Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

ҚАРЗ ОЛУВЧИ ФОИЗ ТЎЛАМАСА, УНГА СОЛИҚ ТЎЛАШ МАЖБУРИЯТИ ЮКЛАНАДИМИ?

03.09.2015

Вақтинчалик молиявий қийинчиликлар муносабати билан ташкилот бизнес бўйича ҳамкор шеригидан жорий харажатлар учун фоизсиз қарзга пул маблағлари олди. Шартнома муддати тугаши билан қарз суммаси тўлиқ ҳажмда қайтарилди. Ана шу ҳолатда солиқ солиш объекти юзага келгудек бўлса, солиқ солинадиган база қай тартибда белгиланади? Солиқ органларининг фикрича, бунда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасини мўлжал қилиб олиш керак. Шу тўғрими?

 

Газетхонлар мурожаатларидан.

 

Бу саволларга келтирилаётган жавобларда муаллифлар қарама-қарши нуқтаи назардан туриб ўз фикрларини баён этишган. Таҳририят томонидан тайёрланган туркум материалларда баён этилган, бир-бирига мос бўлмаган фикрлар муаммо кўламдор эканини кўрсатиб беради. Газетамиз муштарийлари бўлмиш барча мутахассисларни ана шу муаммони таҳлил этишда давом этишга, www.norma.uz cайти орқали муаммо муҳокамасида иштирок этишга чақирамиз. Энг аввало давлат органларининг фаолияти вазиятни баҳолаш ва қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ ходимлари сирасига мансуб газетхонлар эътиборига қуйидаги материалларни ҳавола этамиз.

 

 

Ҳуқуқий таҳлил:

 

ФОИЗСИЗ ТЕКИН БЕРИЛАДИГАН

ДЕГАНИ ЭМАС

 

Солиқ кодекси (бундан кейин матнда Кодекс деб юритилади) 132-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига биноан солиқ тўловчининг бошқа даромадлари жумласига Кодекснинг 135-моддасига мувофиқ текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар киради. Кодекс 135-моддасининг биринчи қисмига кўра солиқ тўловчи текин олган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар, агар Кодексда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, солиқ тўловчининг даромади бўлади.


Юқорида айтилганлардан аён бўладики, солиқ оқибатларининг юзага келиши солиқ тўловчи олган нарсаларнинг текин эканлигига боғлиқдир.

 

Солиқ солиш мақсадидагина қўлланиладиган тушунча таърифи Солиқ кодексида мужассам топмаган ҳолларда бу нарса Фуқаролик кодекси нормалари билан аниқланади. Чунончи Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 355-моддасида айтилишича, шартнома бўйича бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади.

 

Шартнома ҳақ эвазига ёки текинга тузилганлигини таснифлашда таяниладиган мезон шартноманинг ФК тегишли нормаси билан тартибга солинадиган предметидир. ФК бўйича шартноманинг ҳар бир тури ўз предметига эга, уни таърифлашга алоҳида модда бағишланади. Айни шартнома предмети унинг ҳуқуқий ва иқтисодий моҳиятини белгилаш имконини беради.

 

Қарз шартномасининг предметини (ФК 732-моддаси) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни қайтариб бериш шарти билан муайян муддатга бериш муносабатлари ташкил этади, бошқача қилиб айтганда, қарз шартномаси фақат ҳақ эвазига асосланади.

 

Фоизларга оид шартлар қарз предметига кирмайди. ФК 734-моддасидан англашиладики, қарз фоизли ёки фоизсиз бўлиши мумкин. Фоизсиз қарз бериш шартноманинг текин шартнома бўлишига олиб келмайди, негаки бу ҳолатда ҳам қарз суммаси қайтарилмоғи керак.


2-сон БҲМС даромадни активларнинг кўпайиши тарзида ёки ўз сармояси кўпайишига олиб келувчи мажбуриятларнинг қисқариши тарзида таърифлайди. Демак, фоизсиз асосда қарз олган ва уни қайтариши лозим бўлган шахс даромад олмайди.


