Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro
  • www.norma.uz
  • Разное
  • Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг УСТАВИ

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг УСТАВИ

25.04.2017

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Банк-молия академиясини ташкил этиш тўғрисида" 1996 йил 2 майдаги ПФ-1460-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган ҳамда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида" 1996 йил 17 майдаги 180-сон, "Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2013 йил 16 сентябрдаги 255-сон қарорлари ва ушбу Устав асосида амалга оширади.

 

2. Академия банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича, шунингдек кўрсатиб ўтилган соҳаларда илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

 

3. Академия ўз олдида турган вазифаларни бажариш доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.

Академия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради ва бўйсунади.

 

4. Академия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон банклар уюшмаси, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

 

5. Академия юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида шахсий ҳисоб рақамларига, миллий ва хорижий валюталардаги банк ҳисоб рақамларига, ўз номи давлат тилида кўрсатилган, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, муҳрларга, штамп ва бошқа атрибутларга, шунингдек ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа реквизитларга эгадир.

Академиянинг тўлиқ расмий номи:

давлат тилида - "Ozbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasi";

инглиз тилида - "Banking and Finance Academy of the Republic of Uzbekistan";

рус тилида - "Банковско-финансовая академия Республики Узбекистан".

Академиянинг почта манзили (жойлашган жойи): Тошкент шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси, 16-уй.

 

6. Академия фаолиятнинг қуйидаги йўналишларини амалга оширади:

"магистр" даражаси берган ва давлат намунасидаги диплом топширган ҳолда магистратуранинг икки йиллик ўқув режалари бўйича олий таълим давлат таълим стандартларига мувофиқ бошқарув кадрларини тайёрлаш;

белгиланган намунадаги диплом берган ҳолда тўрт ойгача даврга мўлжалланган ва кадрларнинг буюртмачилари билан келишилган таълим дастурларига мувофиқ банк, молия ва солиқ тизимлари, шунингдек иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари бошқарув кадрлари ва мутахассисларини, шу жумладан юқори лавозимларга кўтариш учун захирадаги ходимларни қайта тайёрлаш;

белгиланган намунадаги сертификат берган ҳолда бир ойгача бўлган даврга мўлжалланган ва кадрларнинг буюртмачилари билан келишилган ўқув режалари ва дастурлари асосида манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва мутахассислари малакасини ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Академияга бириктирилган мутахассисликлар бўйича, олий таълимдан кейинги икки даражали тизимга мувофиқ илмий даражали олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;

Уставдаги вазифаларни бажариш доирасида ўқув, методик, маънавий-маърифий, илмий-тадқиқотнинг барча турлари, шунингдек ахборот-таҳлилий фаолият;

банк иши, молия, солиқ иши ва инвестициялар соҳасида бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида халқаро ва хорижий молия институтлари, халқаро ва хорижий таълим, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва дастурлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

таҳририят-ноширлик фаолияти.

Академия қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга оширади.

 

7. Академия магистратурасига тингловчиларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, давлат гранти ва пулли-контракт асосида банк, молия ва солиқ тизимлари, шунингдек иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг камида икки йил меҳнат стажига эга бўлган бошқарув кадрлари ва мутахассислари жумласидан амалга оширилади.

Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Академия таъминоти учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига ҳамда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан тузилган тўғридан-тўғри контрактлар асосида амалга оширилади.

 

 

2-БОБ. АКАДЕМИЯНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

 

8. Банк, молия, солиқ тизими ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил этиш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, шунингдек кўрсатилган соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказиш Академиянинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

 

9. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

замонавий менежмент, молиявий-иқтисодий жараёнларни стратегик режалаштириш ва прогнозлаштириш методларини эгаллаган, банк иши, молия, солиқ иши ва инвестициялар соҳасида хўжалик юритишнинг бозор шароитларида бошқарув қарорлари қабул қилиш назарияси ва амалиётига асосланган тегишли билимлар ва амалий кўникмаларга эга бўлган бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

