Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Кто должен сдать финотчетность за III квартал 2021 года Как исправить оценку «Высокий риск» по критерию «Данные о руководстве» Типичные ошибки при налогообложении «командировочных» Новые преференции при импорте фруктов, мяса, растительного масла
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Солиқ тўловчи томонидан ҳисобга қўйиш тартиби бузилганлиги учун қандай санкциялар қўлланилиши мумкин

Солиқ тўловчи томонидан ҳисобга қўйиш тартиби бузилганлиги учун қандай санкциялар қўлланилиши мумкин

11.05.2021

Читать на русском языке

Юридик ва жисмоний шахслар солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим. Ҳисобга қўйиш тартиби бузилганлиги учун  солиқ тўловчиларга нисбатан Солиқ кодексига мувофиқ санкциялар қўлланилади (СК 126, 219-м.):

  • тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширилганда;
  • фаолият солиқ органларида ҳисобга турмасдан амалга оширилганда;
  • муайян турдаги солиқни тўловчи сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйишнинг белгиланган тартиби солиқ тўловчи томонидан бузилганда;
  • солиқ тўловчи томонидан солиқ солиш объекти бўйича солиқ органларида ҳисобга қўйиш муддатлари бузилганда.

 

Солиқ ҳисобига қўйиш: ҳужжатлар ва хатти-ҳаракатлар тартиби

 

Ҳисобга қўйиш олинган маълумотларга асосан солиқ органлари томонидан СКнинг 128-моддасига мувофиқ мустақил равишда амалга оширилади. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда улар солиқ органларида ҳисобга қўйилади. Шу боисдан давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

 

Солиқ тўловчига идентификация рақами берилганлиги тўғрисида солиқ органи томонидан берилган гувоҳнома ҳам солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.  

 

Солиқ органларида ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш бепул амалга оширилади (СК 126-м.).

 

Юридик шахслар ўзлари жойлашган ердаги ва уларнинг алоҳида бўлинмалари жойлашган ердаги солиқ органларида ҳисобга қўйилади. Таркибига Ўзбекистон ҳудудида жойлашган алоҳида бўлинмалар кирадиган юридик шахслар ҳар бир алоҳида бўлинма жойлашган ердаги солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим (СК 128-м.);

 

Ўзбекистонда фаолиятни ваколатхона ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим;

Жисмоний шахслар ўзи яшайдиган жойдаги солиқ органларида ҳисобга қўйилади (СК 128-м.).

 

! Ҳисобга олишда ҳар бир солиқ тўловчига солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) берилади ва унинг ҳисоб маълумотлари солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилади (СК 127-м.).

 

Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун санкциялар

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 5 БҲМдан 7 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 Ушбу ҳуқуқбузарликни:

  • анча миқдорда (100 БҲМдан 300 БҲМгача) назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 7 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
  • кўп миқдорда (300 БҲМдан 500 БҲМгача) назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 10 БҲМдан 50 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 176-м.).

 

Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан жуда кўп миқдордаги (500 БҲМгача) назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда амалга оширганлик учун жазо чораси кучайтирилди. Жиноят кодексига мувофиқ бундай қилмишлар учун:

  • 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 300 БҲМдан 600 БҲМгача миқдорда жарима;
  • ёки 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
  • ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 188-м.). 

 

! Тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (9.02.2017 й. 66-сон ВМҚга 1-илова) мувофиқ амалга оширилади.

 

! Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, ҳуқуқбузарлик нарсаларини мусодара қилмасдан жавобгарликдан озод этилади (МЖТК 176-м.; ЖК 188-м.). 

 

Мисол. 1-сонли дўконда хронометраж ўтказиш чоғида солиқ инспектори иккала дўкон битта бинода жойлашганлиги сабабли 2-сонли дўкондан ҳам рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани кўрсатишни сўраган. 2-сонли дўконни ижарага берувчи ва дўкон вакили ҳеч қандай ҳужжат кўрсатишмаган. Бунга асосан солиқ органи томонидан 2-сонли дўконда сайёр текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилган. Текширув натижаларига кўра, 2-сонли дўкон 2 ойдан буён давлат рўйхатидан ўтказилмасдан фаолият юритаётганлиги ва назорат қилинмайдиган даромад миқдори 150 БҲМни ташкил этганлиги аниқланган. Шу муносабат билан солиқ органлари томонидан дўкон директорини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ва ишга оид материаллар судга юборилган. 2-сонли дўкон ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кун ичида рўйхатдан ўтказилмаганлиги туфайли суд томонидан 7 БҲМ миқдорида (назорат қилинмайдиган даромад анча миқдорда бўлганлиги сабабли) маъмурий жарима қўлланилиши тўғрисида қарор чиқарилган.      