Бироқ фоизсиз қарз берилиши мулкий ҳуқуқ текинга берилишини англатмайди. Қарз шартномаси бўйича ҳуқуқлар эмас, юқорида қайд этиб ўтилганидек, пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёлар бериладики, улар ФК 87-моддасига биноан бир турдаги ҳамма ашёларга хос аломатларга эга бўлган ҳамда сони, оғирлиги, ўлчови ва шу кабилар билан белгиланадиган ашёлар турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар ҳисобланади. Булар бошқаси билан алмаштирса бўладиган ашёлардир.

 

Мулкий ҳуқуқ тўғрисида сўз борганда мамлакатимиз Фуқаролик кодексида ҳам, Солиқ кодексида ҳам мулкий ҳуқуқ тушунчаси таърифи йўқ эканлигини инобатга олиш лозим.

 

Халқаро тажрибани таҳлил этишда Россия Федерацияси Олий арбитраж суди фоизсиз қарзлардан солиқ олиш билан боғлиқ низони кўриб чиқиб, ўзининг 2004 йил 3 августдаги 3009/04-сон қарорида солиқ органи ҳаракатларини қонунга хилоф деб топганлигига, қарз олувчида қарз олганидан кейин мол-мулкни қарз берувчига қайтариб бериш доимий мажбурияти юзага келишини таъкидлаганлигига алоҳида эътибор бериш мумкин.

 

Бобур ЙЎЛДОШЕВ,

юрист.

 

 

БУ ФИКРНИ ЁҚЛАЙМИЗ:

ҚАРЗ ОЛИБ ДАРОМАДГА ЭГА

БЎЛГАН СОЛИҚ ТЎЛАШИ ЛОЗИМ

 

Фоизсиз қарздан солиқ олиш масаласини кўриб чиқишдан аввал мулкий ҳуқуқ тушунчасини аниқлаштириб олиш даркор. Таассуфки, Солиқ кодексида ҳам, Фуқаролик кодексида ҳам бу хусусда ҳеч нарса дейилмаган. Шу муносабат билан "ҳуқуқ" ва "мол-мулк" тушунчаларини асос тушунча деб олинади. Солиқ солиш масаласини ҳал этишда бу тушунчаларнинг мазмун ва моҳияти Фуқаролик кодексининг мулкий ҳуқуқ мол-мулк таркибига киради дейилган 81-моддасига эмас, балки Солиқ кодексининг 22-моддасида келтирилган таърифга монанд бўлиши лозим.

 

"Ҳуқуқ" деган бағоят кенг кўламдаги тушунча доирасидан дастлаб "мулк ҳуқуқи" деган торроқ тушунчани, юқорида айтилган ҳолатда эса бунинг бир қисмини, яъни "фойдаланиш ҳуқуқи" тушунчасини ажратиб олиб, алоҳида кўриб чиқиш лозим. Кодекснинг 22-моддасида келтирилган мол-мулк тушунчасидан шу нарса англашиладики, пул маблағлари мол-мулкнинг турларидан биридир. Бинобарин улардан фойдаланиш ҳуқуқи мулкий ҳуқуқ турларидан биридир.

 

Қарз моҳиятига ФК 732-моддасига биноан пул маблағларини бериш ва қайтариб олишдек жўн тарзда қарамаслик керак. Қарз олувчи пул маблағларини олганда, моҳиятан улардан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам олади.

 

Қарз тариқасидаги битим қандай шартларда амалга оширилади деган иккинчи саволга келганда, шуни айтиш керакки, бу иш ҳақ эвазига ва текин амалга оширилади. Ҳақ эвазига асосланилганда қарз олувчи қарз берувчига пул маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун шартномада назарда тутилган фоизни тўлайди. Текинга асосланилган ҳолларда эса бу нарса текинга амалга оширилади.

Пул маблағларидан текин фойдаланиш юзасидан олинган ҳуқуқ Солиқ кодексининг 135-моддасига биноан, шак-шубҳасиз, даромад ҳисобланади. Бироқ бунда олинган даромад миқдор маъносида қандай баҳоланади деган савол келиб чиқади. Бинобарин, бунда нима солиқ солинадиган база ҳисобланади?

 

Таассуфки, солиқ тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларида бу масала етарлича очиб берилмаган. Уларда қарз ҳақ эвазига асосланган ҳолда, аммо унча юқори бўлмаган, яъни бозордагидан кам фоиз ставкасида берилган ҳолларда минимал фоиз ставкасини расамадга солиш таомили йўқ. Мабодо ҚОНУН ИЖОДКОРЛАРИ бозордагидан кам фоиз ставкаси қўлланилган тақдирда қарз олувчида юзага келувчи тафовут солиқ солинадиган даромад ҳисобланади деб белгилайдиган бўлса, бу масала Кодекснинг 20-бобида акс эттирилмоғи лозим.