тингловчиларда давлатнинг иқтисодий сиёсати ва унинг амалга оширилишини таъминлаш, халқаро молия бозорлари институтлари ривожланишининг замонавий тенденциялари, давлат ва корпоратив молияларни бошқариш, халқаро ва миллий банк, солиқ, инвестиция, суғурта ва пенсия иши ва монетар фискаль ва валюта сиёсати, стратегик менежмент ва маркетинг, корпоратив бошқарув соҳаларида тингловчиларда мустаҳкам билимларни шакллантириш, шунингдек уларнинг танланган мутахассислик бўйича бошқарув кўникмаларини эгаллаши;

профессор-ўқитувчи кадрлар, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг таҳлилий ва креатив салоҳиятини мустаҳкамлаш, муҳим илмий ва илмий-инновацион йўналишлар бўйича уларнинг илмий-амалий фаолиятни юритишга бўлган эҳтиёжлари ва манфаатларини ривожлантириш ва рағбатлантириш, давлат ҳамда халқаро илмий ва илмий-тадқиқот дастурларига мувофиқ илмий ишларни изчил ривожлантириш, уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш;

илмий тадқиқотларнинг банк иши, молия, солиқ иши ва инвестициялар соҳаларида долзарб фунданментал, амалий ва инновацион лойиҳаларга йўналтирилганлигини таъминлаш, улар натижаларининг иқтисодиёт фани ва амалиётига чуқур интеграция қилинишини амалга ошириш;

банк иши, молия, солиқ иши ва инвестициялар соҳаларида ислоҳотларнинг натижаларини, Ўзбекистон банк-молия тизимининг халқаро молия бозорида эгаллаётган мустаҳкам ўрни ва нуфузи тўғрисида қизиққан аудиторияни хабардор қилиш, вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тарғиб қилиш бўйича тушунтириш ишларини ўтказишда фаол иштирок этиш.

 

10. Академия ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

илғор халқаро таълим стандартлари ва талабларини, шунингдек уларни ўқитишнинг замонавий шакллари ва усулларини, амалиётда муваффақиятли синаб кўрилган педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда замонавий таълим ва тадқиқот шакллари ва усулларини қўллаш воситасида ўқув, ўқув-методик, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот жараёнларини ташкил этади;

таълим ва тадқиқотлар ихтисослиги бўйича ўқув жараёнини зарур ўқув, илмий ва қўшимча адабиётлар, маҳаллий ва хорижий даврий нашрлар, ўқитишнинг замонавий воситалари, компьютер ва ўқув-презентация техникаси билан таъминлайди;

ўқув ва илмий-методик ишлар, маслаҳатлашувлар ва маҳорат дарслари ўтказиш учун хорижий мамлакатлардан юқори малакали олимлар ва мутахассисларни контракт асосида жалб этади;

ўқув режаларига ва илмий тадқиқотларнинг дастурларига мувофиқ банк, молия ва солиқ тизими ташкилотларида, иқтисодиёт реал сектори тармоқлари тузилмасида, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишув бўйича Академия ректори томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ хорижий мамлакатларда амалиёт ва стажировкадан ўтиши учун илмий ходимлар ва тингловчиларни ташкил қилади ва юборади;

республиканинг етакчи таълим ва илмий муассасалари негизида, банк, молия ва солиқ тизимлари ташкилотларида, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари тузилмасида, шу жумладан хорижий мамлакатларда профессор-ўқитувчилар таркибини, илмий кадрлар, бошқа ходимларни қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил қилади;

реал амалиёт, бажарилган магистрлик ва докторлик диссертацияларининг асосий мазмуни ва хулосаларини амалиётда қўллаш билан ўзаро боғлиқ ҳолда назарий ва илмий-методик тайёрлашни интеграциялашни амалга оширади;

замонавий шаклларни, методларни ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда тингловчиларнинг мустақил таълим олишини ташкил этади, магистрлик ва докторлик диссертациялари ёки ўрганилаётган предмет мавзулари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш учун зарур ўқув, илмий-тадқиқот ва ахборот ресурсларини ташкил қилади;