 

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ юқорида айтиб ўтилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий (жиноий) санкциялардан ташқари молиявий санкциялар ҳам қўлланилади.

 

Жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш, бундай фаолиятдан олинган даромадларнинг 10 фоизи миқдорида, лекин 1 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (СК 219-м.).

 

Санкциялар солиқ назорати натижаларига асосан, солиқ органининг қарорига ҳамда кейинги суднинг қарорига мувофиқ қўлланилади. Юридик шахсларга нисбатан маъмурий (ёки жиноий) санкциялар қўлланилади. ЯТТларга нисбатан суднинг қарорига асосан молиявий ва маъмурий (ёки жиноий) санкциялар қўлланилиши мумкин.

 

Мисол. Жисмоний шахс пойабзал тузатувчидан (у тегишли хизматни кўрсатиб бўлганидан кейин) қонуний фаолият юритаётганлиги тўғрисидаги ҳужжатни кўрсатишни сўраган. Пойабзал тузатувчи буни рад этган ва унга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган. Жисмоний шахс ушбу масала юзасидан ДСИга мурожаат қилган. Солиқ органи томонидан жисмоний шахснинг мурожаатига асосан сайёр текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилган. Текширув чоғида пойабзал тузатувчи бир ой олдин фаолиятини бошлаганлиги маълум бўлган, бироқ унда ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат бўлмаган - шу ҳолат юзасидан далолатнома тузилган. Пойабзал тузатувчининг ҳисобга турганлиги ҳақидаги ҳужжати бўлмаганлиги сабабли унинг даромадларини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Далолатномани кўриб чиқиш натижалари бўйича солиқ органи уни жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор қабул қилади ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида қабул қилиш қилиниши учун ишни судга оширади. ЯТТ биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ва солиқ органи томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда молиявий санкцияларни тўлаганлиги сабабли ҳамда ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кун ичида солиқларни тўлаганлиги ва рўйхатдан ўтганлиги муносабати билан суд томонидан ЯТТга нисбатан маъмурий жарима (5 БҲМ миқдорида) қўлланилмасдан, 500 минг сўм миқдорида (1 млн сўм ўрнига) молиявий санкцияни ундириш ҳақида қарор чиқарилган.

 

!  Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти натижасида олинган даромад миқдорини ушбу фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда тушум суммасидан келиб чиқиб аниқлаш лозим (15.03.1996 й. 9-сон ОСПҚнинг 4-б.). 

 

ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибининг бузилиши

 

 ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйишнинг белгиланган тартиби солиқ тўловчи томонидан бузилганда, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисобга қўйиш санасидан ҳақиқатда ҳисобга қўйилган санагача бўлган даврда олган даромадининг 5 фоизи миқдорида, лекин 5 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (СК 219-м. 1-қ.).

 

! Солиқ тўловчилар фақат ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтказилади  (Низом, АВ рўйхат рақами 3232, 2.05.2020 й.).

 

 ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши ҚҚС суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади. Товарларни реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган юридик шахслар ва ЯТТлар ҳам ҚҚС тўловчилари сифатида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

 

Низомда назарда тутилишича, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш субъект ҳисобга қўйилган солиқ органи томонидан амалга оширилади. Бироқ амалиётда бу Тошкент шаҳар ва вилоят марказлари ДСБлари томонидан амалга оширилмоқда. ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза ҚҚС тўлашга ўтиши керак бўлган ойнинг 5-санасидан кечиктирмасдан тақдим этилиши керак – ушбу муддат муҳим саналади, сабаби юқорида айтиб ўтилган санкция ушбу муддатдан бошлаб ҳисобланади.

 

Солиқ тўловчига рўйхатдан ўтказилганидан кейин автоматик тарзда ҚҚС рўйхат рақами берилади ва у гувоҳномада кўрсатилади. Солиқ тўловчи ҚҚС рўйхат рақамини ҳисобварақ-фактурада ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатда кўрсатиши шарт.

