Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Экспорт қилувчи учун йўлланмалар

02.10.2013

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш, замонавий, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни хориж бозорларига олиб чиқишда уларга ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий кўмак бериш учун кўп иш қилиняпти.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида ЎзР Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастурининг "Ташқи савдога кўмак ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш" қўшма лойиҳаси билан бошловчи экспортчилар учун экспорт фаолиятига доир қўлланмалар тайёрланди.

Махсус мухбиримизга улар тўғрисида лойиҳа раҳбари Жаҳонгир ИМОМНАЗАРОВ ҳикоя қилади.

 

- Ташқи иқтисодий фаолият биринчи навбатда унинг хусусиятлари, ҳуқуқий доиралари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлишни тақозо этади. Бу ҳақда тадбиркорлар турли тадбирларда сўзлаб, маслаҳат билан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжнинг катталигига эътиборни қаратдилар. Бу масала айниқса минтақаларда долзарб. Хусусан, ўзбек тилидаги махсус босма рисолалар зарурлиги таъкидланди. Зеро экспорт фаолиятини бошлашни хоҳловчиларнинг кўпчилиги амалда унинг асослари билан таниш эмаслар. Қўлланмалар нашр этилишига бошловчи экспортчиларнинг ташаббуси сабабчи бўлди дейиш мумкинми?

 

- Шубҳасиз. Уларни ишлаб чиқишда биз тегишли аудиториянинг хоҳиш ва тавсияларига асосландик. "Маҳсулот қандай экспорт қилинади?", "Маҳсулотларни совуқхонада сақлаш бўйича қўлланма" ва "Бизнес-режа тузиш бўйича қўлланма" рисолалари чиқарилди. Улар соҳа мутахассиси бўлмаганлар учун ҳам тушунарли тилда ёзилган, экспортчи учун энг муҳим бўлган маълумотларни батафсил акс эттиради. Мисол учун, биринчи қўлланмада экспорт фаолиятидаги ўн икки қадамдан иборат ҳаракатлар суратли тарзда баён этилади. Маълумотларнинг шу тариқа тақдим этилиши вақтни тежайди, қизиқиш уйғотади ва узоқ эсда қолади. Ҳар бир суратга шарҳлар берилган.

Бундан ташқари, "Маҳсулот қандай экспорт қилинади?" қўлланмасида экспортнинг давлат томонидан тартибга солиниши ва рағбатлантирилиши тизими, муҳим таомиллар ва уларни ўтказиш учун зарур ҳужжатлар тўғрисида, уларни тўлдириш бўйича намуналар ва тушунтиришлар билан биргаликда, базавий маълумотлар берилган. Мисол учун, бўлимларнинг бири "бир дарча" тизими воситасида экспорт маҳсулотини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган шаклига бағишланган. "Ўзтадбиркорэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси кўмагида экспортни амалга ошириш тўғрисида ҳикоя қиладиган блок ҳам бор.

Рисолада экспорт фаолиятини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ТИФ иштирокчиларини қўллаб-қувватлайдиган ва уларга хизмат кўрсатадиган ташкилотлар ва муассасалар (манзил ва телефонлари билан) тўғрисида ахборот берилган. Унда Инкотермс бўйича маълумотлар, фойдали интернет-ресурслар, инглизча-ўзбекча асосий атамалар луғати ва бошқалар ҳам бор.

 

- Экспорт фаолиятининг муваффақиятли бўлиши учун зарур "12 қадам" нима ўзи?