давлат таълим стандартлари талаблари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўяди, таълимни ривожлантириш, кадрлар тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурлари мазмунини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини бажариш, тингловчиларнинг амалиёт ва стажировкани ўташини ташкил этиш, шунингдек магистрлик диссертацияларини тайёрлаш масалалари бўйича уларнинг таклифлари ва тавсияларини ўрганади;

банк иши, молия, солиқ иши ва инвестициялар соҳасида бошқарувнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий ва илмий-инновация тадқиқотларини ўтказади;

банк, молия, солиқ тизимларида ва иқтисодиётнинг реал секторидаги инвестициялар соҳасида инновация ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганади ҳамда таклифлар ишлаб чиқади;

бошқарув кадрлари ва мутахассисларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг самарали методларини ишлаб чиқади, тингловчиларда ҳуқуқий, сиёсий маданият ва ўз ҳуқуқларини билишни ривожлантиради, ватанпарварлик, ижтимоий-маънавий ва ахлоқий сифатларни, юкланган вазифалар ва мажбуриятларни бажариш юзасидан масъулият ҳиссини, мамлакат тақдири, унинг мустақиллигини мустаҳкамлаш учун дахлдорлик ва масъулиятни шакллантиради ва ривожлантиради;

магистратура битирувчилари меҳнат фаолияти ва касбий ўсишининг доимий мониторингини амалга оширади, банк, молия, солиқ тизимлари ва инвестициялар соҳаси бошқарув кадрларини тайёрлаш, танлаш, тарбиялаш ва ишга жойлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди.

 

3-БОБ. АКАДЕМИЯНИ БОШҚАРИШ

 

11. Академия фаолиятини бошқариш қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ амалга оширилади.

 

12. Академия фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун ректор (Кенгаш раиси) бошқарадиган Академия кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ташкил этилади. Кенгаш таркиби ректор томонидан тасдиқланади.

Кенгаш ўз фаолиятини Академия ректори томонидан тасдиқланадиган Низомга мувофиқ амалга оширади.

Кенгаш таркибига проректорлар, деканлар, илмий котиб, кафедралар мудирлари, алоҳида таркибий бўлинмалар таркиблари, етакчи профессор-ўқитувчи кадрлар ва илмий ходимлар, маҳаллий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг, шунингдек етакчи молия ва банк ташкилотларининг вакиллари киради.

Кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар киради:

ўқув, методик, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ва таҳририят-ноширлик ишларининг муҳим масалаларини, бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек Академия бўлинмалари фаолияти муҳим масалаларини ҳал этиш;

Академияни бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, унинг фаолиятини ривожлантиришнинг комплекс дастурларини қабул қилиш, юқори малакали бошқарув кадрлари ва мутахассислар, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашнинг янги мутахассисликларини очиш билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Академиянинг факультетлари, кафедралари, ўқув, методик, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ва бошқа бўлинмаларини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

"Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фахрий доктори" даражаси бериш тўғрисида қарор қабул қилиш.

 

13. Ректор, проректорлар ва деканлар Академиянинг раҳбарлар таркиби лавозимларига киради.

 

14. Академия фаолиятига умумий раҳбарликни Академия ректори амалга оширади. Академия ректори бўлмаган вақтда унинг вазифаларини Ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор вақтинча бажаради.

 

15. Академия ректори:

барча давлат органларида ва бошқа ташкилотларда Академия номидан вакиллик қилади;

Кенгашнинг тузилмаси ва низомини, таркибий бўлинмаларнинг, шунингдек Академиянинг уставидаги вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун ташкил этиладиган бошқа органларнинг низомлари ва иш режаларини тасдиқлайди;

факультетлар деканларини, ўқув, методик, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий бўлинмалар ва Академиянинг бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди.

