Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланмаётган бўлсангиз - сотганингиз маъқул

07.03.2017

Президентнинг 23.02.2017 йилдаги ПҚ-2796-сон Қарори билан тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари қабул қилинди.

Ҳужжатнинг мақсади – ишлаб чиқариш биноларидан истак билдираётган ва бунга қодир тадбиркорлар томонидан мақсадли фойдаланиш.

 

Схема тасдиқланди

 

Илгари хусусийлаштирилган* қурилиши тугалланмаган объектларни** ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини*** схема бўйича хўжалик фаолиятига тезкорлик билан жалб этиш механизми тасдиқланди. У схема бўйича учта изчил босқичда амалга оширилади:

 

I-босқич - қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдони мезонларига мувофиқ келадиган объектлар рўйхатини шакллантириш;

 

II-босқич - инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;

 

III-босқич – инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун тегишли чора-тадбирлар кўрмаган мулкдорларга нисбатан солиқ солиш тартибини ўрнатиш.

 

Идоралараро комиссиялар тузилди

 

Тегишли объектлар ва ҳудудларни хатловдан ўтказиш ва аниқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида  тасдиқланган намунавий таркибда идоралараро комиссиялар тузилади.

 

Идоралараро комиссияларга қарор билан қуйидаги асосий вазифа ва функциялар юкланди:

  • тегишли ҳудудда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш, ўтказилган хатлов якунлари бўйича уларнинг рўйхатини шакллантириш;
  • қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари билан биргаликда ишлаб чиқаришни ёки хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини ташкил этиш, шунингдек, янги иш жойлари яратиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • инвестиция лойиҳасининг мақоми ҳақида, лойиҳани амалга ошириш ёки амалга оширмаслик тўғрисида хулосалар бериш;
  • инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорлар томонидан рухсатнома ҳужжатларини ва тижорат банкларининг кредитларини олишда уларга ёрдам бериш. 

 

Шартлар аниқлаштирилди

 

Идоралараро комиссия томонидан инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса чиқарилгандан кейинги ойдан бошлаб юридик шахслар — қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг соддалаштирилган солиққа тортиш тартибини қўллаётган мулкдорлари умумўрнатилган тартибдаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтадилар. Бундан ташқари, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи кўрсатилган объектлар ва ҳудудлар учун икки карра оширилган ставка бўйича тўланади.

 

Бироқ ушбу талаблар қуйидаги мулкдорларга нисбатан қўлланилмайди:

  • жами майдони 2 минг квадрат метрдан камроқни ташкил этувчи фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорларига;
  • қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектларига рухсатнома ҳужжатларини бериш функцияси юкланган давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг айби билан инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаган мулкдорларга;
  • қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини сотиб олган мулкдорларга нисбатан — сотиб олинган санадан бошлаб 12 ой мобайнида;
  • қурилиши тугалланмаган объектни ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонини сотувга қўйган мулкдорларга нисбатан — сотувга қўйилган санадан бошлаб уч ой мобайнида;
  • инвестиция лойиҳасини амалга ошира бошлаган мулкдорларга нисбатан — Идоралараро комиссия инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани тўғрисида хулоса берган санадан кейинги календарь чорагидан бошлаб. 

 

Бу муҳим! Илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдони негизида инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаган ҳолларда мулк ва ер солиғи навбатдаги ҳисобот йилидан бошлаб 2 карра миқдорда оширилади ва ҳар бир кейинги ҳисобот йилида 2 карра миқдорда, аммо 6 каррадан кўп бўлмаган ошириб борилувчи коэффициент қўлланилади.

 

Тижорат банкларига қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, ижарачиларга 5 йил муддатгача, имтиёзли даври 12 ой бўлган ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар беради.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни ва у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.


Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз. 

 

 


*Давлат томонидан хусусий мулк қилиб берилган (шу жумладан устав капиталига берилган, сотилган ва бошқа усуллар билан бошқа шахсга берилган) кўчмас мулк объектлари, кейинчалик мулкдорлар ўзгарганидан қатъи назар, илгари хусусийлаштирилган бинолар, нотураржой хоналари ва қурилиши тугалланмаган кўчмас мулк объектлари сифатида эътироф этилади.

**Илгари хусусийлаштирилган бинолар ва нотурар жой хоналари умумий майдонининг 50 фоиздан кўпроғи (бир бино ёки нотурар жой хонаси контури доирасида) сўнгги 12 ой мобайнида товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)да фойдаланилмай келинган бўлса, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилади.

***Қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатида белгиланган норматив муддатларда тугалланмаган, қурилишнинг белгиланган норматив муддати мавжуд бўлмаган тақдирда — қурилиш бошланган санадан бошлаб 24 ой мобайнида қуриб битказилмаган ҳолларда илгари хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектлари қурилиши тугалланмаган объектлар сифатида эътироф этилади.

Валюталар курси

2017-05-23
  • USD:3820.46 (+30.46) сум
  • EUR:4245.83 (+120.54) сум
  • RUB:66.84 (+0.54) сум