Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Тадбиркорларни режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинади

06.10.2016

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармони эълон қилинди.

 

Аралашувни қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш

 

Ҳужжат давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб қуйидагиларни белгилаб берди:

 

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш,

 

- уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш,

 

- ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик.

 

Давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойили асосида юқоридаги талабларни сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш топширилди.

 

Норматив базани мустаҳкамлаш

 

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини таъминлаш соҳасида Дастурда бир қатор қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилади, шу жумладан:

 

  • “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун (ноябрь 2016 й.);

 

  • «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (омбудсман) тўғрисида»ги Қонун (I чорак 2017 й.);

 

  • «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун (II чорак 2017 й.);

 

  • «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун (II чорак 2017 й.);

 

  •  «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонун (III квартал 2017 г.).

 

 

Судлар ролини ошириш

 

Дастурда тадбиркорлик субъектларига ва уларнинг ходимларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги вазифа ва ваколатларни босқичма-босқич назорат қилувчи органлардан суд органларига ўтказиш режалаштирилган.

 

Хўжалик судлари тизимига, қабул қилинган қарорларнинг веб-сайтларда эълон қилинишини, ҳакамлар суди қарорларини мажбурий ижро этишга ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза беришда тадбиркорлик субъектларини давлат божи тўлашдан озод этишни ҳам ўз ичига олади.

 

Тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг бетараф ва холис бўлишига суд мажлисларида аудио ва видео қайд этиш механизмларини жорий этиш, қабул қилинган қарорларнинг веб-сайтларда эълон қилинишини таъминлаш орқали эришилади (2017-2018 й.).

 

Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик вазирликлар ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари зиммасига юклатилади

 

Текширувлар камаяди, жазо чоралари юмшайди

 

Фармонда 01.01.2017 йилдан бошлаб қуйидагилар назарда тутилган:

 

тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустаснодир;

 

- тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади;

 

тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан қуйидаги шартлар асосида озод этиладилар:

  • молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган бўлса;
  • йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган бўлса;
  • етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда (инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно);

 

ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар қуйидаги шартлар асосида маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар:

 

  • ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса;
  • етказилган зарарнинг ўрни ихтиёрий равишда қопланган бўлса;
  • биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда;

 

- тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди;

 

- хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади;

 

- тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этиладилар;

 

- тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинади. Валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан.

 

- Ўзбекистондан экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилади. 

 

Хизмат — кўпроқ, рухсат бериш ҳужжатлари — камроқ 

 

Тадбиркорлик субъектларига фақат давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати кенгайтирилиши керак. Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда тегишли таклифлар киритилиши лозим.

 

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги рўйхат Президентнинг 28.09.2015 йилдаги ПҚ–2412-сон қарори билан тасдиқланган ва 16 хил давлат хизматларини ўз ичига олади.

 

Уч ой муддатда Ҳукуматга эскириб қолган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларининг муддатларини қисқартириш юзасидан таклифлар киритилиши лозим.

 

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз

 

________________

*  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сон Фармонининг 1, 2 ва 4-иловаларида назарда тутилган товарларни экспорт қилиш бўйича контрактлар бундан мустасно.