 

Пул маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қиймати тушунчаси ҳам аниқ таърифланмоғи лозим. ФК 736 ва 327-моддаларида бунақа ҳолларни баҳолашда судларга "банк фоизининг ҳисоб ставкаси"дан келиб чиқиб белгилаш тавсия этилади. Шу сабабли мавжуд норматив ҳужжатлардан ва мамлакатимиздаги бозор муносабатлари тараққиёти даражасидан келиб чиқиб, бозор миқёсидаги фоиз ставкаси сифатида Марказий банк ҳисоб ставкасини асос қилиб олиш мақсадга мувофиқдир. Бу ставка "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонуннинг 26-моддасида белгилаб қўйилган (Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси).

 

Солиқ тўловчилар эътиборини "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонун 11-моддаси иккинчи қисмининг охирги хатбошисига қаратишни ўринли деб биламан. Унга биноан солиқ солиш борасида масалалар келиб чиққан тақдирда, солиқ органлари даромад ҳажмини бозор мезонларидан келиб чиқиб баҳолаш ҳуқуқига эга. Шу сабабли ҳақ эвазига асосланган ҳолда, аммо Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан камроқ миқдордаги фоиз ставкаси билан қарз берилган ҳолларда солиқни ҳисоблаб чиқаришда солиқ органлари вакилларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан баҳслашиш ва тортишиш анча мушкулдир.

 

Таҳлил этилаётган муаммода банк депозитлари муҳим ўрин тутади. Бунда солиқ солиш масалаларига банк депозити шартномаси шартларидан келиб чиққан ҳолда қаралмоғи лозим. Агар шартларда аниқ миқдордаги суммани банк ихтиёрига аниқ муддатда бериш назарда тутилган бўлмаса, банк амалда пул маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқини олмайди, чунки мижоз ўз пулларини исталган вақтда тасарруф этиши мумкин. Борди-ю, хизмат кўрсатиш шартномасида муайян миқдордаги сумма банк ихтиёрига муайян муддатда берилиши назарда тутилган бўлса, "фойдаланиш ҳуқуқи"га нисбатан солиқ солиш масаласига шу тарзда ёндашув банкларга нисбатан ҳам қўлланилмоғи лозим.

 

Пул маблағларидан (қарзлардан) фойдаланиш ҳуқуқидан олинган даромадларга солиқ солиш солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бир хил шарҳланмаганлиги муносабати билан ва солиқ тўловчиларда саволлар юзага келаётганлиги боис Солиқ кодексининг 20-бобини аниқлаштиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Унга тегишли тузатишлар киритилгунга қадар мазкур масала юзасидан Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг биргаликдаги тушунтиришлари берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

 

Борис ФРОЯНЧЕНКО,

"FINEKS" аудиторлик фирмаси директори,

Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар

миллий уюшмаси ҳузуридаги аудиторлар

кенгаши раиси.

 

 

 

БУ ФИКРГА ҚАРШИМИЗ:

ОЛДИ-БЕРДИ ТЕНГЛАМАСИДА

СОЛИҚҚА ЎРИН ЙЎҚ

 

 

Таҳририятга йўлланган хат муаллифи тавсиф этган вазиятда солиқ солиш объекти юзага келмайди.

 

ФК 732-моддасига мувофиқ қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёхуд қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

 

Солиқ кодекси 135-моддасининг биринчи қисмига кўра солиқ тўловчи текин олган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар солиқ тўловчининг даромади бўлади.

 

Пул маблағларига бўлган мулкий ҳуқуқлар эмас, балки пул маблағларининг ўзи қарз шартномаси предмети ҳисобланади. Пул маблағлари мол-мулк сирасига киради (Кодекс 22-моддасининг ўн тўртинчи хатбошиси). Кодекснинг юқорида қайд этилган 135-моддаси матнидан англашиладики, қайтариб бериш мажбуриятисиз берилган мол-мулк "текин олинган" мол-мулк ҳисобланади. Масалан, ҳадя шартномаси бўйича берилган пуллар юқорида зикр этилган моддага кўра солиқ тўловчининг даромади сифатида таснифланиши мумкин, негаки улар ҳадя берувчига қайтарилмайди. Қарз шартномаси бўйича эса пуллар қайтариб бериш асосида қарзга берилади - бу битимнинг асосий шартларидан биридир. Шу сабабли ҳам уларни Кодекс 135-моддасида назарда тутилган маънода текин олинган деб эътироф қилиб бўлмайди.