Академиянинг ташкилий ва молиявий фаолияти масалаларини ҳал қилади;

Академиянинг мол-мулки ва маблағларини бошқариш ва тасарруф этиш бўйича белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади, молиявий, тўлов, ҳисоб-китоб ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни имзолайди;

Академиянинг барча ходимлари ва тингловчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

Академия ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва тўхтатади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Академия ходимларини моддий рағбатлантиради, шу жумладан ҳар ойлик устамалар ва мукофотларни тақсимлайди;

Академиянинг штат жадвалларини ва таъминоти харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Академиянинг профессор-ўқитувчи кадрларининг ўқув юкламасини, шунингдек ўқув ва илмий фаолиятининг норматив-методик ҳужжатларини тасдиқлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш учун тўлов миқдорларини, шунингдек Академия томонидан кўрсатиладиган ишлар ва хизматларга нархлар ҳамда тарифларни тасдиқлайди;

ўзининг айрим ваколатларини Академия проректорлари ўртасида тақсимлайди.

Академия ректори қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Уставга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

16. Академия ректори ходимларнинг чекланган белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдори доирасида Академия тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

 

17. Академияда Ҳомийлик кенгаши ташкил этилади, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ҳомийлик кенгаши тўғрисидаги низомни Ҳомийлик кенгашининг ўзи тасдиқлайди.

 

4-БОБ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ ВА АКАДЕМИЯНИНГ ИЛМИЙ-МЕТОДИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

 

18. Академияда таълим жараёни мамлакатни модернизациялаш ва иқтисодиётни эркинлаштиришнинг устувор вазифаларини, илғор халқаро таълим стандартлари ва талабларини ҳисобга олган ҳолда замонавий педагогика технологиялари ва ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланиш негизида, магистратура мутахассисликлари бўйича давлат таълим стандартларига ҳамда малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ташкил этилади.

Магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари Академия томонидан, республика иқтисодиётининг банк-молия сектори учун бошқарув кадрлари тайёрлашнинг мақсадли хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

19. Давлат таълим стандартларига мувофиқ ва буюртмачиларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган магистратура ўқув режалари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан келишган ҳолда Академия ректори томонидан тасдиқланади.

 

20. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим жараёни давлат талабларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

21. Академия давлат таълим стандартларига, шунингдек буюртмачилар талабларига мувофиқ ўқув режалари ва дастурлар талабларидан келиб чиқиб магистратуранинг тегишли мутахассисликлари бўйича бошқарув кадрларини мустақил тайёрлайди.

Магистратура мутахассисликлари, бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари бўйича ўқув режалари фанларининг ўқув дастурлари Академия ректори томонидан тасдиқланади.

 

22. Магистратурада бошқарув кадрларини тайёрлаш, шунингдек қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда амалга оширилади.

 

23. Академияда магистратура мутахассисликлари бўйича таълим дастурларини ўзлаштириш давлат якуний аттестацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ битирувчилар томонидан магистрлик диссертациялари ҳимоя қилиниши билан тугалланади.

 

24. Академия магистратураси мутахассисликлари бўйича таълим дастурларини давлат томонидан аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгилаган тартибда амалга оширилади.

 

25. Илмий-тадқиқот ва инновацион ишлар фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг давлат илмий-техник дастурлари доирасида танлов асосида ажратиладиган грантлар, Академиянинг илмий грантлари, хўжалик юритувчи субъектлар билан шартномалар, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ва улар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Илмий-тадқиқот ишларини бажаришдан олинган маблағлардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.

 

26. Академияда олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш қонун ҳужжатларида белгиланган олий таълимдан кейинги икки даражали тизимга мувофиқ амалга оширилади.

 

5-БОБ. АКАДЕМИЯНИНГ ТИНГЛОВЧИЛАРИ

 

27. Академия магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, фуқаролиги йўқ шахсларни ва хорижий фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига қабул қилиш кадрлар буюртмачилари билан келишув бўйича Академия ректори томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ Академия ректорининг буйруғи билан амалга оширилади.

