Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Муддати ўтган дебиторлик қарзи учун жаримани бекор қилиш вақти келдими?

26.01.2017

1995 йилнинг май ойидан Ўзбекистонда муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд бўлишига йўл қўяётган корхоналар раҳбарлари ва бухгалтерлари учун қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилмоқда. Ушбу норманинг 12.05.1995 йилдаги ПФ–1154-сон Фармонда, кейин эса МЖтКнинг 175-моддасида акс этишидан асосан тўлов интизомини мустаҳкамлаш воситасида бюджетга солиқ тушумлари келиб тушиши барқарорлигини таъминлаш мақсади кўзланган эди.

Иш қуйидагича бўлганди.

 

Биринчидан, у вақтлари ташкилот олган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкка (ҳисоблаб ёзишнинг касса усули) кўпинча солиқ солинадиган база сифатида қараларди. Масалан, узоқ муддатли шартномаларни бажаришдан олинган даромадлар (ялпи тушум) ҳисобот даври мобайнида унинг амалда босқичма-босқич ижро этилиши қисмида ҳисобга олинар эди (24.04.1997 йилдаги  СКнинг эски таҳрири, 36-моддаси)1. Яъни ушбу ҳолатларда агар амалда тушумлар бўлмаса, солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятлар ҳам юзага келмайди, гарчи амалда дебиторлик қарзи бўлса-да.

 

Иккинчидан, Солиқ кодексининг эски таҳрири солиқ органларига солиқ тўловчининг дебиторлари ҳисобварақларига инкассо қўйишга рухсат бермас эди. Тегишинча, агар унинг ўзи қарзларини ундирмаса, солиқ органлари ҳеч нарса қила олмасди. Натижада умидсиз дебиторлик қарзи хатари ортар ва бунинг натижасида умидсиз солиқ қарзи кўпаярди.

 

Кўриниб турибдики, 90-йилларнинг иккинчи ярмида ва 2000-йиллар бошида дебиторлик қарзи реал муаммони туғдирар ва бюджет манфаатларига дахл қиларди.

 

Аммо бозор иқтисодиётининг секин-аста ривожланиши билан солиқ солиш объектларини ҳисобга олишнинг касса усулидан фойдаланиш тобора камайиб бормоқда. Шубҳасиз факт – солиқ мажбурияти даромад амалда олинган пайтда эмас, балки битим шартларига биноан олиниши керак бўлган пайтдан вужудга келишини назарда тутувчи ҳисоблаб ёзиш усули устунлик қилмоқда. Тегишинча, юридик нуқтаи назардан, дебиторлик қарзининг мавжудлиги, қоидага кўра, шу ҳажмдан солиқларни тўлаш мажбуриятига таъсир кўрсатмайди.

 

Бундан ташқари, 2007 йилда Солиқ кодексининг янги таҳрири қабул қилиниши билан солиқ қарзини ундиришнинг таъсирли механизмлари пайдо бўлди ва вазият бироз ўзгарди. Шу тариқа амалдаги СКнинг 64-моддаси ундирувни инкассо топшириқномаси тақдим қилиш йўли билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси асосида дебиторларнинг ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағларига қаратишга йўл қўяди. Шу билан бирга, пластик карталар воситасида ҳисоб-китоб қилиш жорий қилиниши  билан иқтисодиётда нақдинасиз тўловлар улуши ошди ва ҳисобварақларга келиб тушадиган маблағлар кўпайди. Булар ўз-ўзидан инкассо тақдим қилиш йўли билан қарздорликни тугатиш имкониятини мустаҳкамлайди.

 

Шу тариқа, дебиторлик қарзи учун жавобгарликнинг дастлабки маъноси йўқотилмоқда. Моҳиятан, на давлат ва на жамият манфаатлари унинг тўлиқ хусусий ташкилотда мавжуд бўлишидан зарар кўрмайди.

 

Бунинг устига, шахсни қонун билан белгиланган жавобгарликка тортишнинг мажбурий шарти унинг қилмишида ҳуқуқбузарлик таркиби бўлиши ҳисобланади. Ҳуқуқбузарлик таркибининг мажбурий элементи субъектив томон –  қасд ёки эҳтиётсизлик шаклида ифодаланувчи айб ҳисобланади. Аммо дебиторлик қарзи контрагент томонидан ўз шартнома мажбуриятларини бузиш натижасида ҳосил бўлади, бунда эса кредиторнинг айби очиқ-ойдин йўқ. Бу қонунчиликда дебиторлик қарзи учун жавобгарликни сақлаб қолишга қарши қўшимча асос бўлиб хизмат қилади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек  тадбиркорлик фаолиятининг янада ривожланиши, хусусий мулкни ҳар  томонлама ҳимоя қилиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахслар раҳбарлари ва бухгалтерларининг муддати ўтган дебиторлик қарздорлиги учун жавобгарлигини истисно қилиш мақсадга мувофиқ кўринади. Бунинг учун 12.05.1995 йилдаги ПФ–1154-сон Фармон ва МЖтКнинг 175-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш даркор.

 

Олег Заманов, Самир Латипов,

экспертларимиз.

 

 


1 Ҳозирги вақтда  солиқ солиш объектларини ҳисобга олишнинг касса усулидан ҳам фойдаланилмоқда (25.12.2007 йилдаги СКнинг янги таҳрири, 130, 355-моддалари), аммо бу ҳолат кам учрайди.

 

 

 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16