 

Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этишнинг концептуал асоси (бундан буён матнда Концептуал асос деб юритилади) 38.5-бандига мувофиқ даромадлар ҳисобот даврида активларнинг кўпайиши ёки мажбуриятларнинг камайишидир. Бунда:

 

активлар - олдинги фаолият натижасида олинган, келгусида улардан даромад олиш учун субъект томонидан назорат қилинадиган иқтисодий ресурслардир (Концептуал асоснинг 38.1-банди);


мажбуриятлар - муайян шахснинг (қарздорнинг) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатлар содир этиш (масалан, мол-мулкни бериш, ишлар бажариш, пул тўлаш ва шу сингарилар) ёки муайян ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти бўлиб, кредитор қарздордан мажбуриятни бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга (Концептуал асоснинг 38.2-банди).


Концептуал асос қоидалари, шунингдек 2-сон БҲМС "Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар" деб номланган биринчи бўлими иккинчи хатбошиси моҳиятидан шу нарса келиб чиқадики, даромадлар ҳисобот даври мобайнида активларнинг кўпайиши ёки мажбуриятларнинг камайиб, ўз сармояси ошишига олиб келадиган тарздаги иқтисодий фойда кўпайиши йўсинида белгиланади.

 

Концептуал асоснинг 38.3-бандига биноан ўз сармояси дейилганда субъектнинг мажбуриятлари чегириб ташланганидан кейинги активлари назарда тутилади. "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддасига, шунингдек Концептуал асоснинг 50-бандига биноан бундай сармоя устав сармояси, қўшилган сармоя, резерв сармоя ва тақсимланмаган фойдадан таркиб топади.

 

Демак, қарзга олинган пул маблағлари активларга киради, бироқ қарзнинг ўзи мажбуриятдир. Қарз суммасини олиш ва қайтариш ўз сармоси ошишига олиб келмайди, демак, даромад юзага келмайди.

 

Энди қарз суммасидан фойдаланганлик фоизлари, шунингдек фоизсиз қарзлардан фойдаланганликдан келадиган, "моддий наф" деб юритиладиган фоизлар ҳақида.

 

ФК 734-моддасининг биринчи қисмига биноан, агар қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга. 2-сон БҲМС 4.1-бандига мувофиқ хўжалик юритувчи субъект активларидан бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдаланишидан олинадиган даромад шаклларидан бири пуллардан ёки пул ўрнини босадиган ёхуд хўжалик юритувчи субъектга тегишли суммалардан фойдаланганлик учун тўлов тарзида ифодаланадиган фоизлар олишдир.

 

Шундай қилиб, агар шартномада назарда тутилган бўлса, қарз берувчида фоиз олиш ҳуқуқи, қарз олувчида эса уларни тўлаш мажбурияти юзага келади. Тегишинча ана шундай ҳолатдагина солиқ солиш объекти юзага келади. Мабодо тарафлар шартномада қарз фоизсиз бўлишини назарда тутган бўлсалар, қарз берувчи қарз суммасидан фойдаланганлиги учун қарз олувчидан фоиз олиш ҳуқуқига эга бўлмайди, қарз олувчи зиммасида эса, табиийки, уларни тўлаш мажбурияти бўлмайди. Демак даромадлар ва солиқни тўлаш мажбуриятлари юзага келиши фактини эътироф этиш учун асос бўлмайди.

 

Қарз олувчи қарзга олинган пулларни турли мақсадда, хусусан, иш ҳақи тўлашга, ишлаб чиқариш учун хом ашё сотиб олишга, бошқа хил товар-моддий бойликлар учун ишлатиши мумкин. Бундай ҳолларда, гарчи харажат қилса-да, у бевосита ва билвосита ҳеч қанақа даромад олмайди. Қарз олувчи, айтайлик, олган қарзидан шакли "Инвестиция фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасида назарда тутилган инвестициялар сифатида фойдаланганда даромадга эга бўлиши мумкин.

