Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:В каком размере платить больничные при Covid Суд восстановил уволенного работника, но на его место успели принять другого Подскажите работнику, как получить социальное пособие Когда работник вправе требовать изменения условий труда Снижена административная и налоговая нагрузка

ҚҚС борасидаги фирибгарликларнинг олдини олишга доир айрим жиҳатлар

15.02.2021

Читать на русском языке

ҚҚС мавжуд бўлган деярли барча мамлакатларда ушбу солиқдан даромад орттиришга уринадиган уюшган фирибгарликка қарши кураш олиб борилади. Мазкур материалда ҚҚС борасидаги фирибгарликлар турларини таснифлашга, уларга қарши курашиш учун мавжуд воситаларни таҳлил қилишга ҳаракат қилинади ҳамда уларни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар таклиф этилади.

 

ҚҚС борасидаги фирибгарликлар қандай зарар етказиши мумкин

 

Бундай фирибгарликлар солиқларни тўлашдан бўйин товлашда бўлгани каби тенг бўлмаган рақобатга ва давлат бюджети даромадларининг камайишига олиб келади. Ҳар йили Европада ҚҚС борасидаги фирибгарлик схемалари таъсирида 50 млрд евро давлат бюджетига тушмайди – бу Греция давлатининг ЯИМ ҳажмига тенг суммадир. Олинган фойда жиноий гуруҳларда қолиб, легал иқтисодиётга зиён келтиради ва қонуний фаолият юритадиган корхоналарга зарар етказади.

 

Ўзбекистонда ҚҚС борасидаги фирибгарликлар кўлами унчалик катта эмас – дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йил августдан 2021 йил январга қадар аниқланган шубҳали битимлар бўйича асосланмаган тарзда ҳисобга олинган солиқ суммаси қарийб 1 трлн сўмни ташкил этган.

 

2019 йилга қадар ушбу ҳуқуқбузарликлар амалда қайд этилмаган, сабаби ҚҚС тўловчилар сони кўп бўлмаган. Солиқ ислоҳотлари натижасида сўнгги 2 йил мобайнида ушбу солиқни тўловчилар сони 16 баравардан кўп ошган, бу эса ҚҚС борасида фирибгарлик ҳаракатларининг кўпайишига олиб келган.

 

Фирибгарлар кирувчи ҚҚСни сунъий равишда ошириб ёки экспорт қилишда ҳийла-найранглар ишлатиб, бюджетдан солиқларни қоплашга талабгорлик қиладилар. Яъни улар давлатга солиқ тўламайдилар, балки давлатдан тўлов оладилар.

 

Бунда бюджетга зарар етади, миллиард сўмлаб маблағлар келиб тушмайди. Ноқонуний хатти-ҳаракатлар таъсирида легал иқтисодиёт ва бозор механизмларига путур етади – бундай фирибгарлар ўз товарларини солиқ мажбуриятларини ҳалол бажарадиган солиқ тўловчиларга қараганда арзонроқ нархда сотадилар.

 

ҚҚСни тўламаслик ва фирибгарлик

 

ҚҚС борасидаги фирибгарликларни қўшилган қиймат солиғини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатидан фарқлаш лозим. Компания реализация қилиш бўйича айланмани кўрсатмайдиган бўлса, у айланмадан ҚҚС тўламайди. Бунга қуйидаги ҳолатлар мисол бўла олади:

  • корхона маҳсулот ишлаб чиқаради (хизматлар кўрсатади), улар ҳисобга олинмайди ва бирор-бир ҳужжат расмийлаштирилмасдан нақд ҳисоб-китоб орқали реализация қилинади;
  • савдо ташкилоти товарни назорат-касса техникасидан фойдаланмаган ҳолда нақд пулга сотади;
  • импорт қилувчи товарни олиб киришда божхона қийматини камайтиради ёки импорт қилишнинг «яширин схемалари»дан фойдаланади.

 

Булар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳисобланади, бундай хатти-ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида молиявий санкциялар назарда тутилган.

 

ҚҚС борасидаги фирибгарликлар, тўловдан бўйин товлашдан фарқли ўлароқ, солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини суиистеъмол қилиш ёки қоплаш суммасини ноқонуний олиш орқали бюджетга зарар етказишдан иборатдир.

 

Фирибгарлар ҚҚС ноодатий солиқ эканлигини тезда англаб олдилар. Қўшилган қийматни ҳосил қилиш занжирининг ҳар бир иштирокчиси харидордан сотиш нархида ундириладиган чиқувчи ҚҚС ҳамда ўз етказиб берувчиларига тўланган кирувчи ҚҚС ўртасидаги фарқни бюджетга тўлайди. Шу боисдан, агар кирувчи ҚҚСни сунъий равишда оширилса, бюджетга тўловлар суммасини камайтириш мумкин бўлади.

