маъмурий қамоққа олинган шахсларга ўзининг кийим-боши, пойабзали ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланишга ҳам рухсат берилган.

 

Маъмурий қамоққа олинган барча шахслар учун шахсий хавфсизлиги таъминланади. Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимлари маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан дарҳол чоралар кўриши шарт.

 

Жумладан, кўрсатилган мақсадларда назорат ва текширувнинг аудиовизуал, электрон воситаларидан ва бошқа техник воситаларидан фойдаланилади. Улардан фойдаланишнинг аниқ рўйхати ва тартибини Ички ишлар вазирлиги белгилайди.

 

Меҳнатга жалб этиш

 

Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларига маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ёзма розилигига кўра уларни ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб этиш ҳуқуқи берилган (меҳнатга қобилиятсиз шахслар бундан мустасно). Бунда уларга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан — Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаган ҳақ тўланиши лозим.

 

Давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаган махсус қабулхона хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек ички ишлар органи ёки махсус қабулхона ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ бўлган ишларга ҳақ тўланмайди. Қуйидагилар уларни бажариш шартлари қилиб белгиланган: маъмурий қамоққа олинган шахснинг розилиги, унинг соғлиғи ва навбат тартиби.

 

Кимга жисмоний куч ишлатилади ёки махсус  воситалар қўлланади?

 

Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг жиноятлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларига барҳам бериш мақсадида, шунингдек уларнинг махсус қабулхона ходимларининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатишини бартараф этиш учун, агар қонуний талабларнинг улар томонидан бажарилишини жисмоний куч ишлатмай, бошқа усуллар билан таъминлашнинг иложи бўлмаса, уларга нисбатан жисмоний куч ишлатилиши мумкин.

 

Бундан ташқари, махсус қабулхоналар ходимлари махсус воситалар — тинчлантириш кўйлаклари, резина таёқлар, қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари, кўздан ёш оқизувчи моддалар, чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари, хоналарни очиш мосламалари ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа воситаларни қўллашга ҳақли.

 

Бироқ улар фақат қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

 

  • маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона ходимларига, маъмурий қамоққа олинган бошқа шахсларга ва ўзга шахсларга ҳужумини даф этишда;
  • маъмурий қамоққа олинган шахслар томонидан содир этилган оммавий тартибсизликларга, жамоат тартибини гуруҳ бўлиб бузишларга барҳам беришда;
  • махсус қабулхона ходимларига ашаддий тарзда бўйсунмаётган ёки қаршилик кўрсатаётган ҳуқуқбузарларни ушлашда;
  • махсус қабулхонадан қочган маъмурий қамоққа олинган шахсларни ушлашда;
  • маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонадан қочишининг олдини олиш учун қўриқлаб туришда.

 

Сақлаш харажатларини ундириш  

 

Қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар судьянинг (фавқулодда ҳолат режими шароитларида шунингдек ҳарбий комендантнинг ёки ИИБ бошлиғининг) қарорига кўра суткасига ЭКИҲнинг 15 %и миқдорида ундирилади.

 

Шахс маъмурий қамоқни ўташи вақтида ишлаган ва шу тариқа харажатларнинг ўрнини қоплаган ҳолларда ундан харажатлар ундириб олинмайди. Меҳнатга қобилиятсиз шахслар ҳам бу харажатларнинг ундирилишидан озод қилинади

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.



 

Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.

 

 

 

Курс валют

2017-10-17
  • USD:8058.77 (+6.69) сум
  • EUR:9515.80 (+65.07) сум
  • RUB:140.84 (+2.32) сум