Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби ўзгарди

30.12.2015

Адлия вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 22 декабрда 2090-10-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

 

Белгиланишича, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати бўйича мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда ижарага берилаётган мулк давлат рўйхатидан ўтказиладиган мулк бўлса, нотариус шу куннинг ўзида тегишли нотариал идорадан мулкнинг бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотномани олиши лозим. Бунда ушбу маълумотнома олинганлиги учун тўлов ундириш тақиқланади. Илгари нотариус бундай маълумотномани фақат тадбиркорлик субъектлари мурожаат этганда мустақил равишда оларди.

 

Илгари мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариус ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида тузилган мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасини тақдим этишни талаб қиларди. Эндиликда бунинг ўрнига нотариус мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида ижарага бериш зарурлигини тарафларга тушунтиради ҳамда бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилади.

 

Бундан ташқари, васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк бир йилдан ортиқ муддатга ижарага берилганда, нотариусга васийлик ва ҳомийлик органларининг розилигини тақдим этиш талаб қилинарди. Эндиликда уларнинг розилиги бундай мол-мулкни ижарага беришнинг муддатидан қатъи назар талаб этилади.

 

Шунингдек ўрнатилишича, мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариусга кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилдини (илгари - кўчмас мулкнинг ижарага берувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси ва Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) тақдим этиш зарур.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 28 декабрдаги 51-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.