“ЎзРТХБ” АЖ ва Play-mobile SMS-хабарлашнинг янги хизматларини жорий этди. Улар “чиройли” авторақамлар савдоси бўйича онлайн-аукционлар иштирокчилари ва биржа савдоларида минерал ўғитларни харид қилишга масъул бўлган фермер хўжаликларининг вакиллари учун мўлжалланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг ахборот портали хабар беради.
“Чиройли” рақамлар савдоси бўйича онлайн-аукционлар иштирокчилари SMS-хабарлаш хизмати ёрдамида савдога қўйилган рақамлар тўғрисида маълумотларни тезкор олишлари мумкин. Бу савдоларнинг бошланиш вақтини ўтказиб юбормаслик, шунингдек муайян “чиройли” авторақамни сотиб олиш бўйича муҳим ахборотни олиш имконини беради. Хизматга уланиш учун avtoraqam.uzex.uz сайтида мижознинг шахсий кабинетидаги "SMS" саҳифасига ўтиш зарур. Хизмат учун ойлик абонент тўлови 10 000 сўмни ташкил этади.
Бошқа хизмат фермер хўжаликлари раҳбарларига мўлжалланган бўлиб, уларга бепул асосда тақдим этилади. Минерал ўғитлар бўйича шаклланган котировкалар фермерлар томонидан рўйхатдан ўтказилган мобиль алоқа рақамига ҳафтада икки марта автоматик равишда юборилади. Хизматга уланиш бўйича саволлар билан биржанинг кечаю кундуз фаолият юритадиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш хизматининг 11-62 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали мурожаат қилиш мумкин.