Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ўзбекистоннинг сайёҳлик марказларида «Хавфсиз туризм» ва «Е-меҳмон» тизимлари жорий этилади

29.11.2017

 

Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2017 йилдаги 939-сон қарори билан Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланди.

 

У тўртта асосий йўналишни ўз ичига олади:

 

1. Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича ички ишлар органлари тузилмасини ва фаолиятини ташкил этиш услубларини такомиллаштириш. Шу тариқа, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё ИИБда вазият марказлари фаолият кўрсатади. Уларнинг вазифалари: хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни бўлғуси хавф-хатарлар ҳақида реал вақт режимида огоҳлантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам бериш.

 

Юқорида кўрсатилган вилоятлар ИИБларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилади. Уларнинг бошлиқлари бир вақтнинг ўзида ИИБ бошлиқлари ўринбосарлари ҳисобланади, шахсий таркиб эса танлов асосида, биринчи навбатда, чет тилларини биладиган ходимлар жумласидан шакллантирилади.

 

2. Мамлакатимизда бўлиш, транспортдан фойдаланиш ва кўчиб юриш даврида сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Хусусан, сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатадиган ва келган сайёҳларни рўйхатга олишни юритадиган давлат ва нодавлат объектлар (ташкилотлар) ягона ахборот маълумотлар базасини яратиш режалаштирилмоқда.

 

Шунингдек, мамлакатда бўлиш қоидалари, виза ва рўйхатга олиш таомиллари, яқин жойлашган диққатга сазовор жойлар тўғрисидаги ахборот ва бошқа фойдали маълумотларни ўз ичига олган мобиль иловаларни ишлаб чиқиш кўзда тутилаётир.

 

3. Сайёҳларнинг яшаш жойлари, меҳмонхоналарга жойлаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш хавфсизлигини таъминлаш. Бунинг учун ҳар бир меҳмонхона фаолиятига келган сайёҳларнинг маълумотлар базасини шакллантиришга ёрдам берадиган «Е-меҳмон» электрон ахборот тизими жорий этилади. Меҳмонхоналарга киришларда кечаю кундуз видеокузатув олиб борилади.  

 

Бундан ташқари, «Хавфсиз туризм» ягона аппарат-дастурий комплекси жорий этилади. Бу видеокузатув, ахборотни таҳлил қилиш ва автоматлаштирилган қайта ишлаш, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ҳодисалар ҳақидаги маълумотларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш тизимидир.

 

4. Сайёҳлик диққатга сазовор жойларига ташриф буюришда ва кечки дам олиш вақтини ташкил этишда сайёҳлар, расмий хорижий делегацияларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Сайёҳларнинг якка тартибдаги махсус техник ҳимоя воситаларига талабларни ишлаб чиқиш ва ўрнатиш кўзда тутилган.

 

Қарор билан 2017-2020 йилларда Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 25.11.2017 йилда кучга кирди.

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 

Олег Заманов,

экспертимиз.