Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Лойиҳа

23.09.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори

 

Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида

 

Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг
17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми

Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И :

1. Судларга тушунтирилсинки, судланганлик шахснинг, унга суд ҳукми билан жазо қўлланилишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолати бўлиб, мазкур шахсга нисбатан жиноят-ҳуқуқий ва умумҳуқуқий хусусиятга эга муайян салбий оқибатлар келиб чиқишида намоён бўлади.

Жиноят кодексининг (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) 77-моддасига мувофиқ, судланганлик ҳолати жазо тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб, у тугалланган ёки олиб ташланган пайтгача давом этади. 

 

2. Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят қонунида шахс судланмаган ҳисобланадиган ҳоллар мавжуд. Жумладан, қуйидаги ҳолда шахс судланмаган ҳисобланади, агар  унга нисбатан: 

 

жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилган (ЖК 70, 71, 76-моддалари) ёхуд шахс бир вақтнинг ўзида асосий ва қўшимча жазодан биринчи, аппелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан озод қилинган (ЖК 69, 75, 76-моддалари) бўлса;

тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган бўлса (ЖК 94-моддаси).

 

Қуйидаги асосларга кўра жиноий жавобгарликдан озод этилган шахс ҳам судланмаган ҳисобланади:

 

жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан (ЖК 64-моддаси);

қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан (ЖК 65-моддаси);

айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан(ЖК 66-моддаси);

жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан (ЖК 66-1-моддаси);

жиноят содир этган шахс касаллиги туфайли (ЖК 67-моддаси);

амнистия акти қўлланилганлиги муносабати билан (ЖК 68-моддати).

 

3. Судланганлик ҳолатининг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари судланганлиги тугалланмаган ва олиб ташланмаган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолда келиб чиқади ва жумладан, қуйидагиларда ифодаланади:

 

судланганлик қатор ҳолларда жиноят квалификациясига таъсир этувчи, яъни  жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади;

судланганлик муайян ҳолларда шахсни ўта хавфли рецидивист деб топилишига асос бўлади (ЖК 34-моддаси);

судланганлик, агар шахс муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган бўлса, жазони ижро этиш колонияси турини белгилаш учун аҳамият касб этади (ЖК 50-моддаси);

судланганлик жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади (ЖК 56-моддаси);

илгари содир этилган жинояти учун жазо ўтаётган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолларда, ҳукмлар мажмуи бўйича жазо белгилашда судланганлик қаттиқроқ қоидалар қўлланилишига сабаб бўлади (ЖК 60-моддаси);

тугалланмаган ва олиб ташланмаган судланганлик ҳолатининг мавжудлиги айрим асослар бўйича, масалан, айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги (ЖК 66-моддаси), алоҳида ҳолларда эса (оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда), жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги  (ЖК 66-1-моддаси)  муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилишига тўсқинлик қилади.

 

Судланганлик ҳолатининг жиноят-ҳуқуқий оқибати жазодан озод қилиш (ЖК 71-моддаси), жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш (ЖК 73-моддаси), вояга етмаган шахсга нисбатан мажбурлов чораларини қўллаш (ЖК 87-моддаси) каби чораларни қўллаш учун моддий қонунда тақиқ мавжудлигида ҳам намоён бўлади. 

 

4. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонун судланганлик ҳолати барҳам топишининг фақат икки усулини – унинг тугалланиши ва олиб ташланишини назарда тутади (ЖК 77-моддаси тўртинчи қисми).

 

Судланганлик ҳолати тугалланиши шахснинг судланганлиги факти билан боғлиқ барча оқибатларнинг жазо тури ва муддатидан келиб чиққан ҳолда ЖК 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтганлиги натижасида автоматик тарзда (ўз-ўзидан) барҳам топишини англатади. Бундай ҳолларда судланганлиги тугалланган шахс, унинг вориси, қонуний вакили ёки адвокати илтимосига кўра ҳукм чиқарган суд томонидан судланганлик ҳолати мавжуд эмаслиги фактини тасдиқловчи маълумотнома берилади. Бунинг учун манфаатдор шахс томонидан судга тақдим этилган ички ишлар органлари Ахборот маркази маълумотномаси ва жазо ўталганлиги (ижро этилганлиги) фактини тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади. 

