Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Туристик фаолиятни ахборот билан таъминлаш - жаҳон бозори ва халқаро стандартлар талаби!

Туристик фаолиятни ахборот билан таъминлаш - жаҳон бозори ва халқаро стандартлар талаби!

28.04.2017

26 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Туристик фаолиятнинг самарали ахборот таъминоти” мавзусида давра суҳбати  ташкил этилди.

 

Туризм соҳасининг ахборот билан таъминланишини ташкил этиш бўйича давлат сиёсати йўналишларини таҳлил этиш,  туризм бозори субъектлари фаолиятига замонавий АКТни жорий этиш, янги имкониятлардан фойдаланишнинг истиқболини ҳисобга олган ҳолда туристик фаолият қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқиш тадбирнинг мақсади бўлди.

 

Ўзбекистонда туризм тармоғининг ривожланишига оид бир қатор Қонунлар қабул қилинганлигига қарамай, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмаси, туризм хизматлари сифати ва унинг даражаси, шунингдек тармоқни бошқариш тизими глобаллашув ва кескин рақобат шароитида замонавий талабларга мос келмаётганлигини, туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан орқада қолаётганлигини  давлатимиз рахбари ўзининг дастурий маърузасида кўрсатиб ўтди ҳамда соҳага оид устувор вазифаларни белгилаб берди.  

 

Соҳани ривожлантиришдаги асосий муаммолардан бири, бу албатта туристик фаолиятнинг ахборот таъминотига етарлича эътибор қаратилмаётганлигидир.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 6 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланишини танқидий баҳолаган ҳолда минтақаларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишда туризм ролини кучайтириш ҳамда туризм соҳасида давлат сиёсатининг сифат жиҳатдан янги босқичга ўтишини белгилаб берадиган ушбу тармоқни тубдан ислоҳ қилиш бўйича, хусусан туристик фаолиятни ахборот билан таъминлашга оид чора-тадбирлар белгиланди.

 

Яна бир муҳим масала, ушбу Президент фармони асосида ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тайёрланди ва кенг муҳокамага қўйилди. Унда туристик фаолиятни ахборот билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани ривожлантириш бўйича зарурий тадбирлар белгиланди.

 

Жумладан, 

  • республикада туристик ахборотларни бепул тақдим этиш, олдиндан жой банд қилиш, китоб, харита ва совғаларни харид қилиш имконини берувчи ахборот марказларини ташкил этиш;
  • Ўзбекистонда туристик объектлар ва йўналишларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш;
  • Интернетда туристик маҳсулотни таклиф этиш ишларини кучайтириш, Ўзбекистоннинг барча туристик имкониятларини ўз ичига олган махсус онлайн-платформани яратиш;
  • 2018 йилдан бошлаб, “Ўзрепорт” телеканали таҳририяти негизида чет тилларда олиб бориладиган «UzReport World» халқаро телеканалини ташкил этиш, шу билан бирга National Geographic, Discovery, Viasat History каби чет эл ахборот телеканаллари даражасидаги Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихини, маданий меросларини, буюк олим ва тарихий шахсларини, миллий ошхонамизни тарғиб этувчи хужжатли фильмлар яратиш ва бошқа соҳага оид муҳим масалалар ёритилган.

 

Шуни ҳам айтиш лозимки, «Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган.

 

Амалдаги ушбу Қонун, халқаро тажрибани таҳлил этган ҳолда кўриб чиқилганда (Россия Федерацияси, Қозоғистон, Франция, Туркия ва б.) Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришда муҳим бўлган айрим жиҳатларга эътибор берилмаганлигини, зарурий нормалар билан бойитилмаганлигини кўришимиз мумкин.

 

Масалан, туроператорлик, турагентлик фаолиятларига тушунча берилмаган, кимлар бу фаолият билан шуғулланади, уларнинг фаолияти нималардан иборат, фаолиятларни ким ташкил этади каби саволлар очиқ қолган. “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида  лицензиялаш реестрларини юритиш ва лицензиатлар тўғрисида  маълумот бўлган реестрлардаги мавжуд ахборотни очиқ бўлиши назарда тутилган. Лекин амалдаги “Туризм тўғрисида”ги Қонунда туристлар ва бошқа манфаатдор шахсларга тегишли ахборот бериш мақсадида туроператорлар, турагентлар ягона реестрини ва умуман туризм соҳаси субъектларининг реестрини юритиш масалалари киритилмаганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, туризм соҳаси объектлари, туристик маҳсулот (туристик хизматлар мажмуи), туристик маҳсулотни шакллантириш, туристик маҳсулотни реализация қилиш, туристик маҳсулотни юргизиш ва уларнинг ахборот таъминоти каби йўналишлар ҳам очиқ қолдирилган.

 

Шунингдек, туризм соҳаси субъектлари ўз фаолиятларини амалга оширишда туристик маҳсулот тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки нотўғри тақдим этганлик ва бошқа мажбуриятларни зарур даражада бажармаганлик учун турист ёки бошқа буюрмачининг олдидаги жавобгарлиги масалаларини ёритувчи нормалар билан такомиллаштирилмаган.

 

Юқорида келтириб ўтилган ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш Концепциядаги кўзланган лойиҳалар ва ишлар амалга оширилиши билан қуйидаги натижаларга эришилади:

 

Хусусан, Ўзбекистонда самарали, рақобатбардош туризм комплекси ташкил этилади. У минтақалар ривожланиши ва минтақалараро алоқаларнинг асосий пойдеворларидан бири бўлади ҳамда ўз атрофидаги кичик ва ўрта бизнес ривожига туртки беради. Унга кўра, 2017-2021 йиллар оралиғида туризм саноатининг асосий капиталига киритиладиган сармоя миқдори 298,2 млрд сўмни ташкил этади.

 

Ўзбекистоннинг турли тоифадаги фуқароларининг фаол ва тўлиқ дам олиш борасидаги талабларини қондириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, маданий қадриятларга ошно қилишга эришилади. Шу билан бирга, Ўзбекистонга келувчи хорижий сайёҳлар сони 2017 йилги 2 млн. нафардан зиёд кишидан 2021 йилга бориб 2,5 миллион нафар кишидан ортиқроқни ташкил этади.

 

Туризм соҳасида қўшимча иш ўринлари яратиш воситасида аҳоли бандлик даражасини оширишга эришилади. Бу мақсадлар меҳмонхоналар, сайёҳлик фирмалари ва ташкилотлар сонини кўпайтириш орқали амалга оширилади. Жумладан, 2021 йилга бориб Ўзбекистонда 2017 йилги 680 та меҳмонхоналар сони 1036 тага етказилади. Сайёҳлик операторлари сони 441 тадан 565 тагача ортади.

 

Туризм соҳасида хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш билан маҳаллий ва давлат бюджетлари даромади ортади. Аҳолига ҳақ тўланувчи туристик хизматлар кўрсатиш сони кенгаяди, меҳмонхоналарда қолиш ҳолатлари кўпаяди. Бунинг натижасида 2021 йилда сайёҳлик соҳасида 2 млрд 722 млн долларга яқин хизматлар экспорт қилинади.

 

Хулоса қилиб айтганда, соҳага оид белгиланган ишларнинг амалга оширилиши орқали мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга, таркибий ўзгартиришлар ва диверсификация қилишга, барча минтақаларни ва турдош тармоқларни комплекс равишда илдам ривожлантиришга, мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантиришни таъминлашга, шунингдек Ўзбекистоннинг жозибадор туризм маркази сифатидаги ижобий қиёфасини шакллантиришга имконият яратилади.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси,

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