Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Телекоммуникация операторлари ХУМШ билан қандай ўзаро ҳамкорлик қилади

04.12.2015

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 24 ноябрда 2733-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Телекоммуникация операторлари (провайдерлари)нинг хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Белгиланишича, телекоммуникация воситалари ва иншоотларини* хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати (кейинги ўринларда – ХУМШ) объектларида (турар жой бинолари, кўп квартирали уйларнинг турар жойлари ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлари, уй атрофидаги ҳудудлари) жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун телекоммуникация оператори (провайдери)** ХУМШга ёзма сўров юборади. Сўровга қуйидагилар илова қилинади:

 

юридик шахснинг давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

 

фаолиятнинг муайян турини амалга ошириш учун оператор (провайдер)га берилган лицензияларнинг нусхалари;

 

телекоммуникация ускуналари ҳақидаги маълумотлар.

 

ХУМШ сўровни олган кундан бошлаб 30 иш куни ичида тегишли қарорни қабул қилиш учун ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишини чақиради. Умумий йиғилишда телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) билан боғлиқ ишлар рўйхати, уларни жойлаштириш (ўрнатиш) усуллари, босқичлари ва муддатлари ҳамда объектни ижарага олиш шартлари ва нархи муҳокама қилинади.

 

Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш)нинг рад этилиши учун асос бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

 

оператор (провайдер) томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотларнинг аниқланиши;

 

телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) учун техник имкониятнинг йўқлиги;

 

умумий йиғилишнинг кўпчилик овозлари (50 фоиздан ортиқ) билан салбий қарор қабул қилиниши.

 

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, ХУМШ унинг объектидан фойдаланиш бўйича шартномани тузишга доир музокараларни бошлаш таклифи тўғрисида 5 иш куни ичида оператор (провайдер)га мурожаат қилади.

 

Белгиланишича, оператор (провайдер) телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш)ни лойиҳа ҳужжатлари, ХУМШ билан тузилган шартнома, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ амалга оширади. Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини монтаж ёки демонтаж қилиш ишлари оқибатида ХУМШ объектига етказилган шикастланишлар оператор (провайдер) ҳисобидан бартараф этилади. Ускуна демонтаж қилингандан сўнг ХУМШнинг объект ҳолатига нисбатан даъволари йўқлиги кўрсатилган далолатнома тузилади.

 

Ҳужжатда оператор (провайдер) ва ХУМШнинг шартномавий ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари батафсил қайд этилган.

 

Белгиланишича, телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун ҳисоб-китоблар шартномада белгиланган миқдорда, тартибда ва муддатларда амалга оширилади.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 30 ноябрдаги 47-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.

 

__________

* Телекоммуникация оператори – мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида телекоммуникациялар тармоғига эга бўлган, унинг ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи юридик шахс.

Телекоммуникация хизматлари провайдери – фойдаланувчиларга операторлар тармоғи орқали тижорат асосида телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи юридик шахс.

 

** Телекоммуникация воситалари – электромагнит ёки оптик сигналларни ҳосил қилиш, узатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш, коммутация қилиш ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи техник қурилмалар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва тизимлар.

Телекоммуникация иншоотлари – телекоммуникация тармоқлари ва воситаларининг ишлаши ҳамда улардан фойдаланишни таъминловчи бинолар, қурилмалар, телекоммуникация линиялари, мосламалар, таянчлар, мачталар ва бошқа иншоотлар.

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 277