 

Мисол. Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди. 2020 йил якунлари бўйича «риск-таҳлил» тизими томонидан берилган маълумотларга асосан ушбу корхонада солиқ аудити ўтказилди. Корхонанинг 2020 йилги жами даромади 3 млрд сўмни ташкил қилган, бунда биринчи чорак учун айланма 700 млн сўмни, биринчи ярим йиллик учун 1,6 млрд сўмни, 9 ой учун 2,4 млрд сўмни, бир йил учун 3 млрд сўмни ташкил этган. Солиқ даврида (солиқ даври – календарь йил) жами даромад 1 млрд сўмдан ошган бўлса, корхона бундай ошиш юз берган ойдан кейин ойнинг биринчи санасидан ҚҚС тўлашга ўтиши лозим. Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича айланма 1 млрд сўмдан ошган, бироқ корхона солиқ органларига мурожаат қилмаган ва ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтмаган – бу ҳақда солиқ текшируви далолатномасида қайд этилган. Солиқ органи томонидан корхонага нисбатан 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигида олинган даромаднинг 5 фоизи ёки 70 млн сўм миқдорида (иккинчи ярим йиллик учун жами даромад 1,4 млрд сўмни ташкил қилган, ушбу сумманинг 5%и 70 млн сўмни ташкил этади) молиявий санкция қўлланилиши ҳақида қарор қабул қилинган ва судга қарор чиқариш учун юборилган. Суд томонидан 70 млн сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилиши тўғрисида қарор чиқарилган.    

 

 ! ҚҚС тўловчиси сифатида белгиланган ҳисобга қўйилиш тартибини бузганлик учун фақат молиявий санкция қўлланилади.

 

Доимий муассасани солиқ органларида ҳисобга қўйилиш тартибининг бузилиши

 

 Чет эл юридик шахси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий муассасасини ташкил этишга олиб келувчи фаолиятнинг солиқ органида ҳисобга қўймасдан амалга оширилиши ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Ушбу ҳолат мазкур фаолиятни амалга ошириш бошлангандан ҳақиқатда ҳисобга қўйилган санагача бўлган даврда олинган даромаддан 10 фоиз миқдорида, лекин 10 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (СК 219-м. 3-қ.).

 

! Чет эл юридик шахси ЎзРдаги тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ ёки қисман қайси доимий фаолият жойида амалга ошираётган бўлса, ўша жой чет эл юридик шахсининг ЎзРдаги доимий муассасаси деб эътироф этилади. Доимий муассаса мазмун-моҳиятини янада яхшироқ тушуниб олиш учун СКнинг 36-моддасига асосланиш лозим.

 

Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган кундан эътиборан 183 календарь кундан кечиктирмай солиқ органига солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт  Агар норезидент бўлган юридик шахс 183 календарь кундан ортиқ муддатга шартнома тузган бўлса, солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан 30 календарь кундан кечиктирмай солиқ органига тақдим этилади (СК 130-м.).

 

! Ўзбекистон Республикасида товар-хом ашё биржаларида ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда акциядорлик жамиятларининг акцияларини сотиб оладиган норезидент бўлган юридик шахслар биржа савдолари амалга ошириладиган жойдаги солиқ органида ҳисобга қўйилади (СК 128-м 3-қ.).

 

Мисол. ДБҚдан ДСҚга «А» хорижий компанияси томонидан қурилиш хизматларини кўрсатиш мақсадида қурилиш техникаси олиб кирилганлиги тўғрисидаги маълумот келиб тушган. ДСҚ «А» хорижий компаниясининг манзилига ёзма сўров юборган. Бироқ бир ой мобайнида ҳеч қандай жавоб келмаган. Бундан ташқари ДСҚ «А» компанияси қурилиш ишларини амалга ошираётганлиги ҳақида маълумот олган. Олинган маълумотларга асосан ДСҚ тегишли солиқ инспекциясига ушбу компанияда текширув ўтказишни топширган. Инспекция сайёр солиқ текширувига оид буйруққа асосан «А» компаниясининг фаолиятини ўрганиб чиққан. Шартномага мувофиқ «А» хорижий компанияси маҳаллий компания учун ишлаб чиқариш объектини қуриш ишларини бажарган. Компания уч ойдан буён 200 млн сўмга тенг қийматдаги қурилиш ишларини амалга оширган. Бироқ ушбу компания фаолиятини бошлаган кундан эътиборан 30 кун ичида солиқ органларида ҳисобга турмаган. Кўрсатилган маълумотларга биноан компания хорижий компаниянинг доимий муассасаси тоифасига мансуб бўлмоқда. Текширув натижаларига кўра солиқ инспекцияси 20 млн сўм (даромаднинг 10%и) миқдорида молиявий санкция қўлланилиши тўғрисида қарор қабул қилган ва материалларни судга юборган. Суд томонидан молиявий санкция ундирилиши тўғрисида қарор чиқарилган.    