 

Барча ҚҚС тўловчилар ҳисобга олиш ҳуқуқи эга бўладилар. Масалан, бирор-бир маҳсулотни ишлаб чиқариш учун хом ашё сотиб оладиган корхона хом ашёни етказиб берувчига нафақат унинг қийматини, балки ҚҚСни ҳам тўлайди. Тайёр маҳсулот реализация қилинганидан кейин ушбу кирувчи ҚҚС «чикувчи» солиқдан чегириб ташланади. Солиқ кодексида (266-м.) белгиланишича, бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда, агар СКнинг 267-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи муайян шартларни бир вақтда бажарган тақдирда, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасини ҳисобга олиш орқали ҳисоблаб чиқарилган солиқнинг умумий суммасини камайтиришга ҳақли бўлади.

 

Шу тариқа, ҳисобга қабул қилиш ва бюджетдан қоплаш суммасини олиш ҳуқуқи – бу ҚҚСни ундириш механизмининг асоси ҳисобланади ва солиқнинг нейтраллигини таъминлайди. 2020 йил мобайнида солиқ тўловчиларга 9,0 трлн сўмлик ҚҚС (ёки йиғилган ҚҚСнинг деярли 20%и) қоплаб берилган.

 

Мазкур ҳуқуқдан қонунчиликка риоя этган ҳолда фаолият юритадиган инсофли тадбиркорлар фойдаланишлари лозим.

 

Бироқ, амалиёт таҳлилининг кўрсатишича, солиқ тўловчилар кўпинча бюджетга келиб тушмаган солиқ суммасини ҳисобга олишга уриниб, мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қиладилар. Бунда уларга ҳисобга олиш ҳуқуқини «сотадиган» тадбиркорлик субъектлари кўмаклашадилар. Улар мижозлари ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдалана олишлари учун қалбаки битимларни ҳужжатлар билан расмийлаштирадилар. Бунда ҳужжатлар ҳақиқатда бажарилган ишларни – товарларни сотиш ёки хизматларни кўрсатиш акс эттирмайди. Товарлар харидорларга келиб тушган бўлса-да, улар назорат-касса техникаси қўлланилмаган ҳолда нақд пулга харид қилинган бўлади.

 

Ҳозирги кунда бу энг кўп тарқалган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқидан ноқонуний фойдаланиш схемаларидан биридир. 2021 йил февраль ойининг бошида 9,5 мингта хўжалик юритувчи субъектда умумий суммаси 1 трлн сўмлик шубҳали битимлар аниқланган, бундан 476 млрд сўми чакана савдо корхонасига тўғри келади.

 

ҚҚС борасидаги фирибгарликнинг иккинчи тури – бу унга ҳақли бўлмаган ҳолда қоплаш суммасини олиш орқали бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштириш. Ноинсоф тадбиркор амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат томонидан ҳақиқатан ҳам бюджетдан солиқ суммаси қайтарилиши лозим бўлган вазиятдан ноқонуний тарзда фойдаланган ҳолда ҚҚС суммасини қайтариш ҳақида ариза беради. Ушбу ҳолатларда ҳуқуқбузар ҳақиқатда тўланмаган суммани бюджетдан олишга ҳаракат қилади. У нафақат солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузади, балки ноқонуний тарзда бюджет маблағларини олади ва талон-тарож қилади.

 

2020 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларнинг ҚҚСни қоплашга доир мурожаатлари юзасидан контрагентлар бўйича солиқларни тўлаш занжири ўрганиб чиқилди. Бир қатор ҳолатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчилар бир кунлик фирмалар эканлиги маълум бўлди, уларнинг бутун фаолияти олинган суммаларни нақдлаштиришдан иборат бўлган. Ҳужжатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҚҚС билан юклаб жўнатилганлиги кўрсатилади, лекин аслида ҚҚС бюджетга тўланмаган бўлади.

 

Масалан, Сурхондарёдаги А.К. фирмаси 1 350 млн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди. Улар ҳужжатларда маҳсулотларни Фарғона водийсидан бўлган етказиб берувчидан 1 080 млн сўм тўлаб сотиб олганларини кўрсатганлар, шу жумладан ҚҚС 140,87 млн сўм. Улар қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу суммани бюджетдан қайтариш учун ариза берганлар.

 

Бироқ солиқ органлари томонидан ўтказилган камерал текширувда Фарғона водийсидан бўлган етказиб берувчи фақат ҳужжатда мавжуд эканлиги аниқланди. Фирма кекса аёл номига рўйхатдан ўтказилган, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарилмаган ёки харид қилинмаган. Барча ҳужжатлар бир мақсад – солиқларни тўлашдан қочиш ва бюджетдан маблағ олиш учун қалбакилаштирилган.

 

Солиқчиларнинг фаол хатти-ҳаракатлари билан бюджетга икки баравар зарар етказилишининг олди олинди: мамлакат ичкарисидаги сотувлардан ҚҚС бюджетга келиб тушмаслиги ва ушбу суммалар фирибгарларга тўлаб юборилиши мумкин эди.