 

Солиқ кодексининг 135-моддасида фаразий жиҳатдан олиш мумкин бўлган даромадлар эмас, балки солиқ тўловчи аниқ олган даромадлар ҳақида сўз боради, демак даромад моддий наф кўришида белгиланмайди.Солиқ кодексида умуман юридик шахслар учун моддий нафни аниқлаш тартиби ҳамда фоизсиз қарз олинганда уни баҳолаш усуллари назарда тутилмаган. Моддий наф фақат жисмоний шахсларга нисбатан аниқ таърифлаб берилган ва у даромад солиғи солиш объекти саналади (Кодекснинг 177-моддаси). Бунда жисмоний шахс фоизсиз қарзга олган пуллар моддий наф тарзида кўрсатиб ўтилган даромадлар рўйхатига кирмайди.


Мазкур Кодекс 135-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига биноан мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар текин асосда олинаётганда шахснинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади, бу қиймат ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:

 

жўнатиш, етказиб бериш ёки бериш ҳужжатлари;

 

етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);

 

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

 

биржа маълумотлари;

 

давлат статистикаси органларининг маълумотлари.

 

Бу муфассал рўйхат бўлиб, кўриб турганимиздек, унда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича бозор қийматини белгилаш назарда тутилмайди. Шуни таъкидлаш жоизки, бундай ставка тижорат банкларини кредитлашда Марказий банк томонидан белгиланади, бу масала эса Солиқ кодексининг 1-моддаси моҳиятига қараганда, ушбу Кодекс билан тартибга солиш доирасига кирмайди. Кодекс ҳам, солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари ҳам бугунги кунда мазкур ставкани солиқ борасидаги ҳуқуқий муносабатларда қўлланишни белгиламайди. Бинобарин, ундан солиқ солиш мақсадларида фойдаланиш, худди шунингдек юридик шахсларнинг "моддий нафи"га Кодексда унинг объекти сифатида назарда тутилмаган фойда солиғи солиш Солиқ кодексининг 7-моддасида белгиланган принципга - солиш солишнинг аниқлиги принципига зиддир.

 

 

Артём МОКШИН,

"Norma" газеталари бирлашган

таҳририяти" МЧЖ эксперт

юридик хизмати бошлиғи.

 

 

 

Сўнгсўз ўрнида. У ёки бу тарафнинг фикрлари, келтирган важ-сабабларини маъқул топиш ёки рад этиш, муҳокама қай йўсинда боришини кузатиб туриш ёки баҳс-мунозарага қўшилиш мумкин, зотан оммавий ахборот воситасида мунозара рукни айни шунинг учун ҳам керак. Туркум мақолаларни хулосалаш маъносида муаллифларнинг низога низо мавзусига айланиб қолмаслиги лозим бўлган нуқта назарларга эътиборни қаратишни истардик.

 

 

Биринчидан. Солиқ солиш мақсадида қўлланиладиган махсус қарз тушунчаси ҳозирча Солиқ кодексида йўқ эканлиги, Фуқаролик кодексида (732-модда) эса бу тушунча қайтариш шарти билан, яъни ҳақ эвазига пул ёки бошқа ашёларни қарз олувчига мулк қилиб бериш йўсинида белгиланганлиги сабабли ФКнинг ана шу қоидаларига жуда жўн қабилида беписанд қарамаслик керак. Бу қоидалар ёқса-ёқмаса, фоизли қарзни мулкни ёки мулкий ҳуқуқни, текин олиш тарзида талқин этишга монелик қилувчи, солиқ солиниши жоиз бўлган даромад олишга киритишга "тўсқинлик қилувчи" қонунга бўйсунишга тўғри келади.

 

 

Иккинчидан. Мулкий ҳуқуқларни текин бериш тушунчасини қарзга нисбатан қўлланиш ижро этувчи органлар даражасида "тушунтирилиши" мумкин эмас. Ҳозирги вақтда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ҳам, фуқаролик қонун ҳужжатларида ҳам мулкий ҳуқуқ таърифи йўқлиги, ФКга кўра бундай тушунтириш қарз предметига тўғри келмаслигининг ўзиёқ бунга асос бўлади.

