Вазирлар Маҳкамасининг 9.10.2017 йилдаги 810-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик (меҳмонхона) йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилади.
Тузатишларга кўра 9.10.2017 йилдан бошлаб туристик йиғим жойлаштириш жойлари томонидан чет эл фуқароларидан ва Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахслардан яшалган ҳар кун учун ЭКИҲнинг 10%и миқдорида (бугунги кунда ушбу сумма 14 977,50 сўмни ташкил этмоқда) ундирилади. Тўлиқ бўлмаган яшалган кун учун туристик (меҳмонхона) йиғими тўлиқ кун ҳисобида ундирилади.
Эслатиб ўтамиз, илгари туристик йиғим ҳар бир чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун 2 АҚШ доллари эквивалентини ташкил этиб, жорий йилнинг бошидан жойлаштириш хизматларига ҳақ тўлаш валютасида тўланар эди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.