 

28. Тингловчилар ўқув режасида назарда тутилган топшириқларни белгиланган муддатларда бажаришга, Академиянинг Уставига ва ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга мажбур.

 

29. Ўқиш даврида ўқув ва илмий-тадқиқот фаолиятида юқори кўрсаткичларга эга бўлган тингловчилар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари, Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек халқаро ва хорижий ташкилотлар грантлари ҳисобига хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот, банк ва молия муассасаларига стажировкага юборилади.

 

30. Академиянинг магистратураси, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига уларнинг ўқиш даврида уларнинг лавозими ва асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланади. Бошқа жойлардан келган тингловчиларга асосий иш жойи бўйича ўқиш жойига келишгача ва ундан кетишгача йўлкира (бир йилда кўпи билан бир марта) тўланади.

 

31. Магистратура тингловчилари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ академик таътил олиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

32. Академиянинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун тингловчиларга ҳайфсан ва Академиядан четлатиш шаклида белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланиши мумкин.

 

6-БОБ. АКАДЕМИЯНИНГ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИ КАДРЛАРИ ВА БОШҚА ХОДИМЛАРИ

 

33. Академияда профессор-ўқитувчилар таркиби, бошқарув, илмий, ўқув-ёрдамчи, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар лавозимлари назарда тутилади.

 

34. Профессор-ўқитувчилар таркибига кафедра мудири, профессорлар, доцентлар, катта ўқитувчи, ўқитувчи (ассистент), ўқитувчи-стажёр лавозими киради.

 

35. Профессор-ўқитувчи кадрларни Академияга ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ танлов асосида амалга оширилади.

Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, вазирликлар, идоралар ва республика бошқа ташкилотларининг етакчи мутахассислари ўриндошлик бўйича ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соатбай иш ҳақи тўлаш шартларида ўқитувчилик ва илмий-тадқиқот ишларига жалб этилиши мумкин.

Хорижий мамлакатларнинг олимлари ва мутахассислари Академияга ўқув ва илмий-методик ишларни олиб бориш учун шартнома асосида, Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ҳақ тўлаган ҳолда жалб этилиши мумкин.

 

36. Профессор-ўқитувчи кадрлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Академиянинг илмий, ўқув, ижодий ва ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ муҳим масалалари муҳокамасида қатнашиш;

Академиянинг ўқув заллари, аудиториялари, кабинетлари, шунингдек ахборот ва ресурс марказлари хизматларидан фойдаланиш;

тингловчиларнинг ўзига хос индивидуал хусусиятларига жавоб берадиган ва ўқув жараёнининг юқори сифатини таъминлайдиган ўқитиш методлари ва воситаларини танлаш.

 

37. Профессор-ўқитувчи кадрлар қуйидагиларга мажбур:

ўқув жараёнининг юқори самарали бўлишини таъминлаш;

тингловчиларда ташаббускорликни, ижодий қобилиятни, илмий изланишга интилишни ривожлантириш;

тингловчиларда юксак маънавият ва маданиятни, Ватанга муҳаббатни, ватанпарварлик ва фуқаролик нуқтаи назарини шакллантириш;

жумладан таълим мазмунининг юқори савияда бўлишини таъминлаш мақсадида илмий тадқиқотларни олиб бориш, илмий фаолият билан шуғулланиш;

Академиянинг устави ва ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш.

 

38. Бошқарув, илмий, ўқув-ёрдамчи, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Академиянинг ички тартиб-қоидаларида ва лавозим йўриқномаларида белгиланади.

 

7-БОБ. АКАДЕМИЯНИНГ ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТИ

 

39. Академия банк, молия ва солиқ тизимлари ташкилотларида, шунингдек хорижий мамлакатларнинг олий таълим ва илмий муассасаларида профессор-ўқитувчи кадрлар, илмий ва бошқа ходимлар ҳамда тингловчиларнинг стажировкасини белгиланган тартибда ташкил этади.

