Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак скорректировать зачет НДС на основании статьи 270 Налогового кодекса Как сформировать прочие затраты производственного характера Как разработать график документооборота по экспортной сделке

Ўқитувчиларга юкламалар белгиланди

28.10.2015

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 19 октябрда 2720-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар юкламасини аниқлаш қоидалари тасдиқланди.

 

 

Мазкур Қоидалар олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган халқаро ва хорижий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

 

Олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги 164-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ белгиланишича, профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатини нормалаштириш ҳар йили келгуси ўқув йили учун тузиладиган ва белгиланган тартибда тасдиқланадиган шахсий иш режаларига асосланган. Йиллик шахсий иш режа Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёрларига (Қоидаларга илова) биноан тадбирлардан ҳар бири бўйича соатлар миқдорини кўрсатган ҳолда асосий тадбирлар рўйхатини ўз ичига олади.

 

 

Йиллик шахсий иш режа 1540 соат миқдоридаги иш вақтининг жамланган ҳисобидан келиб чиқади.

 

 

Иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаларида тўла ва аниқ акс эттирилиши керак. Жорий ўқув йили якунида фақат мазкур ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади. Ўқув йили давомида бажарилган қўшимча иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаларига киритиб борилиши мумкин.

 

 

Иш турлари бўйича ҳисобланган соатлар ҳажми олий таълим муассасасининг штат бирликлари сонини ҳамда профессор-ўқитувчилар таркибининг ойлик маошларини белгилаш учун асос бўлмайди.

 

 

Штат бирликлари профессор-ўқитувчиларнинг талабалар сонига нисбатидан келиб чиққан ҳолда, ойлик иш ҳақи эса харажатлар сметаси бўйича белгиланади.

 

 

Кафедра профессор-ўқитувчилари ўртасида ишларни нормалаштириш бўйича тавсия этиладиган тақсимот:

 

 

ўқув ишлари – 50-70%;

 

 

илмий-методик ишлари – 5-10%;

 

 

илмий-тадқиқот ишлари – 15-20%;

 

 

ташкилий-методик ишлар – 5-10%;

 

 

маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар – 10-15%.

 

 

Илмий-методик ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш мақсадида профессор-ўқитувчининг ўқув ишлари юкламаси ҳажми олий таълим муассасаси Кенгашининг қарорига кўра ўзгартирилиши мумкин. Бунда унинг юкламасининг бир қисми кафедранинг бошқа профессор-ўқитувчилари ўртасида қўшимча равишда тақсимланади.

 

 

Маъруза машғулотлари профессор, доцент, катта ўқитувчи ва илмий даражага эга бўлган ассистентлар (ўқитувчилар) томонидан ўтказилади. Зарур ҳолларда (маъруза машғулотлари ҳажми кўп бўлганда, профессор, доцент ва катта ўқитувчилар етарли бўлмаганда ва шу каби бошқа ҳолларда) камида 3 йиллик илмий-педагогик (илмий) иш стажига эга ассистент ёки ўқитувчиларга бир ўқув йилида 100 соатгача бўлган ҳажмда маъруза машғулотларини ўтишга олий таълим муассасаси Кенгашининг қарорига асосан рухсат берилади. Тошкент давлат юридик университетида эса уларга, илмий-педагогик (илмий) иш стажи муддатидан қатъи назар, бир ўқув йилида 250 соатгача бўлган ҳажмда маъруза машғулотларини ўтишга олий таълим муассасаси Кенгашининг қарорига асосан рухсат берилади.

 

 

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув (маърузалар, семинарлар ва лаборатория машғулотлари) соатлари ҳажми 400 соатдан кам бўлмаслиги тавсия этилади. Тошкент давлат юридик университетида профессор-ўқитувчиларнинг ўқув соатлари ҳажми олий таълим муассасасининг ўзи белгилайди.

 

 

Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режасининг бажарилиши мунтазам равишда кафедра мудири, факультет декани ва унинг ўринбосарлари (факультет бўлмаган олий таълим муассасаларида - ўқув бўлими ёки бошқармаси) томонидан, ҳар семестр якунида эса тегишли йўналишлар бўйича проректорлар томонидан назорат қилиб борилади.

 

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

 

Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 26 октябрдаги 42-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.