 

- Ўз маҳсулотини ташқи бозорга олиб чиқишдан аввал тадбиркор баъзи саволларга жавобларни билиши керак. Харидорни қандай қилиб топиш керак? Қандай қилиб экспорт маҳсулотининг таннархини пасайтириш, рақобатбардош нарх ва товарга ҳақ тўлаш усулини аниқлаш лозим? Экспорт контрактини қандай тузиш керак? Қандай қилиб мол етказиб бериш шартларини мақбуллаштириш лозим? Тегишли таомилларни қайси органларда амалга ошириш зарур, бунинг учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак? Уларга жавоблар қўлланманинг мавзувий блоклар кўринишида шакллантирилган қадамма-қадам йўриқномаларда берилган. Экспортнинг асосий босқичлари маҳсулот рекламаси ва маркетинг тадқиқотлари, чет эллик харидор билан музокаралар, контрактни имзолаш, уни банк ва божхона органида ҳисобга қўйиш, маҳсулотни сертификатлаштириш, божхона расмийлаштируви, тўлов таомиллари, юкларнинг логистик кузатувини ўз ичига олади.

 

- Ушбу рисола бошловчи экспортчилар учун самарали кўмакчи бўлиб қолади деб умид қиламиз. Ўзига хос шаклда тақдим этилган иккинчи қўлланма тўғрисида ҳам ҳикоя қилсангиз.

 

- Ўзбекистоннинг мева ва сабзавотлари қадимдан мамлакатимиздан ташқарида шуҳрат қозонган. Улар рақобатга тўлақонли равишда дош берувчи товарлардир. Агар у пировард истеъмолчига сифатли ва уринмаган ҳолида етказиб берилса, албатта. "Даладан истеъмолчига" занжирида бундай маҳсулот билан тўғри муносабатда бўлиш ва уни сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбек тилида чиқарилган "Маҳсулотларни совуқхонада сақлаш бўйича қўлланма" кейинчалик экспорт қилиш учун мева, сабзавот ва бошқа хил маҳсулотларни совуткичларда сақлашдан манфаатдор фермерлар ва тадбиркорлар учун мўлжалланган. Қўлланма ҳосилни йиғиб-териб олишни режалаштириш, совуткич камералар, уларни маҳсулотни сақлашга тайёрлаш, турли мевалар ва сабзавотларнинг хусусиятлари ҳамда уларнинг бир-бирига мувофиқлиги билан таништиради, ўзига хос товарни дастлабки совутиш ва сақлаш чизмаси хусусида тавсиялар беради.

 

- Қўлланмалар тайёрлаш - ЎзР ТИАИСВ ва БМТ Тараққиёт дастурининг "Ташқи савдога кўмак ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш" қўшма лойиҳаси вазифаларидан биригина холос. У экспорт қилувчиларга яна қандай ёрдам кўрсатади?

 

- Лойиҳанинг мақсади унинг номида аниқ ифодаланган - ташқи савдо фаолиятига ва мамлакатимизнинг инвестицион жиҳатдан жозибадор бўлишига кўмаклашиш.

Тадбиркорларга ўз товарлари ва хизматларини ташқи бозорларга омилкорлик билан олиб чиқишлари учун ахборот билан кўмаклашиш, шунингдек экспорт фаолияти билан боғлиқ таомилларни соддалаштириш лойиҳанинг экспортга доир вазифалари ҳисобланади.

Шунингдек лойиҳа экспорт ҳажмини ошириш ва корхоналаримизни глобал ишлаб чиқариш тизимларига интеграциялаш учун қўшимча дастакларни излаяпти. Истиқболда бизнесни лойиҳа фаолиятига фаолроқ жалб этишни ва савдони ривожлантириш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда унинг ролини кучайтиришни режалаштиряпмиз.

Чунончи, "Савдога кўмаклашиш" лойиҳасининг Наманган вилоятида амалга оширилаётган компоненти доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини оширишда ёрдам кўрсатиш режалаштириляпти. Бунинг учун мавзувий семинарлар ва амалий тренинглар ўтказиш, истиқболли технологияларни танлаш ва пилот бизнес лойиҳаларини амалга оширишда ёрдам бериш мўлжалланган.

 

- Охирги савол: қўлланмаларингизни қаердан харид қилиш мумкин?

 

- Қўлланмаларни Ўзбекистондаги БМТТДнинг "Ташқи савдога кўмак ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш" лойиҳаси офисига 267-18-40 телефони орқали мурожаат қилиб олишингиз мумкин. Дарвоқе, улар бепул берилади.

