Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ўзбекистонда маъмурий судлар ташкил этилади

08.11.2016

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2016 йилдаги ПФ–4850-сон Фармони билан мамлакатимизда маъмурий судларни ташкил этиш ва “Маъмурий судлов ишларини юритиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш  ташаббуси илгари сурилмоқда. Ушбу материалда булардан кўзланган мақсад хусусида сўз боради.

«Судда учрашамиз!» – ривожланган ҳуқуқий демократик давлатларда бундай сўзлар давлат хизматчисини жисмоний ёки юридик шахсга нисбатан ҳаракатларининг тўғрилиги ҳақида дарҳол ўйлантириб қўяди. Юзага келган ҳолат юзасидан ёндашувини ўзгартирмаган тақдирда ҳам ҳеч бўлмаганда ҳаракатлари қонунчиликка мувофиқлигини текшириб кўришга ундайди. Ахир суд залида у ҳолатни бошқара олмайди, ҳеч қандай ҳуқуқбузарликка йўл қўймаганлигини одил судловга ўзи исботлаб бериши керак.

 

Бизнинг фуқароларимиз ҳам буни яхши англаган ҳолда сўнгги вақтларда судда фаоллик бўйича европаликлар ёки америкаликлардан қолишмаяпти. Суд ишлари сони ортмоқда, демакки, суд тизими янги воқеликка мослашиши лозим. Мамлакатимизда ҳозирнинг ўзида амалдорлар билан судлашиш мумкин. “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги ҚонунФуқаролик процессуал кодекси, шунингдек, Хўжалик процессуал кодекси ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун бизнес вакиллари ва оддий фуқаролар учун кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Буларнинг бари мансабдор шахсларнинг ўзи учун ҳам яхши. Агар фуқаро қонун бўйича ҳақиқатан ҳам ноҳақ бўлса, ўз соғлиғи ва асабларини у билан беҳуда тортишувларга сарфламасдан, суд залида ўз нуқтаи назарини тўғри тушунтириб берса бўлгани, ҳалол давлат хизматчиси сифатида обрў-эътиборини сақлаб қолади.

 

Гарчи давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги низоларни ҳал этиш бўйича фуқаролик ишлари бўйича суд (давлат органлари ва мансабдор шахслар ҳаракатлари ва қарорлари устидан фуқароларнинг арзлари) ва хўжалик суди (давлат ва бошқа органлар ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар) тўлиқ фаолият олиб бораётган бўлса-да, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар борасида баъзи бир муаммолар ҳалигача сақланиб қолмоқда.

 

Гапни маъмурий ундирув нафақат суд, балки бошқа яна 32 давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкинлигини эслатишдан бошлайлик. Ҳам айбловчи, ҳам судья бўлган давлат хизматчисига у ноҳақ, сиз эса ҳақ эканингизни исботлаб бериш қийин, албатта. Аммо гоҳида далил, асос, исбот ва оқловларингизни ҳеч ким тингламоқчи ҳам бўлмайди. Шу боис ҳам, масалан, ДЙҲХХ инспектори томонидан жаримага тортилган шахсларни бир талай ҳис-туйғулар чулғайди. Бу ерда ҳақ ҳам, ноҳақ ҳам бўлмайди. Чунки маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш тизими шундай тузилганки, асосан, барча ишлар суд деворларидан ташқарида ҳал этилади.

 

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, МЖтКнинг 245-моддаси 2-қисмига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича ҳар қандай ишни кўриб чиқиш учун судга ошириш мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённомани тузишда ҳуқуқбузарлик ҳолатини инкор этишингиз ва суддан ҳолатни ҳал этиб беришни сўраб, қайд киритсангиз бўлгани, сизга рад жавобини беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

 

Шундан кейин иш жиноий ишлар бўйича судга бориб тушади (қайси бирига эканини бу ерда кўринг). Ушбу судларнинг таркибида маъмурий ишлар бўйича судьялар ишлайди. Бунда улар ўзларининг асосий вазифаларига биноан жиноий ишларни муҳокама қилишади. Муаммо моҳияти ҳам айнан мана шунда.

 

Гап шундаки, вазифаларнинг бундай бирга олиб борилиши одил судлов хизматчилари учун қўшимча қийинчиликлар туғдиради. Айрим судьялар жиноий ишларни юритиш оғир экани, уларнинг мураккаб жараёнли ўзига хос жиҳатлари сабабли қанчалик уринишмасин, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларга етарлича эътибор қаратиш, соатлаб, кунлаб уларни таҳлил этишнинг иложи йўқлигини тан олишади. Чунки жиноий ишларда жарима эмас, балки одамнинг тақдири хусусида сўз боради-да. Натижада судьялар кўп ҳолатларда давлат органлари тарафини олишади.

 

Шу билан бирга ҳар бир фуқаро унинг иши ҳар томонлама, тўлиқ ва адолатли ҳал этилиши ҳуқуқига эга. Шу сабабли ҳам суд тизимида алоҳида айнан маъмурий ишларга ихтисослашган йўналишни яратиш юзасидан қарор қабул қилинди.

 

Унинг самарали ишлаши учун “Маъмурий судлов ишларини юритиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш  таклиф этилмоқда. МЖтКда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартиби батафсил тартибга солинмайди (МЖтК 306-модда). Шу сабабли судьялар кўп ҳолатларда ўз ички сезгиларига таянган ҳолда иш кўрадилар. Баённома тузган мансабдор шахсни судга чақириш керакми ёки унинг иштирокисиз ҳам ишни кўриб чиқарвериш мумкинми? Ким айбловчи бўлиши лозим? Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсга нисбатан айбсизлик презумпцияси амал қиладими ёки йўқми? Ишлаб чиқилаётган қонун шу ва бошқа кўпгина саволларга жавоб бермоғи лозим.

 

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, “Маъмурий судлов ишларини юритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан эҳтимол, оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча низоларни кўриб чиқиш  фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларидан маъмурий судларга ўтказилади.

 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2016 йилдаги ПФ–4850-сон «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Фармонида илгари сурилган ташаббус оммавий низоларни кўриб чиқишда “қонун устуворлиги - адолатда” тамойилини амалга оширишда ўта муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Самир Латипов,

экспертимиз.

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Алвидо, қамоқ!

 

Судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллаши мумкин