 

Судланганликнинг олиб ташланиши ундан келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар судланганлик ҳолати барҳам топиши учун қонунда белгиланган муддатлар ўтгунига қадар суд қарорига асосан тугатилишини англатади. Судланганлик олиб ташланиши учун шахснинг жазони ўтаб чиққандан сўнгги бенуқсон хулқ-атвори (унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чораси қўлланилмаганлиги), жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, жамоа ёки шахснинг ўзи ЖК 79-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган муддатлар ўтгандан сўнг берган илтимосномаси  асос бўлиши мумкин. Қонун суд тартибидан ташқари амнистия акти ёки авф этиш орқали судланганликни олиб ташлаш имкониятини ҳам назарда тутади.

 

5. Судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган ҳисобланиб, ушбу шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти ва унинг учун судланганлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар қатъиян ва сўзсиз бекор бўлади.

 

Судлар судланганлик ҳолати олиб ташланишини шахсни реабилитация қилишдан фарқлашлари лозим. Шахс реабилитация қилинганда, давлат у жиноят содир этганликда хато айбдор деб топилганлигини тан олади. Судланганлик ҳолати олиб ташланганда шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти инкор этилмай, фақат жиноий жавобгарликка тортиш оқибатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

 

6. Жиноят кодекси 13-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга.

 

Шу муносабат билан, агар суриштирув, дастлабки тергов олиб борилаётган, иш судда кўрилаётган ёки шахс жазо ўтаётган даврда унинг томонидан содир этилган қилмиш жиноийлигини бекор қиладиган қонун қабул қилинса, бундай ҳолда шахс жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинади ва қилмиш жиноийлигини бекор қилган қонун кучга кирган пайтдан судланмаган ҳисобланади. Мазкур қоида жазони ўтаб бўлган, бироқ судланганлик ҳолатида бўлган шахсларга нисбатан ҳам тадбиқ этилади.

 

7. Қонунга мувофиқ судланганлик ҳолати тугалланиши ёки олиб ташланиши муддатларини (ЖК 78, 80-моддалари) ҳисоблаш асосий ва қўшимча жазолар ўтаб бўлинган ёки синов муддати ўтиб бўлган кундан бошланади. Масалан, қамоқ, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш жазоларига қўшимча сифатида муайян мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган ҳолда, бу жазо қайд этилган асосий жазоларни ўташнинг барча вақтига тадбиқ этилиб, судланганлик ҳолати тугалланиши ёки олиб ташланиши муддатлари эса, қўшимча жазо ўтаб бўлинган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

 

2 хатбошининг мазмуни 10-банднинг 1 хатбошисида берилган.

 

8. Банд мазмуни 10-банднинг 2 хатбошисига ўтказилган.

 

9. Жарима ёки ахлоқ тузатиш иши жазосига ҳукм қилиниб, бу жазо ЖК 44-моддасининг учинчи қисми ёки ЖК 46-моддасининг тўртинчи қисмига кўра бошқа жазо турига алмаштирилган шахснинг судланганлик ҳолати тегишлича жарима ёки ахлоқ тузатиш иши жазосига маҳкум қилинган шахс сифатида ЖК 78-моддасининг “в” бандида кўрсатилган муддат ўтиши билан тугалланади, чунки бундай ҳолда суд ҳукмида кўрсатилган жазо тури судланганлик ҳолати тугалланиши учун асос ҳисобланади. Бундай ҳолда судланганлик ҳолати муддатининг тугаши ЖК 80-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ЖК 44 ёки 46-моддаси тартибида белгиланган жазо тури ўталган кундан бошлаб ҳисобланади.

