Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

ОХС Пленуми: давлат органининг қарорини қандай қилиб ҳақиқий эмас деб топиш мумкин?

28.07.2016

Олий хўжалик суди Пленумининг 17.06.2016 йилдаги 298-сон қарорида давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари юзасидан тушунтириш берилган.

Қарор билан ҳужжатда қўлланиладиган, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахс, қонунга хилоф ҳаракатлар, қонунга хилоф ҳаракатсизлик, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари каби асосий атамаларнинг маънолари тушунтириб берилган.

 

Ҳужжат билан аниқлик киритилишича, агар низо иқтисодиёт соҳасидан келиб чиққан ва уни ҳал этиш қонун ҳужжатлари билан бошқа давлат органининг ваколатига киритилмаган бўлса, кўрсатилган ишлар тоифалари хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилади.

 

Бунда халқаро ташкилотнинг ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органи мансабдор шахсларининг қарорлари ҳамда ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан низолашиш, агар бундай қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қоидаларидан келиб чиқса, хўжалик суди судловига тааллуқли эмас.

 

Хусусан, хўжалик суди қуйидагиларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни кўриб чиқмайди:

 

дастлабки тергов органининг мол-мулкларга банд солиш юзасидан қабул қилган қарорини;

 

молия-хўжалик фаолияти бўйича ҳужжатли тафтиш тайинлаш юзасидан қабул қилинган қарорни;

 

назорат қилувчи органнинг хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини;

 

текшириш натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатномаларни (товарларни ва ҳужжатларни вақтинча олиб қўйиш тўғрисидаги далолатномаларни, маълумотномаларни, хулосаларни, баённомаларни ва ҳоказоларни);

 

мансабдор шахсларнинг берган топшириқларини (оғзаки ёки ёзма кўрсатмаларини, хатларини);

 

бирон-бир ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайдиган бошқа ҳужжатларни (масалан, ер участкасини танлаш далолатномасини, хулосасини, суд ижрочисининг мулкни кўздан кечириш далолатномасини ва ҳоказоларни).

 

Шунингдек хўжалик судлари қуйидаги талабларни қондиришга ҳақли эмас:

 

давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ноқонуний (қонунга хилоф), қонуний деб топиш ҳақидаги;

 

мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш ҳақидаги.

 

Даъво муддати хусусида қарор билан қуйидагилар аниқлаштирилган:

 

давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар бўйича фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган даъво муддати қўлланилмайди, қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно;

 

маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларида махсус даъво муддати белгиланган бўлса, фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган даъво муддати эмас, балки ушбу муддат қўлланилади. Маъмурий-ҳуқуқий муносабатни тартибга солувчи қонун ҳужжатида белгиланган даъво муддатининг ўтганлиги билдирилган талабни қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади;

 

фуқаровий-ҳуқуқий оқибатлар вужудга келтирувчи давлат органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топишда Фуқаролик кодексида назарда тутилган даъво муддати қўлланилади.

 

Ҳужжатда қайд этилганидек, судлар давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ўзининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни ҳақли равишда рад этадилар. Мулк ҳуқуқини белгилайдиган ҳужжатлар бундан мустасно.

 

Давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризада ХПК 112-моддасининг 2 ва 3-қисмларида назарда тутилган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотлар кўрсатилади.

 

Аризада қабул қилинган ҳужжат туфайли аризачига етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб ҳам кўрсатилиши мумкин.

 

Аризага ХПК 114-моддасининг 1 ва 2-қисмларида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек низолашилаётган ҳужжат нусхаси илова қилинади.

 

Низо спецификасидан келиб чиққан ҳолда мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризада алоҳида маълумотлар ҳам кўрсатилган бўлиши керак.

 

Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилинганда, аризада жавобгар сифатида мансабдор шахс эмас, балки тегишли давлат органи кўрсатилади. Акс ҳолда аризани қабул қилиш рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш тугатилади.

 

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби мажбурий ҳисобланмайди.

 

Ҳужжатда аниқлаштирилишича, ҳужжат бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилишидан қатъи назар, давлат божи жавобгардан ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида ундирилади. Мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги аризалар бўйича ундириладиган давлат божи ҳам худди шу миқдорни ташкил этади.

 

Қарорда солиқ органларининг қарорларини (26–26.2-бандлар), монополияга қарши орган (27-банд) ва Суд департаменти органларининг ҳужжатларини (29-банд) ҳақиқий эмас деб топиш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларига ҳам тушунтириш берилган.

 

Умуман олганда бу тоифадаги низоларни кўриш қуйидаги ўзига хос хусусиятлари билан тавсифланади:

 

давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жавобгар сифатида қатнашадилар;

 

ишларни кўриш муддатлари қисқартирилган (аризани иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда);

 

низолашилаётган ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти уларни қабул қилган давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган;

 

ҳужжатнинг (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб, мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган тақдирда ижро варақаси берилмайди, зарарларни ҳамда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини (почта харажатлари, экспертизани ўтказиш харажатлари, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа харажатларни) ундириш ҳоллари бундан мустасно;

 

суднинг ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилиши шарт ва ҳоказо.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.


Олег Заманов,

 экспертимиз.