Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Карточка орқали бозордан харид қилинганда

24.09.2013

 

Бизнинг МЧЖ фаолият тури - озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таъмини меъёрлаштириш мақсадида деҳқон бозорларидан айрим зираворлар харид қилишимизга, жумладан уларни терминал орқали ҳақ тўлаш воситасида олишимизга тўғри келади.

Биз ушбу зираворларни корпоратив пластик карточка бўйича харид қилишимиз мумкинми, сотиб олинган товарни қандай қилиб ҳужжатли кирим қилса бўлади? Шу хусусда батафсил хулоса чиқариб беришингизни илтимос қиламиз.

 

Оғабек Тошев,

МЧЖ раҳбари ўринбосари.

Самарқанд вилояти.

 

- Корпоратив банк картасидан фойдаланишда Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга (МБ бошқарувининг АВ томонидан 2005 йил 18 апрелда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) амал қилиш лозим бўлади.

Хусусан, корпоратив банк карталарининг сақловчилари савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида миллий валютадаги корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда, унга киритилган ўзгартиришлар ҳисобга олинган ҳолда, кўзда тутилган харажатларни тўлаш учун нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишлари мумкин.

Корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларда ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади.

Корпоратив банк картаси воситасида бошқа харажатлар учун тўловлар амалга оширилганда терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва "Тўланди" муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади.

Хўжалик эҳтиёжлари учун майда улгуржи тартибда товарлар ҳақи корпоратив банк картаси воситасида тўланганда, терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган товар счётлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳужжатлар ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади.

Бинобарин, Президентнинг "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига (2011 йил 24 августдаги ПФ-4354-сон) кўра корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда товарларга тўловларни амалга оширишда тўлов терминаллари чеклари бирламчи бухгалтерия ҳужжатларига тенглаштирилади.

Корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида корхона бухгалтериясига ҳисобот тақдим этиши шарт. Бунда ҳисобот билан бирга тўлов терминали чекини тақдим этиши шарт, унда сотиб олинган товар тўғрисидаги маълумотлар: номи, миқдори, нархи, хариднинг умумий суммаси акс эттирилиши керак.

21-сон БҲМСга асосан бухгалтерия ҳисобида сотиб олинган хом ашё терминал чеки ва моддий жавобгар шахснинг ҳисоботи асосида 1010-ҳисобварақ дебетига кирим қилинади ва 4200-"Ходимларга берилган бўнаклар" ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттирилади.

 

* * *

 

 

 

ИШЛАБ ЧИҚАРИШГА

БАЗА ТАТБИҚ ЭТИЛМАЙДИ

 

2013 йил март ойидан корхонамиз таъсисчи сифатида янги корхона очди. Янги очилган корхонамизнинг асосий фаолият тури қандолатчилик ҳисобланади. Ушбу корхона бундан кейин маҳсулотини ҳам улгуржи, ҳам чакана тарзда сотади.

1. Биз ягона солиқ тўловини қандай тўлашимиз керак? Уни базани ҳисобга олиб ҳисоблаймизми?

2. Асосий фаолиятимиз қандолатчилик экан, ягона солиқ тўловини ҳисоблашда чакана ва улгуржи фаолияти бўйича алоҳида ҳисоб олиб борамизми? ЯСТ ставкасининг қайси бирини қўллашимиз керак бўлади?

Ушбу йўналишда тўлиқ маълумот берсангиз.

 

Акромжон Асроров,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

- 1. Базавий миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилари Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Ушбу Низомга мувофиқ, чакана савдо корхоналари ЯСТни қонун ҳужжатларига мувофиқ, лекин айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар.

Бинобарин, базавий миқдорни ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловини тўлаш тартиби асосий фаолият тури ишлаб чиқариш бўлган корхоналарга татбиқ этилмайди. Сизнинг корхонангиз, хатингизга қараганда, ишлаб чиқариш корхоналарига киради, тегишинча, у ЯСТни Солиқ кодексига мувофиқ, базавий миқдорни ҳисобга олмасдан тўлайди.

 

2. Солиқ кодексининг 350-моддасига асосан солиқ солиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари жумласига савдо фаолияти, умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради. Қуйидагиларга савдо фаолияти сифатида қаралмайди:

- ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот бўлган товарларни реализация қилиш, шу жумладан уларни мустақил юридик шахс бўлмаган фирма дўконлари орқали реализация қилиш;

- воситачи, ишончли вакил томонидан воситачилик, топшириқ шартномаси бўйича товарларни реализация қилиш, шу жумладан давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилиш;

- тайёрлов фаолиятини амалга оширувчи корхоналар томонидан товарларни реализация қилиш.

Демак, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни улгуржи ҳамда чакана сотиш солиқ солиш мақсадида савдо фаолияти ҳисобланмайди, балки ишлаб чиқариш фаолияти доирасида амалга ошириладиган операция деб эътироф этилади.

Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар уни лицензиясиз улгуржи тарзда, шунингдек НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаган ҳолда чакана сотишга ҳақлидирлар.

Шу муносабат билан ўз қандолат маҳсулотларини реализация қилиш бўйича алоҳида ҳисоб юритиш керак эмас, чунки олинган барча тушумга, жумладан саноат соҳасидаги корхоналар учун (пул ўтказиш ва нақд пул билан) 5%лик ставка* бўйича ягона солиқ тўлови солинади.

 

*) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-1887-сон қарорига 9-1-илова.

 

* * *

 

 

 

ДОРИХОНА ЧАКАНА САВДО

КОРХОНАСИ ҲИСОБЛАНАДИ

 

Чакана савдо корхоналари учун жорий этилган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари чакана дорихона ташкилотларига татбиқ этиладими?