 

Солиқ солинадиган айрим объектларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш муддатлари бузилиши 

 

 СКнинг 131-моддасида назарда тутилган ҳолларда солиқ солиш объекти бўйича солиқ органларида ҳисобга қўйиш муддатлари бузилганда, агар ҳисобга қўйишнинг белгиланган муддатидан ўтиши:

  • 30 кундан кўп бўлмаганда – 1 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
  • 30 кундан кўп бўлганда – 2 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчи нафақат субъект жойлашган жой бўйича ҳисобга қўйилади. Бинолар, ер участкалари ва бошқа солиқ солинадиган объектлар солиқ тўловчи жойлашган жойда бўлмаслиги мумкин. Бундай вазиятларда солиқ тўловчида ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва (ёки) норуда қазилма бойликлари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш мажбурияти солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олинган жойи бўйича эмас, балки объект жойлашган жойда юзага келади.

 

Бундай солиқ тўловчи тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 10 кун ичида солиқ солиш объектларини улар жойлашган ерда ҳисобга қўйиш учун солиқ органларига мурожаат қилиши керак (СК 131-м.).

 

Мисол. «Гулшан» корхонаси Тошкентда фаолиятни амалга ошираётганига икки йилдан ошди. У СКнинг 129-моддасига мувофиқ Шайхонтоҳур ДСИда ҳисобга қўйилган. Икки ой олдин корхона Самарқанд шаҳри ҳудудида 2 гектар ер участкасини сотиб олган ва Самарқанд шаҳар кадастр органларида ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказган. Бироқ корхона ушбу ер участкасини Самарқанд шаҳар ДСИда ҳисобга қўймаган. Самарқанд шаҳар кадастр органи Самарқанд шаҳар ДСИга ер участкаси ҳақида маълумот юборган. ДСИ корхонага мурожаат қилган ва Шайхонтоҳур ДСИга хат юборган. Ер участкасига бўлган ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилганлигига бир ойдан ошганлиги сабабли Самарқанд шаҳар ДСИ 2 млн сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилиши тўғрисида қарор қабул қилган ва ишни судга оширган. Суд ДСИ позициясини тўғри деб топган.    

 

! Объект жойлашган жой бўйича ҳисобга қўйиш мажбурияти, шунингдек: 

  •  бензин, дизель ёқилғиси ва газни охирги истеъмолчига реализация қилишда тўланадиган акциз солиғининг солиқ тўловчиларига;
  •  ҳудудий алоҳида бўлинма жойлашган ери бўйича ходимлар сони 25 кишидан кўп бўлган доимий иш жойи яратган солиқ агентига татбиқ этилади.

 

Бошқа ҳуқуқбузарликлар 

 

Юқорида санаб ўтилган солиқ органларида ҳисобга қўйилиши билан боғлиқ  ҳуқуқбузарликлардан ташқари ушбу ҳолат билан боғлиқ бир қатор ҳуқуқбузарликлар ҳам мавжуд.

 

Ҳар бир солиқ тўловчи ўзининг СТИРини солиқ ҳисоботларида, солиқ органига тақдим этиладиган аризалар ва бошқа ҳужжатларда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда кўрсатади. Солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўлланиш тартибини бузиш фуқароларга 1 БҲМдан 3 БҲМгача, мансабдор шахсларга эса – 3 БҲМдан 7 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 175-3-м.).

 

Хўжалик юритувчи субъект томонидан почта манзили (жойлашган ери), банк реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ёки ўзи қайта рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларни 10 кунлик муддат ичида ваколатли давлат органларига тақдим этмаслик ёхуд ёлғон маълумотларни тақдим этиш мансабдор шахсларга 10 БҲМдан 15 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 176-2-м.).

 

Банк ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисобварағи ёки омонати (депозити) очилганлиги (ёпилганлиги), ҳисобварағи ёки омонати (депозити) реквизитларининг ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ахборотни тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан уч кун ичида электрон шаклда, ўзи жойлашган ердаги солиқ органига маълум қилиши шарт (СК 134-м.). Солиқ органларида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномасиз корхоналар ва ташкилотларга ҳисоб-китоб ёки бошқа ҳисобварақларини очиш кредит ташкилотларининг мансабдор шахсларига 5 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 175-м.4-қ.).

 

 Жорилла Абдуллаев,

 «Norma» МЧЖнинг етакчи эксперти.

 

Эътибор беринг! 2021 йилги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун санкциялар ҳақидаги маълумотлар билан Солиқ навигаторида батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.



В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_