 

10. Жиноят кодекси 80-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш жойларидан муддатидан илгари шартли озод қилинган, шунингдек, жазоси енгилроғи билан алмаштирилган (ЖК 73, 74-моддалари) шахснинг судланганлик ҳолати тугалланиши масаласини ҳал этишда суд томонидан белгиланган жазо муддатидан эмас, балки  озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинган пайтга қадар амалда ўталган жазо муддатидан келиб чиқиш лозим. Бунда судланганлик ҳолати тугалланиш муддати озодликдан маҳрум қилиш жойларидан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсга нисбатан ЖК 73-моддаси қўлланилган пайтдан, жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахсга нисбатан эса – ЖК 74-моддасига мувофиқ белгиланган енгилроқ жазо ўталган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

 

Жиноят кодекси 80-моддасида белгиланган судланганлик ҳолати тугалланишини ҳисоблаш тартиби (амалда ўталган жазо муддатидан келиб чиққан ҳолда жазо ўтаб бўлинган ёки жазони ўташдан озод қилинган пайтдан бошлаб) енгилроқ жазони назарда тутувчи янги қонун нормасига асосан жазоси қисқартирилган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

 

11. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 80-моддасининг тўртинчи қисми судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилганда судланганлик ҳолати тугалланилишига оид қоидаларни белгилайди.

 

Жазони ўтаб чиққан шахс судланганлик ҳолати муддати тугамай туриб яна жиноят содир этган ҳолларда, судланганлик ҳолатини тугатувчи муддат тўхтатилади.

 

Судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилганда илгари содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати муддати шахс янги жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлгандан сўнг янгидан ўта бошлайди, судланганлик ҳолати ўтаётган даврда содир этилган янги жиноят учун тайинланган жазо оғирроқ бўлган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолда судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати янги жиноят учун тайинланган жазо муддатидан келиб чиқиб аниқланади.

 

12. Жиноят қонуни мазмунига кўра, судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати жазо билан, шу жумладан, бир неча жиноятлар учун (жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича) тайинланган жазо билан бевосита боғлиқ. Шахсга жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича (ЖК 59, 60-моддалари) жазо белгилашда барча қилмишларнинг оғирлигини инобатга олиб, узил-кесил жазо тайинланиши туфайли, бундай ҳолда судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати узил-кесил жазо тури ва муддатидан келиб чиқиб ҳисобланиши лозим.  

 

Айни пайтда, агар жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича суд томонидан ҳар хил турдаги, ҳар қайсиси алоҳида ижро этиладиган жазо (ЖК 61-моддасининг иккинчи қисми) тайинланган бўлса, судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати жазо тизимида (ЖК 43-моддаси) назарда тутилган оғирроқ жазо муддатидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

13. Жиноят-процессуал кодекси 544-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги илтимоснома судланганлик ҳолати мавжуд шахс, унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакилининг ёхуд жамоат бирлашмаси ёки жамоа томонидан жазони ўтаб чиққан шахс яшаш жойидаги туман (шаҳар) судига берилиши мумкин.  

 

Судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш масаласини ҳал этишда, суд судланганлик ҳолати мавжуд шахснинг қонунга итоаткор турмуш тарзини тасдиқловчи ҳолатларни (ҳуқуқбузарлик мавжуд эмаслиги, муддатидан илгари шартли озод қилингандан кейинги хулқ-атвори, ишлаш ва яшаш жойидан ижобий тавсифномалар, ички ишлар органи Ахборот маркази маълумотномаси мавжудлиги ва ҳ.к.) аниқлаши зарур.  

 

Жиноят-процессуал кодекси 544-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисида такрорий илтимоснома уни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб камида бир йил ўтгандан кейин берилиши мумкин.

 

Судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги ажрим ҳукм чиқарган судга ва ички ишлар органларининг ахборот марказига юборилиши лозим.

 

14. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланиши муддатларини тўғри ҳисоблаш учун судланувчининг шахсига оид маълумотларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ишни судда кўриш учун тайинлаш чоғида, судлар ички ишлар органларининг ахборот маркази маълумотномалари билан кифояланмай судланувчига нисбатан муқаддам чиқарилган ҳукмлар, муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва ҳ.к.лар тўғрисидаги ажримларни талаб қилиб олишлари ва синчиклаб ўрганиб чиқишлари лозим.

 

Судлар ҳукм чиқариш вақтида судланувчининг судланганлик ҳолатига оид маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Суд ҳукми” тўғрисидаги 2014 йил 23 майдаги қарорининг 15-бандида берилган тушунтиришларга риоя этган ҳолда тўғри акс эттиришлари лозим. 

 

15. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари ва натижаси бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳамда иш ва материалларнинг синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўрилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўришлари лозим.

 

Олий суд раиси

 

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 277