Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Тижорат сирини муҳофаза қилиш бўйича амалий чоралар

17.11.2016

Аввал эълон қилинган мақолаларда тижорат сири режимини таъминлашнинг ҳуқуқий чоралари кўриб чиқилган эди. Бу сафар эса ҳуқуқий чоралар билан биргаликда ягона тижорат сири режимини ташкил этувчи бошқа мажбурий чораларни таҳлил қилишда давом этамиз.

Тижорат сири режими тушунчаси ва ҳуқуқий чоралар билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Ташкилий чоралар

 

1) тижорат сири акс этган моддий жисмларга ёки тижорат сирини ўз ичига олган ҳужжатларнинг реквизитлари таркибига унинг мулкдорини кўрсатган ҳолда «тижорат сири» грифини қўйиш (“Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси 1-қисми, кейинги ўринларда - Қонун).

 

Қонуннинг ушбу талаби тижорат сири деб тан олинган барча ахборот ташувчиларга тааллуқлидир. Қоғоз ҳужжатлар, флеш, дисклар, макетлар, намуналар ва бошқа физик ашёларга гриф белгисини қўйиш тушунарли ҳамда уни қўлласа бўлади (кичик флеш-ускунага бундай ёзув тушириш техник жиҳатдан бироз мушкул бўлиши мумкин). Фақат электрон тарзда сақланадиган маълумотлар учун бундай грифни ҳужжатнинг реквизитлари таркибига киритиш Қонунда назарда тутилган. Яъни электрон файлни очиш чоғида ҳар қандай одам дарҳол ҳужжатнинг биринчи саҳифасида маълумотнинг тижорат сири эканини билиб олиши мумкин. Шунингдек, ахборот мулкдори, яъни ташкилот номи ва унинг ҳуқуқий шакли (ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг маълумотлари)ни ҳам кўрсатиш зарур.

 

Булар Қонуннинг бажариш мажбурий бўлган талабларидир. Аммо мулкдор (ёки конфидент) тижорат сирини муҳофаза қилиш бўйича қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа чора-тадбирларни ҳам қўллашга ҳақли. (Қонуннинг 10-моддаси 2-қисми). Олайлик, кўрсатилган грифни ҳам электрон шаклдаги, ҳам қоғоздаги ҳужжатнинг ҳар бир саҳифасига қўйиш мумкин. Электрон файлнинг номида ҳам «Тижорат сири. Очилмасин» деб ёзиб қўйиш мумкин. Мулкдорнинг номи билан бирга унинг манзили ва телефони кўрсатилади.

 

Бу ерда таъкидлаш муҳимки, тижорат сири режими шартнома асосида конфидентга юкланиши мумкин бўлса-да, тижорат сирининг мулкдори «тижорат сири» грифини қўйиш ва олиб ташлашни, тижорат сирини қўлга киритиш, ундан фойдаланиш ва уни ошкор этиш шартларини, муҳофаза қилиш усулларини, тижорат сирини топшириш воситаларини танлашни мустақил равишда белгилайди. (Қонуннинг 8-моддаси 1-қисми).

 

2) иш берувчи томонидан ўрнатилган тижорат сири режимига риоя этиши учун ходимга зарур шарт-шароитларни яратиш шарт (Қонуннинг 11-моддаси 1-қисми).

 

Бу сейфлар, маълумотларни сақлаш учун ёпиқ хоналар тақдим этиш, алоҳида иш кабинети, алоҳида компьютер ажратиш, қўриқлашни таъминлаш ва бошқаларни ўз ичига олади.

 

Қонуннинг юқорида таъкидлаб ўтилган талабларидан ташқари бошқа ташкилий чоралар ҳам муҳим.

 

3) Ахборотни муҳофаза қилишнинг ташкилий чора-тадбирларини ким таъминлашини белгилаб олиш зарур: мулкдорнинг ўзими (конфидент) ёки тайинланган масъул шахсми (тузилган бўлинма, тижорат сирининг сақланишини таъминлаш учун махсус хизмат). Хизмат ташкил этилган тақдирда тегишли локал ҳужжатни ҳам ишлаб чиқиш зарур (низом, йўриқнома, қоидалар), масъул шахс тайинланганда эса – махсус лавозим йўриқномасини ишлаб чиқиш керак, яъни қўшимча ҳуқуқий чораларни қабул қилиш зарур.

 

4) Ходимлар билан ишлашни ташкил этиш, у тижорат сиридан фойдаланиш имконияти берилган ходимларни саралаб олиш ва жойлаштириш, бундай маълумот билан ишлаш қоидаларини ўргатиш, маълумотни муҳофаза қилишнинг қоидалари бузилган тақдирда жавобгарлик чора-тадбирлари билан таништириш ва бошқаларни назарда тутади.

 

Техник чоралар

 

Мазкур ҳолатда Қонуннинг талаби техник чораларнинг қабул қилинишидир. Уларни танлаш тўлалигича тижорат сири мулкдорига юклатилади. Шу боис ахборотни муҳофаза қилиш қандай таъминланишини мутақил равишда белгилаш зарур.