 

ҚҚС борасида фирибгарликнинг олдини олувчи айрим воситалар

 

ҚҚС борасидаги фирибгарликларни тизимли асосда аниқлаш учун яқин-яқингача солиқ тўловчиларнинг олдига бориб оммавий солиқ текширувларини ўтказиш лозим бўлган. Бироқ Ўзбекистонда охирги 5 йил ичида сайёр текширувларга мораторий амал қилган. Бундай шароитларда ҚҚС борасидаги фирибгарликларнинг олдини олишнинг самарали воситалари мавжуд бўлмаган.

 

2020 йил июлдан бошлаб қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралар ўрнини тўлиқ босадиган электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) жорий этилиши билан ушбу воситалар пайдо бўлди. Барча субъектлар ЭҲФни расмийлаштиришни бошлаганларидан кейин солиқ органлари улардан таҳлилий ишлар учун фойдаланадиган бўлдилар.

 

ЭҲФ ахборот тизимлари ва назорат қилишнинг бошқа автоматлаштирилган воситаларидан фойдаланиш қўшилган қиймат солиғи занжири бўйлаб – ишлаб чиқарувчидан бошлаб пировард истеъмолчига ҚҚСнинг «ошкоралиги»ни таъминлайди.

 

Назорат чоғида харидорлар ва сотувчиларнинг электрон ҳисобварақ-фактуралари маълумотлари солиштирилади, солиқларнинг бюджетга келиб тушиши далили текширилади, контрагентлар занжири тузилади, реализация қилинган ва сотиб олинган товарлар (хизматлар) номенклатураси таҳлил қилинади. Булар асосида:

  • ҚҚС занжиридаги узилишлар аниқланади;
  • бир кунлик фирмалар рўйхати шакллантирилади;
  • уларнинг контрагентлари аниқланади;
  • охирида ҚҚС ҳисоб-китобини қайта топшириш ва ноқонуний ҳисобга олинган суммани бюджетга тўлаш тўғрисида хабарнома юборилади.

 

Фирибгарликларнинг олдини олишда асосий воситалардан бири ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш бўлиши лозим. Ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтишга алоҳида эътибор қаратилиши керак.

 

Бугунги кунда солиқ органи томонидан ҳисобга қўйишда ариза шакли тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлиги текширилади. Фикримизча, ҚҚС тўловчиси кодини ва гувоҳномани беришдан олдин тадбиркорнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият юритишга қодирлиги текшириб кўрилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Солиқ органларига тадбиркор объектив равишда юқори даражадаги хатар гуруҳига мансуб бўлганда, уни рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳуқуқи берилиши лозим.

 

Бу жаҳон амалиёти бўлиб, бунда айрим субъектлар фақат уюшган тарзда фирибгарликларни амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтадилар. Бир кунлик фирма миллиард сўмлик товарларни реализация қилишга оид ҳужжатларни расмийлаштириб, ҚҚСни бюджетга тўламайди, сохта харидор эса солиқ чегирмаларини амалга оширади. Шу боисдан кўпгина мамлакатларда ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза узоқ вақт ва синчковлик билан текширилади. Бу нафақат давлат ғазнасининг тўлдирилишига, балки инсофли солиқ тўловчилар учун оптимал шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради.

 

Бунда шубҳали битимларни аниқлаш, ҚҚСни рўйхатдан ўтказиш тизимини тартибга солиш ва бошқа шунга ўхшаш чора-тадбирлар фақат муаммонинг бир қисмини ҳал этади. Товар бозорга келиб тушгандан бошлаб сотилгунга қадар ҳаракатланиш занжирини соғломлаштириш тақозо этилади.

 

Маҳсулотнинг бир қисмини яширин тарзда ишлаб чиқариш ва хуфия импорт қилиш масалаларини ҳал этиш лозим, бу ҳолатлар кейинчалик товарлар истеъмолчи томонга легал ҳаракатланишида муаммоларни юзага келтиради. Булар – юкларни ҳисобварақ-фактураларсиз ёки юкхатсиз ташиш, терминал ва кассаларсиз чакана савдо қилиш, касса чекини бериш маданияти мавжуд эмаслиги, реализация қилиш қийматининг пасайтирилиши ҳамда кўп йиллар мобайнида бизнеснинг реал манфаатларини тўлиқ ҳисобга олмаслик оқибатида юзага келган бошқа муаммолар. Давлат томонидан тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўпгина тўсиқлар олиб ташланганидан кейин у солиқ соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини талаб қилишга ҳақлидир.

 

Самарали солиқ назорати ҚҚС бўйича суиистеъмолликлар аниқланиши ва бартараф этилишига кафолат беради. Жазонинг муқаррарлиги, бир томондан, давлат билан бундай «ўйин қилиниши» ҳолатларини камайтиради, бошқа томондан соғлом рақобат муҳитини яратишга, инсофли солиқ тўловчиларнинг солиқ юкини камайтиришга имкон беради.

 

Дилшод Султонов,

молия вазири ўринбосари.