Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Назорат тартибида иш юритиш – таслим бўлиш истаги бўлмаганда

21.11.2016

Ҳеч қачон таслим бўлма! – бу кўп одамларга ҳаётда ўз мақсадига эришишда ёрдам берувчи шиор. Назорат инстанциясида суд ишини юритиш айнан ҳеч нарсага қарамасдан, охиригача боришга қарор қилганлар учун. Ушбу мақолада назорат тартибида ишларни қайта кўриб чиқиш ва бу соҳадаги янгиликлар ҳақида сўз юритамиз.

Назарий жиҳатдан олиб қараганда ҳар қандай фуқаролик, хўжалик ёки жиноий ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик иши судларда бир нечта босқичда кўриб чиқилиши мумкин. Назорат тартибида иш юритишни тушуниш учун аввал уни кўриб чиқамиз.

 

Биринчи босқич – биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриб чиқиш.

 

Биринчи инстанция суди – бу албатта энг қуйи даражадаги суд муассасаси дегани эмас. У суд иши илк маротаба кўриб чиқилаётган суддир. Масалан, ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам биринчи инстанция суди бўлиши мумкин. Ҳаммаси ишнинг муҳимлик даражасига боғлиқ (ишнинг судга тегишлилиги юзасидан ФПК 14-боби, ЖПК 48-бобиХПК 3-боби, МЖтКнинг XVIII ва XXII бобларига қаранг).

 

Биринчи инстанция судида суд низоси тарафлари иш юзасидан илк маротаба учрашишади ва суд улар келтирган далил ва исботлар асосида судлашувни мазмунан ҳал этади ва ўз қарорини чиқаради (жиноий ишлар бўйича – ҳукм, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича – қарор)1.

 

Иккинчи босқич – бирорта тарафнинг шикояти ёки прокурор протестига кўра юқори суд томонидан апелляция ёки кассация тартибида қарор (ҳукм)нинг қайта кўриб чиқилиши. Уни ўзига хос иккинчи раунд деса бўлади.

 

Бу ерда шуни инобатга олиш жоизки, биринчи инстанция судининг қарори дарҳол эмас, муайян вақтдан сўнг кучга киради. Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг қарорлари учун – 20 кун, жиноий ишлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича– 10 сутка, хўжалик ишлари бўйича – 1 ой. Уни қайта кўриб чиқиш тури  суд қарори кучга кирган ёки кирмаганлигига боғлиқ.

 

Демак, Апелляция тартибида иш юритиш – бу суднинг ҳали қонуний кучга кирмаган қарор (ҳукм)ларини суд муҳокамасини тўлиқ такроран ўтказиш орқали қайта кўриб чиқишдир. 

 

Кассация тартибида иш юритиш – бу қонуний кучга кириб бўлган қарор (ҳукм)ларнинг суд муҳокамасини қисман такроран ўтказиш орқали қайта кўриб чиқишдир.

 

Қайд қиламизки, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритишда апелляция кўзда тутилмаган. Ушбу соҳада қонуний кучга кирмаган қарорлар кассация тартибида қайта кўриб чиқилади. Маъмурий судлов ишларини юритишнинг ўзига хосликлари ва муаммолари ҳақида бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин.

 

Фуқаролик ёки жиноий суд иш юритувида иш ё апелляция ёхуд кассацияда кўриб чиқилиши мумкин. Яъни, тарафлар ёки прокурор улардан бирини танлаб олиши зарур. Бизнес учун эса қўшимча имкониятлар мавжуд – апелляция бўйича хўжалик судида кўриб чиқилган иш кейинчалик кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин. Яъни реванш олиш учун яна бир имконият туғилади.

 

Учинчи босқич – қарорларни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш. Жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда назорат тартибида иш юритиш фақат апелляция ёки кассация бўйича иш кўрилганидан кейин бошланиши мумкин. Фуқаролик ва хўжалик суд иш юритувида бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Аммо кўпинча иккинчи инстанция судида иш кўрилганидан кейин иш назорат тартибида қайта кўриб чиқилади. Шу тариқа, бу босқични ўзига хос учинчи раунд деб аташ мумкин.

 

Унинг энг муҳим ўзига хос жиҳати шундаки, тарафлар ишни янгитдан қайта кўриб чиқиш учун ўзлари ташаббус кўрсатишга ҳақли эмас. Буни фақат судлар ва прокуратуранинг ваколатли мансабдор шахслари ўз протестларини келтириш орқали қилишга ҳақли.

 

Тарафлар фақат назорат тартибида ушбу ваколатли шахсларга шикоят топшириши мумкин, протест киритиш ёки киритмасликни эса уларнинг ўзлари ҳал қилишади.

 

Масалан, ҳозирги кунда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича назорат тартибидаги протестларни нафақат Олий суд раиси, унинг ўринбосарлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори, балки Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича  Олий судлари раислари, Ҳарбий суд раиси, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари, Ҳарбий ва Транспорт прокурорлари ҳам келтириши мумкин.

