Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш тартиби ўзгарди

10.07.2015

Марказий банк бошқарувининг қарори билан (Адлия вазирлиги томонидан 3.06.2015 йилда 2678 -сон билан рўйхатга олинган) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жисмоний шахслар-резидентларга нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги янги Низом тасдиқланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жисмоний шахслар - резидентларга нақд хорижий валютани мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисида Низом (3.07.2003 йилдаги 1253-сон), шунингдек унга ўзгартиришлар кучини йўқотган деб ҳисобланди.

 

Аввалгидек, жисмоний шахслар-резидентлар 5000 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан ошган нақд хорижий валютани Республика ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш учун Марказий банкнинг рухсатномасини олишлари шарт.

 

Аниқландики, рухсатнома хорижга  қуйидаги ҳолларда чиқишда берилади:

 

а) Вазирлар Маҳкамаси фармойишлари асосида ҳукумат делегациялари таркибида;

 

б) доимий яшаш мақсадида;

 

в) хизмат сафари юзасидан;

 

г) таълим олиш мақсадида;

 

д) бошқа мақсадлар учун (сайёҳлик сафарлари, даволаниш, қариндошларни кўриб келиш, спорт мусобақалари ва ҳ.к.).

 

 

Рухсатнома олиш учун жисмоний шахслар Марказий банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

 

а) белгиланган шаклда ариза (фамилияси, исми ва отасининг исми; паспорт серияси, рақами, берилган санаси ва паспорт берган орган номи; мамлакат ва шаҳар номини; хорижий валютанинг тури ва миқдорини; хорижга чиқиш мақсадини (асосини); жўнаш ва келиш саналарини  кўрсатган ҳолда).

 

Аввал аризанинг шакли бўлмаган, бироқ унда фамилияси, исми ва отасининг исми; жисмоний шахс яшайдиган манзили; олиб чиқиладиган нақд хорижий валюта суммаси; нақд хорижий валютани хорижда ишлатиш мақсади; жўнаш ва келиш саналари кўрсатиларди.

 

 

б) қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда паспорт нусхаси:

паспорт серияси, рақами ва берилган санаси;

 

паспорт берган орган номи;

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома белгиси (агар талаб қилинса);

 

хорижий давлатга чиқиш визаси (агар виза режими белгиланган бўлса);

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги белги;

 

в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини берадиган рухсатноманинг нусхаси (агар талаб этилса). Олдин бу ҳужжат рўйхатда бўлмаган;

 

г) нақд хорижий валютанинг келиб чиқиш манбасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл  нусхаларини кўрсатган ҳолда уларнинг нусхалари (ваколатли банкнинг хорижий валютани ҳисобварақлардан ва омонатлардан олинганлиги тўғрисидаги маълумотномаси ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар);

 

д) хизмат сафарига юборилаётган шахслар учун - хорижга хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқнинг, таклиф этаётган тараф хатларининг нусхаси;

 

е)  ҳукумат делегацияси таркибида чиқаётган шахслар учун – Вазирлар маҳкамаси фармойишининг нусхаси;

 

ж) хорижга чиқиш мақсадини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса).

 

Белгиландики, жисмоний шахслар-резидентларнинг аризаларини кўриб чиқиш ва уларга рухсатномаларни бериш ёки рухсатномалар беришни рад этиш ариза келиб тушган санадан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан амалга оширилади. Аввал ариза келиб тушган санадан бошлаб 10 кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқиш кўзда тутилганди.

 

Аввалгидек, қуйидагилар Марказий банк томонидан рухсатномалар бериш учун асос бўлиб ҳисобланади:

 

-Низомда кўрсатилган мақсадларда хорижга чиқиш;

-барча зарур ҳужжатларни тақдим этиш.

 

Белгиландики, жисмоний шахслар томонидан кўрсатилган асосларга риоя қилинмаган тақдирда, Марказий банк рухсатнома беришни рад этади ва бу ҳақда ёзма равишда маълум қилади.

 

Тақдим этиладиган ҳужжатлар Низом талабларига мувофиқ бўлганда Нақд чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш қоидаларининг (17.08.2000 йилдаги 957-сон) келтирилган 09006-1-сон шакл бўйича рухсатнома расмийлаштирилади. Рухсатнома Марказий банк раисининг валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича масъул ўринбосари томонидан имзоланади.

 

 

Аниқландики, рухсатнома икки нусхада расмийлаштирилади, биринчи нусхаси жисмоний шахс-резидентга берилади, иккинчи нусхаси Марказий банкда қолдирилади. Рухсатнома берилган санадан бошлаб эътиборан 3 ой давомида ҳақиқий ҳисобланади.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 8 июндаги 22-сонида расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шунингдек  шарҳлар ва унга боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишишингиз мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида янги» шарҳини эксперт-юристимиз

 

Сардор ДЖУМАШОВ тайёрлади.

 

 

 

___________

 

Эслатамизки,  Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага (7.05.1999 йилдаги 716-сон) асосан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали резидент ва норезидентлар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган хорижий валюта, унинг йўловчи божхона декларациясида ёзма равишда декларацияланиши шарти билан ўтказилади.

 

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига нақд хорижий валютани олиб чиқишда қуйидагиларга рухсат берилади:

а) резидентларга 2 000  АҚШ долларига эквивалент миқдор доирасида рухсатнома олмасдан;

б) резидентларга 2 000  АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқча сумма - Марказий банки ёки ваколатли банкларнинг 09006-сон шаклдаги рухсатномаси билан;

в) резидентларга 5 000  АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқча сумма Марказий банкнинг 09006-1-сон шаклдаги рухсатномаси билан;

г) норезидентларга - божхона декларациясига мувофиқ Республикага келтирилган сумма доирасида. Ўзбекистонга киришдаги божхона декларациясида белгиланган суммалардан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқишга Марказий банк ёки ваколатли банкларнинг рухсатномаси билан йўл қўйилади.

 

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудига нақд хорижий валютани олиб кириш барча тоифадаги шахслар учун чекланмаган, лекин уни албатта ёзма декларация қилиш шарт. 5 000 АҚШ долларигача миқдордаги нақд хорижий валюта ёки унинг бошқа хорижий валютадаги эквиваленти Ўзбекистон Республикасига божхона декларациясини мажбурий тўлдириш билан ўтказилади, 5 000 АҚШ доллари эквивалентидан ошадиган миқдордаги нақд хорижий валюта республикамизга божхона органлари томонидан ТС-28 шаклидаги гувоҳномани бериш билан киритилади. Нақд хорижий валютани олиб киришда, унинг миқдоридан қатъи назар йиғим ундирилмайди.

 

 

Валюталар курси

2024-04-16
  • USD:12654.57 (+0.00) сум
  • EUR:13483.44 (+0.00) сум
  • RUB:135.26 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16