Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Кесилган дарахт учун жавобгарликдан қочолмайсан

06.04.2016

Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолиси кўпинча дарахтларга шикаст етказиш ва уларни кесиш устидан шикоят қилишаётир. Бундай мурожаатларни ваколатли ихтисослаштирилган органларга бериш жуда муҳим. Бизнинг материалимизда – оддий пойтахтликнинг ижобий тажрибаси хусусида.


 

Вазият: Давлат болалар боғчаси ҳудудида соя солиб турган кўп йиллик дарахт (чинор) кесилди. Дарахт 70 йилдан зиёд вақт олдин экилган бўлиб, мутлақо соғлом, қолган тўнкаси бутун, умуман қурт тушмаган эди. Эндиликда боғча жазирамада қолди. Шу туманлик камина болалар боғчаси мудираси ҳузурига дарахт нима сабабдан кесилганлиги ҳамда бунинг учун рухсатнома бор ёки йўқлигини аниқлаш учун кирганимда, дастлаб у дарахтга касал текканлигини айтиб, алдамоқчи бўлди. Бироқ на маълумотномани, на рухсатномани кўрсата олди.  Кейин мен бегона одамлигим ва бу менинг ишим эмаслигини айтди. Мен, менинг болаларим шу болалар боғчасига қатнаганмиз, умр бўйи қўшни уйда яшаб келмоқдамиз, шунинг учун бепарво бўлолмайман. Аралашиб олдини олиш ҳамда мудирага қандайдир таъсир ўтказиш учун қонуний усуллар мавжудми?

 


АДВОКАТ ШАРҲИ

 

Экология соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари

 

Ўзбекистон Конституциясининг 55-моддасига асосан ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

 

Бизнинг бу соҳадаги умуммиллий ҳуқуқларимизни ҳимоя қиладиган энг муҳим қонун ҳужжатларидан бири, - “Экологик назорат тўғрисида” 27.12.2013 йилдаги Қонундир (кейинги ўринларда – Қонун).

 

Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ экологик назорат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари - фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атроф-муҳитни яратиш, экологик назорат тизимини шакллантириш ва ривожлантириш.

 

Қуйидагилар экологик назорат объектлари ҳисобланади:

 

- ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси;

 

- атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар;

 

- атроф-муҳит ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик (Қонуннинг 7-моддаси).

 

Қонуннинг 8-моддасига биноан давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлардан ташқари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар экологик назорат субъектлари ҳисобланади.

 

 

 

Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

 

атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

 

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;

 

экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

 

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш;

 

мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш;

 

бу соҳада жамоатчилик фикрини ўрганишни ўтказишда ва  тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш (Қонуннинг 17-моддаси).

 

Шундай қилиб, болалар боғчаси мудираси болалар боғчаси ҳудудида дарахтни кесиш масаласи бегона одамнинг иши эмаслигини кўрсатганда, мутлақо ноҳақ бўлган. Биз барчамиз ва ҳар бир фуқаро алоҳида экологик тоза шаҳарда яшаш, ўсимлик дунёси берадиган соф атмосфера ҳавосидан нафас олиш ҳуқуқига эгамиз.

 

“Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида” 31.10.1990 йилдаги Қонуннинг 19-моддаси 1-бандига асосан ўсимлик дунёси Ўзбекистон Республикасининг мутлақо мулкига киради.

 

Бинобарин, давлат болалар боғчаси ҳудудида ўсаётган барча дарахтлар давлат мулкига киради ҳамда ҳар бир фуқаро унга қонун билан тақдим қилинадиган ҳуқуқларда экологик назоратни амалга оширишга ҳақли.

 

Туманда истиқомат қилувчи ҳамшаҳримизнинг масъул мансабдор шахсга (болалар боғчаси мудирасига) дарахтнинг кесилиши сабаби ва рухсатнома мавжудлиги тўғрисида ахборот олиш юзасидан мурожаати мутлақо қонунийдир.

 

Бундан ташқари, сўз БОЛАЛАР боғчасида соғлом экологик шароит ҳақида бораётир.  Экологларнинг эътироф этишича, 14 ёшгача бўлган болалар энг кўп ифлосланган атмосфера ҳавосининг салбий таъсирига тушади.