 

Техник чораларга қуйидагилар киради:

 

1) ахборотнинг электрон ва бошқа ташувчиларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш (сигнал қурилмалари, видеокамералар, идентификациялаш воситалари ва бошқалар);

2) алоҳида компьютерлар ёки компьютер тизимлари маълумотларидан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоялаш учун махсус аппаратура ва дастурий тизимларни сотиб олиш ва ўрнатиш;

3) ахборот билан ишлашда пароллардан максимал даражада фойдаланиш, ходимларни техник воситалар ва дастурлардан фойдаланишга ўргатиш;

4) мулкдор ҳудуди, биносига кириш, тижорат сирини ташкил этувчи ҳужжатлар ва маълумотларга эга бўлиш учун ходимларга пропуск, рухсат берувчи тизимларни жорий этиш;

5) техник муҳофаза қилиш бўйича мунтазам тезкор тадбирлар ўтказиш ва ахборот тарқалишининг эҳтимолий манбаларини аниқлаш.

 

Қуйидаги манбалар ажратилади:

 

  • ҳужжатлар – ахборотни йиғиш, сақлаш ва алмашишнинг энг кенг тарқалган шакли ҳисобланади. Кўп ҳолларда ҳужжат ахборотнинг ягона манбаси саналади (шартнома, тилхат, чизма), унинг йўқолиши сезиларли даражада зарар етказиши мумкин;
  • одамлар – маҳфий маълумотларнинг энг заиф манбаси. Аксарият ҳолларда муҳим ахборот дўстона эркин суҳбат чоғида шунчаки айтиб юборилади ёки рақобатчиларга етказилади. Бу ҳам ходимлар, ҳам ҳамкорлар, ҳам мижозларга тегишли. Сўнгги вақтларда ахборотни ижтимоий тармоқлар орқали ошкор қилиш масаласи долзарблик касб этмоқда;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (хизмат) – унинг тавсифи рақобатчиларда қизиқиш уйғотади. Айниқса, янги, ишлаб чиқариш арафасида бўлган маҳсулот эътибор жалб этади (маҳсулотни яратиш, синаш ва кейинги фойдаланишнинг ҳар бир босқичи ўзига хос ахборот билан бирга кечади);
  • техник воситалар ва бошқа асбоб-ускуналар – энг кенг ва катта сиғимли манба: факслар, телефонлар, алоқа тизимлари, видеокузатув ва бошқалар;
  • эълон, реклама – ахборотнинг катта қисмини таҳлилий ишларни олиб боргач, очиқ манбалардан топиш мумкин;
  • бошқа манбалар, масалан, чиқиндилар – ишлаб чиқаришнинг чиқиндиларини (ахлат) тадқиқ этиб фойдаланилаётган материаллар, уларнинг таркиби, ишлаб чиқариш ва технологияларнинг ўзига хосликлари ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

 

Психологик чоралар

 

Қонун уларни талаб этмайди, аммо бу ҳар қандай барқарор бизнес фаолиятидаги муҳим жиҳатдир. Шу боис ўзининг тижорат сирини ҳақиқатан ҳам муҳофаза қилиш истагида бўлган мулкдор психологик турдаги чораларни эътибордан четда қолдирмайди.

 

Биринчи навбатда буларга:

  • ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш (ҳамкорлар ва мижозлар билан ҳам);
  • жамоада ижобий муҳитни юзага келтириш;
  • ишончсиз шахсларни аниқлаш мақсадида мунтазам текширувлар (ошкор ва яширин) ўтказиш кабилар киради.

 

Ҳуқуқий  чоралар ходимларни имзо қўйдириб тегишли буйруқлар, низомлар, йўриқномалар билан таништиришни ўз ичига олади. Ходимларга корхонанинг тижорат сири бўлган маълумотлар рўйхати етказилиши лозим, меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларга зарур бандлар киритилиши керак. Ҳар бир ходимни унга ишониб топширилган маълумотни ошкор этганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантириш шарт.

 

Аммо тушунтириш ишларини ҳам олиб бориш зарур. Ходимлар ҳеч қандай ҳолатда раҳбарнинг хабардорлиги ва розилигисиз бегона шахслар билан тижорат сири бўлган ахборот тўғрисида сўзлашмаслиги муҳимдир. Масалан, бехабар бўлган ҳамкасблар, мижозлар ва давлат органлари ходимлари билан. Барча саволларга жавоб тариқасида қуйидаги жумлани айтиш керак: «Афсуски, Сизнинг саволларингизга жавоб бера олмайман. Чунки тижорат сирини ошкор этмаслик ҳақидаги мажбуриятга имзо чекканман. Барча саволларингизни раҳбариятга беришингиз мумкин». Ходим бегона шахсларнинг талаби бўйича ҳеч қандай тушунтиришлар беришга, бунинг устига ёзишга мажбур эмас. Ҳуқуқий ва психологик чораларнинг жами билан  бу мақсадга эришиш мумкин.

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА,
адвокат.

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Нимани қадрлашса, шуни муҳофазалашади: тижорат сири режими

 

Тижорат сирини қандай ҳимоя қилиш мумкин?

 

Тижорат сири ва давлат органлари