Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Ногирон болани махсус муассасага ўтказиш тартиби тасдиқланди

16.02.2016

Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг қўшма қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 10 февралда 2763-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчиларни ихтисослаштирилган таълим муассасасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Белгиланишича, ўқувчиларни жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларидан (кейинги ўринларда – мактаб-интернат) Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасасига (кейинги ўринларда – даволаш-профилактика муассасаси*) ёки Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги муассасасига (кейинги ўринларда «Мурувват» интернат уйи**) ўтказиш мактаб-интернат педагогик кенгашининг қарорига асосан, халқ таълими ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига кўра, ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан ҳамда бепул амалга оширилади.

 

Ўқувчиларни мактаб-интернатдан даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш

 

Ўқувчининг ота-онаси ва мактаб-интернат раҳбарияти тиббий-ижтимоий реабилитацияга муҳтож ўқувчини ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг даволаш-профилактика муассасасига вақтинчалик ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

 

Ўқувчини ўтказиш учун унинг ота-онаси мактаб-интернат директорига ариза (ўтказиш сабабларини, даволаш-профилактика муассасаси номини кўрсатган ҳолда) билан мурожаат қилади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

 

боланинг ривожланиш тарихидан кўчирма;

 

даволовчи шифокорнинг ўқувчини ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси.

 

Мактаб-интернатнинг педагогик кенгаши ота-онанинг аризасини кўриб чиқади ва у бўйича қарор қабул қилади. Ушбу қарорга асосан, мактаб-интернат директори тегишли психологик-тиббий-педагогик комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 

боланинг ривожланиш тарихидан кўчирма ва даволовчи шифокорнинг ўқувчини ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси;

 

мактаб-интернат тиббиёт ходимининг ўқувчини ўтказиш тўғрисидаги тавсияномаси;

 

ўқувчининг физиологик ва жисмоний ҳолатида салбий ўзгаришлар аниқланганлиги ҳақида тиббий кўрикдан ўтказган шифокорнинг хулосаси.

 

Тақдим этилган ҳужжатлар психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан Болаларни ихтисослаштирилган муассасаларга (мактаб, мактаб интернатларга) юбориш бўйича психологик-тиббий-педагогик комиссиялар тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2519, 2013 йил 24 октябрь) мувофиқ кўриб чиқилади.

 

Ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига қабул қилиш учун ота-она ёки мактаб-интернат раҳбарияти қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 

психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси;

 

мактаб-интернат томонидан берилган ўқувчи таълим олаётган синф кўрсатилган маълумотнома;

 

мактаб-интернат томонидан берилган психологик-педагогик тавсифнома.

 

Ўқувчи даволаш-профилактика муассасасига қабул қилингач, унга касаллик тарихи очилади. Даволаш-профилактика муассасаси шу куннинг ўзида ўқувчининг ота-онасига ва мактаб-интернатга ўқувчининг қабул қилинганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этади.

 

Даволаниш муддати тугаганидан сўнг ўқувчининг ота-онасига ёки мактаб-интернатга синф журналидан кўчирилган баҳолаш қайдномаси (даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг имзоси ва муҳри билан) ҳамда ўқувчининг даволанганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

 

Ўқувчиларни мактаб-интернатдан «Мурувват» интернат уйига ўтказиш

 

Ўқувчининг ота-онаси ва мактаб-интернат раҳбарияти доимий тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож ногирон ўқувчини «Мурувват» интернат уйига ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

 

Ўқувчини ўтказиш учун унинг ота-онаси мактаб-интернат директорига ариза (ўтказиш сабабларини, «Мурувват» интернат уйи номини кўрсатган ҳолда) билан мурожаат қилади.

 

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

 

боланинг ривожланиш тарихидан кўчирма;

 

даволовчи шифокорнинг ўқувчини ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси.

 

Мактаб-интернатнинг педагогик кенгаши ота-онанинг аризасини кўриб чиқади ва у бўйича қарор қабул қилади. Ушбу қарорга асосан, мактаб-интернат директори тегишли психологик-тиббий-педагогик комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 

боланинг ривожланиш тарихидан кўчирма ва даволовчи шифокорнинг ўқувчини ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси;

 

мактаб-интернат тиббиёт ва педагогик ходимларининг ўқувчини ўтказиш тўғрисидаги тавсияномаси;

 

ўқувчининг физиологик ва жисмоний ҳолатида салбий ўзгаришлар аниқланганлиги ҳақида тиббий кўрикдан ўтказган шифокорнинг хулосаси.

 

Психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига асосан, мактаб-интернат директори ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ушбу буйруқ чиқарилгач, 3 кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.

 

Ўқувчини «Мурувват» интернат уйига ўтказиш учун мактаб-интернат раҳбарияти ўқувчининг ота-онасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 

ўқувчининг ўқувчилар сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

 

ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;

 

ўқувчининг тиббий картаси;

 

мактаб-интернат томонидан берилган психологик-педагогик тавсифнома.

 

Ўқувчини «Мурувват» интернат уйига қабул қилиш «Мурувват» ногирон болалар учун интернат уйлари тўғрисидаги низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 15 февралдаги 6-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

__________

* Руҳий ва асаб тизими касалликлари ва уларнинг асоратлари, сил касаллигининг барча турлари ва даврларида даволаниш учун мўлжалланган шифохоналар ҳамда барча турдаги болалар санаторийлари.

 

** Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 4 ёшдан 18 ёшгача ногирон болалар учун давлат тиббий-ижтимоий муассасаси.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.