 

--------------------

 

 

 

ПОЧТА ҚУТИСИ

 

 

ТОВАРНИНГ НАРХИГА БОҒЛИҚ

 

Мен якка тартибдаги тадбиркорман, автосервис хизматларини кўрсатиш билан шуғулланаман. Менда махсус асбоб-ускуналар стенди бор. Тест синовидан ўтказиш учун тўртта датчикни Алматида жойлашган сервис марказига 10 кун муддатга олиб боришим керак. Чегарадан ўтишда қандай ҳужжатларни тақдим этишим керак?

 

- Ўз хатингизда датчикларнинг қийматини кўрсатмагансиз. Агар у энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдоридан ошмаса, Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) қоидаларига кўра датчиклар ЎзР божхона чегарасидан Т-6 шаклидаги декларация ва товарга илова қилинган ҳужжатлар асосида ўтказилади. Уларнинг мавжудлиги Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ декларация 5-бандининг "и" кичик бандида кўрсатилади.

Акс ҳолда сиз датчикларни "Вақтинчалик четга олиб чиқиш" божхона режимига расмийлаштиришингиз керак бўлади. Ушбу режимга жойлаштириш тартиби Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) божхона режимига қўйиш қоидалари (бундан кейин - Қоидалар) билан белгиланади. Унинг V бўлимига кўра товарларга белгиланган тартибга мувофиқ декларация тўлдириш ва уларнинг идентификация қилиниши имкониятини таъминлаш вақтинчалик четга олиб чиқиш божхона режимига қўйиш шартлари ҳисобланади.

Агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши керак бўлса, ушбу органларнинг рухсатномаларини тақдим этиш лозим.

Вақтинчалик олиб чиқишга рухсатномани ДБҚнинг ҳудудий бошқармаси олиб чиқишнинг мақсади ва ҳолатларидан келиб чиқиб беради. Бунинг учун ариза бериб, унда Қоидаларнинг 1-иловасига биноан вақтинчалик олиб чиқишга рухсатноманинг муддатини сўраш лозим. Унга:

товарни бериш (товарлар вақтинчалик олиб чиқилган тақдирда кафолатли хизмат кўрсатиш доирасида) тўғрисида контрактнинг (шартнома, битимнинг);

транспортга оид ва товарга илова қилинувчи ҳужжатларнинг;

ваколатли органлар рухсатномаларининг (агар қонун ҳужжатларига мувофиқ товарни уларнинг назоратидан ўтказиш керак бўлса) нусхалари илова қилинади.

Ариза 5 иш куни мобайнида кўрилади. Товарлар вақтинчалик четга олиб чиқиш божхона режимида жойлаштириладиган белгиланган муддат божхона юк декларациясида кўрсатилади, у Қоидаларга 3-иловага мувофиқ тўлдирилади.

БЮД бундай товарни қайтадан олиб кириш тўғрисидаги мажбурият ҳисобланади. Шу сабабли вақтинчалик четга олиб чиқишга рухсатнома олган шахс унинг муддати тугашига қадар вақтинча олиб чиқилган товарларни қайтадан олиб киришни таъминлаши ёки вақтинча олиб чиқиш муддатини узайтиришга ёхуд вақтинчалик четга олиб чиқилган товарларни бошқа божхона режимларида жойлаштиришга рухсатнома олиши керак.

Четга вақтинчалик олиб чиқиш божхона режимининг амал қилиши вақтинчалик олиб чиқилган товарлар Ўзбекистон божхона ҳудудига қайтадан олиб кирилганда ёки улар бошқа божхона режимларида жойлаштирилганда якунланади.

Тегишинча, божхона чегараси кесиб ўтилганда БЮД ва товарга илова қилинувчи бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

 

 

"Божхона" бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Эту тему могут комментировать только зарегистрированные пользователи. В теме действует премодерация комментариев.
Авторизуйтесь или зарегистрируйтесь