 

40. Академия профессор-ўқитувчилар, кадрлар, илмий ва бошқа ходимлар ҳамда тингловчиларнинг ўқув-методик ва уларнинг халқаро грантларда, лойиҳаларда ва айирбошлаш дастурларида, халқаро илмий-методик конференцияларда иштирок этишини моддий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

 

41. Профессор-ўқитувчи кадрлар, ходимлар ва тингловчиларнинг хорижий стажировкаси, уларнинг турли халқаро таълим ва тадқиқот дастурларида иштирок этиши халқаро шартномалар, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, Академиянинг хорижий шериклар билан шартномалари асосида амалга оширилади.

 

8-БОБ. АКАДЕМИЯНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ

 

42. Қуйидагилар Академия фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Академиянинг жорий таъминотига, унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш бўйича тадбирларни амалга оширишга, шунингдек Академиянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари;

Фан ва технологиялар агентлиги томонидан давлат илмий-техника дастурлари доирасида ўтказиладиган грант танловлари натижалари бўйича ажратиладиган маблағлар;

магистратура тингловчиларини пулли-контракт асосида тайёрлашдан, бошқарув кадрлари ва мутахассислар малакасини шартномалар асосида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишдан тушадиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан тузилган тўғридан-тўғри контрактлар асосида бажарилган ўқув, методик ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини, ахборот-таҳлилий ва таҳририят-ноширлик ишларини, таълим хизматларини ва хизматларнинг бошқа турларини бажаришдан тушумлар;

маҳаллий ва хорижий ташкилотларнинг, лойиҳалар ва дастурларнинг хайрия эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

43. Академия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

банк, молия, солиқ тизими ва иқтисодиётнинг реал секторидаги долзарб масалалар бўйича даврий илмий журнал (шу жумладан электрон форматда) чиқариш;

Академияга ажратилган маблағлар ёки ўзининг фондлари ҳисобига зарур асбоб-ускуналар ва бошқа моддий ресурсларни харид қилиш, ижарага олиш;

Академияга тегишли бўлган мол-мулкка, хўжалик ёки бошқа фаолият натижасида олинган интеллектуал мулк объектларига, даромадларга, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда сотиб олинган мол-мулкка белгиланган тартибда эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш;

Академия томонидан кўрсатиладиган ишларга, хизматларга тарифлар, нархлар ва баҳоларни қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда белгилаш.

 

44. Магистратура тингловчиларини пулли-контракт асосида ўқитишнинг қиймати, миқдори ва тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Академия ректори томонидан тасдиқланади.

 

45. Академиянинг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантириш ва сарфлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

46. Раҳбар ва профессор-ўқитувчи кадрларнинг лавозим маошлари олий таълим муассасалари тегишли ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорларида белгиланади.

Бошқа ходимларга лавозим маошлари давлат бошқаруви органлари ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига мувофиқ белгиланади.

 

47. Академияда, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси билан бир қаторда, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига Бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни улар меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизигача миқдорида моддий рағбатлантириш учун махсус жамғарма (кейинги ўринларда Махсус жамғарма деб аталади) ташкил этилади.

Махсус жамғарма маблағлари штатдаги бошқарув, профессор-ўқитувчилар, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга ўқув, ўқув-методик, маънавий-маърифий, илмий-тадқиқот ва ташкилий хўжалик фаолияти даражасини оширишда, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашда эришган юқори муваффақиятлари учун тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар белгилашга йўналтирилади.

Махсус жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек Академия ходимларига ҳар ойлик устамалар белгилаш мезонлари Академия Кенгаши томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.

Махсус жамғарма маблағлари бюджет муассасалари ва ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасини ҳисоблашда Академиянинг меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига киритилади.

 

48. Академия ўз фаолияти натижаларининг бухгалтерия ҳисобини белгиланган тартибда амалга оширади, молия ва статистика ҳисоботларини юритади.

 

9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

 

49. Академияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.