 

 

Қандай ваколатли органга мурожаат қилиш керак

 

Мурожаат қилиниши мумкин бўлган талай давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари мавжуд, - прокуратура, суд, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, ҳокимият, маҳалла, “Экосан” Халқаро фонди, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва бошқалар.

 

Бироқ экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли органга мурожаат қилиш энг самарали ҳаракат бўлади. Бундай органларнинг рўйхати Қонуннинг 11-моддасида сақланади. Лекин айнан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат назорати ҳамда тармоқлараро бошқарувни амалга оширувчи, идоралардан устун турувчи ва мувофиқлаштирувчи орган сифатида белгиланган.

 

Айнан  Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси экология тизимлари, табиий генофонд, биологик мувозанатнинг, атмосфера ҳавосини, ер усти ва ер ости сувларини, тупроқни ифлослантирувчи манбаларнинг, ўсимлик дунёси (шу жумладан, ўрмонлар) ва биологик сув объектларининг, ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитининг ҳолатини назорат қилади (Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида низомнинг 13-банди).

 

Кўриб чиқилаётган масалага мувофиқ равишда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ваколатларига қуйидагилар киради:

 

ўсимлик дунёсидан2 фойдаланиш, яъни дарахтларни кесиш учун ҳам рухсатнома бериш;

 

табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат назорати;

 

табиатни ифлослантирганлик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаганлик натижасида унга етказилган зиённи қоплаш тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан даъво қўзғатиш;

 

ундириб олинган суммаларни табиатни муҳофаза қилиш фондлари ва махсус, бюджетдан ташқари ҳисобварақларга ўтказиш;

 

табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир материалларни кўриб чиқиш ва айбдор шахсларга жарима солиш ҳамда бошқа маъмурий чоралар кўриш, зарурат бўлганда кўриб чиқиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ошириш.

 

Мазкур давлат органининг ваколатини ҳисобга олиб, барча шу каби ҳолатларда бевосита Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилишни тавсия қилиш мумкин. Расмий сайти: http://www.uznature.uz

 

 

Қонунбузарлик учун айбдор қандай жавоб беради

 

Экология соҳасида қоидабузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

 

Аҳоли пунктларида дарахтларга ноқонуний шикаст етказганлик ва уларни кесганлик (вазиятга боғлиқ ҳолда) учун қонунчиликнинг қуйидаги нормалари қўлланиши мумкин.

 

Инчунун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 60-моддаси ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш, худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини кўзда тутади.

 

МЖтКнинг 162-моддаси айрим жойларда иморат қураётганда шу ерда ўсиб турган дов-дарахтларга шикаст етказиш, уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш ёки бошқа жойга кўчириш, шунингдек фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ўз ихтиёрларидаги дов-дарахтларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслиги фуқароларга ЭКИҲнинг 1/3 дан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ЭКИҲнинг 1 бараваридан  3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини кўзда тутади.

 

Жиноят кодексининг 202-моддаси анча жиддий санкцияларни – озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазони кўзда тутади.  Бунда шуни қайд қилиш жоизки, уни қўллаш учун айбдор шахсда дастлабки маъмурий ундирув  мавжудлиги талаб қилинмайди.

 

Бундан ташқари, Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида низомга3 иловада Ўзбекистон ҳудудида дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлаш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш миқдорини ҳисоблаш учун коэффициент белгиланган.

 

 

P. S. Маслаҳатлашув ва Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига мурожаат қилингандан кейин бирмунча вақт ўтгандан сўнг туманда истиқомат қилувчи ҳамшаҳримиз болалар боғчаси мудираси маъмурий тартибда жаримага тортилганлиги ҳамда қарийб бир миллион сўм миқдорида кесилган дарахт қийматини қоплаганлигини бизга маълум қилди.

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА, адвокат. 

 

 

 


1 Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида низомнинг 1-банди (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 26 апрелдаги қарори билан тасдиқланган).

 

2 Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турларига дарахт ва буталарни кесиш ҳам киритилган (“Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” Қонуннинг 7-моддаси).

 

3 Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида” 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарорига 1-илова.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_