 

Ким, қандай қарорларга протест келтириш ҳуқуқига эгалиги тўғрисида  ФПКнинг 349-моддасиХПКнинг 193-моддасиЖПКнинг 511-моддаси, ҳамда «Судлар тўғрисида»ги ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунлардан батафсил билиб олишингиз мумкин.

 

Назорат тартибидаги протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар сонининг кўплиги қайсидир даражада судьяларнинг мустақиллигини чеклайди. Чунки қандайдир ишни қайта текширувчи ва назорат қилувчи шахс бу ишларни бажарувчи шахсга нисбатан муқаррар таъсир ўтказишга эга бўлади. Бундан ташқари, бу қуйи даражада қабул қилинаётган қарорларнинг олий суд инстанциялари ва Бош прокуратура раҳбарияти томонидан назорат этилиши шиддатини камайтиради, чунки буларнинг аксариятини бўйсинувчилар назорат қилади.

 

Таъкидлаш жоизки, ваколатли мансабдор шахсларнинг протест келтириш муддатлари чекланган:

 

  • хўжалик ва фуқаролик суд иш юритувида – қарор қонуний кучга кирган  кундан бошлаб 3 йил;
  • жиноий ва маъмурий суд иш юритувида – маҳкум (оқланган) ёки маъмурий жавобгарликка тортилган шахснинг аҳволини оғирлаштириш сўралганда 1 йил, уни яхшилаш сўралганда эса – чегараланмаган.

 

Агар жиноят ва маъмурий ишлар бўйича одамнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш зарурати назорат тартибидаги протест билдиришнинг мавжуд муддатларини оқласа, хўжалик ва фуқаролик суд иш юритувидаги белгиланган уч йиллик муддат эса ишнинг суд бўйлаб йиллар мобайнида сарсон бўлишига олиб келади. Ишда иштирок этиш учун янгидан-янги шахсларнинг жалб этилиши эса вазиятни янада оғирлаштиради.

 

Олайлик, бирор кимса суд бўйича хонадонга мулк ҳуқуқини қўлга киритди дейлик. Бозор иқтисодиёти шароитларида ушбу турар жой бир неча маротаба қайта сотилиши мумкин. Орадан 3 йил ўтиб, назорат инстанциясидаги суд қуйи суд қарорини бекор қилади. Қарздорликлар занжири келиб чиқади. Хонадоннинг ҳеч нарсадан хабари йўқ янги соҳиби ўз мулкидан мосуво бўлади ва у назорат инстанциясида судни ютган шахсга ўтади. Уй-жой майдонини қайта сотган шахс эса (назорат инстанциясида ишни ютқизган шахс) виждонли сотиб олувчига (баъзида улар 2, 3, ёки ундан ҳам кўп бўлади) унинг пулини қайтариши керак. Аммо пул аллақачон ҳеч кимда қолмаган. Шу ерда иш ўз якунига етиши мумкин ва иш янгидан судда кўришга қайтарилган тақдирда у бир неча марта назорат тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Қанча фуқаро амалда зарар кўришини фараз қилиш қийин эмас.

 

Бундай чалкашликнинг  эҳтимоли мавжуд, жумладан назорат тартибида ишни кўриб чиқувчи инстанцияларнинг сероб экани боис. Масалан, Олий суд Пленуми – олий суд бўлинмаси бўлиш билан бирга ҳам назорат инстанцияси  саналади. Аммо унинг ваколатларининг ўзига хослиги шундаки, жумладан у ўзининг қарорлари бўйича ҳам назорат инстанцияси ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, ҳатто у ҳар доим ҳам суд низосига нуқта қўймай туриб, ўз қарорларини ўзи бекор қилиши мумкин.

 

Шу билан бирга, жамият суд ҳокимиятидан қарорларнинг тез, холисона ва адолатли ҳал этилишини кутади. Бунинг акси бўладиган бўлса, унинг фаолиятининг  асосий мақсадига эришилмай қолади.

 

Амалиётда вужудга келаётган муаммоларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2016 йилдаги ПФ–4850-сон «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида вилоят миқёсидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтини тугатиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатларини бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари,  фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинади.

 

Илмий доиралар ва амалиётчи юристлар бу қарорни анчадан бери кутишган эди, юқорида таърифланган муаммолардан келиб чиқсак, унинг ниҳоятда зарурлиги шубҳасиздир. Шу боис кейинчалик суд-ҳуқуқ ислоҳотини ўтказишнинг устувор мақсади сифатида оддий фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун жуда муҳим бўлган йўналиш белгилаб берилди.

 

Самир Латипов,

экспертимиз 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Апелляция хўжалик судлари нима учун керак?

 

Судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллаши мумкин

 


1 Таъкидлаш лозимки, ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича судлар томонидан иш юритишни тугатиш, аризани кўрмасдан қолдириш, ишни қўшимча тергов юритишга қайтариш тўғрисида ажримлар чиқарилиши мумкин. Мазкур қарорлар юқори инстанцияларга шикоят қилиниши ва протест келтирилиши мумкин.

 

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 968