 

Зафар Эгамбердиев, МЧЖ раҳбари.

Янгийўл шаҳри.

 

- Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 2010 йил 28 декабрда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилганлигини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш мақсадида чакана савдо корхоналарига ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлиб чакана савдо ҳисобланадиган юридик шахслар киритилади.

ВМнинг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида турғун савдо шохобчалари таркибига давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан белгиланган жойларда доимий асосда жойлашган савдо объектлари (дўконлар, киоскалар, ларёклар, павильонлар, дорихоналар, оптика, автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари) киритилган.

Юқоридаги Низомда чакана савдо қиладиган айрим турдаги корхоналар учун (шу жумладан дорихоналар учун ҳам) ҳеч қандай чеклашлар назарда тутилмаган.

Демак, чакана дорихона ташкилотлари, чакана савдо корхоналари ҳисобланганлиги боис, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгиланган тартибда энг кам меъёрларни ҳисобга олган ҳолда тўлашлари керак.

 

* * *

 

 

 

КРЕДИТНИ КИМ БЕРАДИ?

 

Менинг ўғлим ушбу ўқув йилида коллежни тамомлади ва олий ўқув юртига контракт асосида ўқишга кирди. Мени бугун қуйидаги масала қизиқтирмоқда. Ўзбекистоннинг қайси банклари республика олий ўқув юртларида ўқиш учун кредитлар беради? Йиллик қанча фоиз олинади ва у қандай ҳисоб-китоб қилинади?

 

Гулчеҳра Бердиёрова,

МЧЖ бухгалтери.

Қарши шаҳри.

 

- Сиз кўтарган масала Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида низомда (бундан кейин - 318-сон Низом) белгилаб берилган.

Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.

Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.

Таълим кредитлари, қоидага кўра, қарз олувчи яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банклари муассасалари томонидан берилади.

Юқоридаги Низомнинг 4-бандига кўра тижорат банклари таълим кредитлари учун фоиз ставкаси миқдорини Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорларда (2011 йилда - йиллик 12%) мустақил равишда белгилайдилар. Бунда фоиз ставкаси ва таълим кредити бўйича фоизли тўловлар суммаси қайта молиялаш ставкаси ўзгарган тақдирда ўзгариши мумкин, бу эса кредит шартномасида акс эттирилиши керак.

Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кредит суммаси ва фоиз ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бунда фоизларни ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш банк томонидан таълим муассасасига кредит суммаси ўтказилган пайтдан бошланади, таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини тенг икки қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Фоизлар қарз олувчи томонидан кредит шартномасида қайд этилган шартларда тўланади.

Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойининг (сентябрь ва март) 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

Асосий қарз талаба олий ўқув юртини тугатганидан кейин 3 ой ўтгач кредит шартномасида қайд этилиши керак бўлган шартларда қайтарилади. Одатда, у ҳар ойда, қарз қолдиғи суммасининг ойлик фоизларини тўлаган ҳолда тенг улушлар билан тўланади.

Бунда қарз олувчи кредитни кредит шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтаришга ҳақлидир (318-сон Низомнинг 21-банди).

 

* * *

 

 

 

НАҚД ПУЛНИ ИШЛАТА ОЛМАЙСИЗ

 

Соддалаштирилган тартибда иш юритувчи корхонамиз маҳсулот ишлаб чиқариш учун материаллар ва хом ашёни нақд пулга сотиб олиши мумкинми?

 

Алишер Раҳматуллаев,

МЧЖ раҳбари.

Жиззах вилояти.

 

- Фуқаролик кодексининг 790-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Жумладан, юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, агар бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Агар бошқача тартиб келиб чиқмаса ва бундай тартибни фойдаланилаётган ҳисоб-китоблар шакли тақозо этмаса, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар уларда қатнашаётган шахсларнинг ҳисобварақлари очилган банклар, бошқа кредит ташкилотлари (бундан буён - банклар) орқали амалга оширилади.

Шу тариқа, юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, ҳисоб-китобларнинг худди шундай тартиби Вазирлар Маҳкамасининг "Муомаладаги нақд пулларни камайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори (11.07.1994 йилдаги 356-сон) ва Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидалари (МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган, унга кўра:

- мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар банк муассасалари орқали нақд пулсиз амалга оширилади;

-юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек, фуқаролар иштирокидаги, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ ҳисоб-китоблар нақдсиз тартибда банк муассасалари орқали амалга оширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

-банк муассасаларидан ташкилотлар олган нақд пуллар улар қандай мақсад билан олинган бўлса, ўша мақсад учунгина сарфланади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг "Истеъмол товарлари билан улгуржи ва чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг (19.03.1999 йилдаги 125-сон) 2-банди билан ҳам белгиланишича, юридик шахслар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган товарларни бошқа юридик шахсларга, махсус истеъмолчиларга ва ижтимоий соҳа муассасаларига, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларга сотиш фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича амалга оширилади.

Шуни қайд этишимиз лозимки, юридик шахслар - истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилар ўзлари ишлаб чиқарган товарларни ўз фирма дўконлари, шу жумладан ишлаб чиқариш жойида ташкил этилган ўз фирма дўконлари ёки ўзларига тегишли бўлган ёхуд белгиланган тартибда ижарага олинган турғун савдо шохобчалари орқали, фақат белгиланган намуналардаги назорат-касса машиналаридан, тўловларни пластик карточкалар бўйича қабул қилиш ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланган ҳолда чакана сотишлари мумкин.

Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, сизнинг корхонангиз товарлар ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материалларни нақд пулга сотиб ололмайди.

 

Жавобларни экспертимиз

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Эту тему могут комментировать только зарегистрированные пользователи. В теме действует премодерация комментариев.
Авторизуйтесь или зарегистрируйтесь

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 180