 

 

Учинчидан. Ҳамонки, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўриб чиқилаётган ҳолатда солиқ солиш базаси таърифини аниқ ва пухта тартибга солиши мумкин бўлган қоидалар йўқ экан, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасини ҳуқуқий муносабатларнинг тамомила бошқа соҳасидан ибрат олиб, қўлланишга уриниш билан кемтикликнинг ўрнини тўлдиришга уриниш ножоиздир.

 

Бюджет тўлдирилиши учун масъул давлат органлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўлланиш амалиёти масалаларини энг аввало ўзларининг, шак-шубҳасиз, ниҳоятда масъулиятли, давлат учун муҳим вазифалар теграсидан қарашлари мумкин эканлиги тушунарли ҳол. Аммо солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ривожлантириш бозор иқтисодиётини солиқ асосида тартибга солишни белгиловчи мураккаб, бир хил бўлмаган кўплаб омилларни инобатга олишга асосланишини ҳам тушунса бўлади.

Қонун яратувчилар тадбиркорлик субъектларини, солиқ тўловчиларни солиқ солиш борасида қандайдир кутилмаган ҳолатлардан муҳофаза этувчи принципларни белгилаб қўйишган. Булар жумласига, жумладан солиқ солиш аниқлиги принципи киради. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида солиқ тўловчилар ҳам, солиқни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш учун зарур элементлар ҳам, хусусан солиқ солинадиган база, солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби ва бошқалар белгилаб қўйилган тақдирдагина (Солиқ кодексининг 7, 24-моддалари) солиқ тўғри белгиланган ҳисобланади.

 

Уй-жой ижараси тўғрисидаги қоидаларга ўзгартишлар киритилганлиги амалиётдаги муаммоларни ана шу йўсинда, норматив асосда ҳал этишга доир энг кейинги мисоллардан биридир. Бунда ижара ҳақининг минимал ставкалари белгилаб берилди ва ижара шартномасида тарафлар ҳақнинг кам суммасини кўрсатган тақдирда ҳам солиқ ўша минимал ставка асосида ундириладиган бўлди. Қонун ҳужжатларининг нормалари ҳаммага бирдек ёқавермайди, лекин улар норматив ҳужжат қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан қўлланила бошланади ва ҳар бир қонунга итоаткор солиқ тўловчи томонидан бажарилиши шарт.

 

Кўриб чиқилаётган муаммога келганда, уни ҳал этиш учун кенг кўламдаги таҳлил ва турли сабаб, важ ҳамда омилларни инобатга олиш зарур деган фикрга ҳеч ким қарши бўлмаса керак. Бироқ у ёки бу нуқтаи назарни баҳс-мунозара доирасидан тегишли ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингунга қадар ҳуқуқни қўлланиш амалиётига киритишга уриниш тўғри эмас. Қарзни, шу жумладан фоизсиз қарзни норматив жиҳатдан тартибга солишда умуман бирон нарсани ўзгартириш керакми, фоизсиз қарздан олинган даромадга солиқ солиш тарафдорлари мутлақо бир-бирига ўхшамайдиган икки тасаввурни чалкаштириб юбормаяптиларми деган масала эса очиқ қолмоқда.

 

Қарз маблағларини бошқа ҳар қандай маблағлар сингари солиқ солинадиган даромад келтирувчи фаолиятга нисбатан ишлатишнинг тахмин этилаётган имкониятлари тамомила бошқа масала. Бундай ҳолларда ана шу даромаддан солиқ ундирилади.

 

Солиқ тўловчи қайтариб бериши лозим бўлган ва шу туфайли олинган мол-мулкни текин деб ҳисоблаш мумкин бўлмаган қарз суммаси эса бутунлай бошқа гап. Қарз маблағларининг ўзини ҳам, қандайдир, ҳали қонунчилик йўли билан аниқланмаган мулкий ҳуқуқларни ҳам унга киритиб бўлмайди.

 

Ҳамонки, шубҳа барҳам топмаган ва низоли ғоялар қонун ижодкорлиги жараёнига бориб етмаган ва норматив ҳужжат қоидаларида мужассам топмаган экан, ҳуқуқни қўлланиш амалиётида уларга амал қилишга ҳали эрта, қолаверса бу ғоялар қонунга хилофдир.

 

 

 

 

 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 1289