Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Для кого налог за пользование водными ресурсами будет установлен в пятикратном размере - читать на buxgalter.uzНовая редакция НК: налог за пользование недрами существенно не изменится - читать на buxgalter.uzНовая редакция НК: ЕЗН объединяется с земельным налогом - читать на buxgalter.uz Система Вir.uz возобновила квалификационные экзамены - читать на buxgalter.uzПроект НК: какие нас ждут финансовые санкции - читать на buxgalter.uzТеперь можно обращаться за кредитом в любой банк, независимо от постоянного местонахождения - читать на buxgalter.uzЧто нового ждет налогоплательщиков в персональном кабинете - читать на buxgalter.uzНужно ли писать ответ на требование ГНИ, если вы с ним согласились - читать на buxgalter.uzЧто должен сделать бухгалтер, если выручка превысила 1 000 000 000 сумов - читать на buxgalter.uz

Ялпи мажлис якунлари: 26 та масала, улардан 16 таси қонунлар

26.08.2019

Читать на русском языке

2019 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Мажлиснинг иккинчи куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилишдан бошланди.

 

Сенаторлар томонидан маъқулланган Қонун парламентлараро ва халқаро ҳамкорликка доир харажатлар ҳисобга олинган ҳолда Олий Мажлис палаталари харажатлар сметаларини ишлаб чиқиш механизмини тартибга солувчи қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишини назарда тутади.

 

Шундан кейин Сенат аъзолари “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.

 

Қонун лойиҳаси Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан ва унинг нормаларини сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари билан бирхиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунларга ва бошқаларга киритилади.

 

Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун норма билан тўлдирилиб, унга кўра фуқаролар йиғини сайлов комиссиясига ўз кузатувчиларини юборади ва қуйидаги номзодлар бўйича тавсиялар тақдим этади:

  • халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари;
  • халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига.

 

Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат вакиллари учун депутатлар ўринларини квоталаш бекор қилиниши муносабати билан “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунга, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун нормаларига мувофиқ “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги”, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунларга жамоатчилик назорати субъектлари киритилмоқда.

 

Бюджет кодексига тузатишлар киритилмоқда, улар  бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этиши имкониятини назарда тутади. Молия вазирлиги прогноз йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжаллари   жамоатчилик муҳокамасини таъминлайди. Уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига юборилишидан олдин жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шунингдек, “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Сенаторлар томонидан маъқулланган ҳужжат билан 12 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.  Президент давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини такомиллаштириш учун унинг терроризмга қарши курашиш, тезкор-қидирув фаолияти, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ваколатлари назарда тутилади.

 

Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунда офицерлар ва сержантлар учун муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг ягона муддати белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

 

Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик, объектлар қўриқланадиган теграларида, шу жумладан  ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда қурганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.

 

МЖТКга  моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни оширувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Ҳуқуқбузарликларни нафақат қасддан содир этганлик, балки эҳтиётсизлик туфайли содир этганлик учун ҳам жазоланадилар.

 

Солиқ кодекси нормалар билан тўлдирилмоқда, улар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари тегишли равишда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда, даъволар ва аризалар бўйича иқтисодий ҳамда маъмурий судларда давлат божи тўлашдан озод этилишини назарда тутади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан кейин парламент аъзолари “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.

 

“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозими бекор қилиниши ва жамоат тартибини сақлаш бўйича профилактика (катта) инспектори ёрдамчиси лавозими жорий этилиши муносабати билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Ички ишлар органлари тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга судьяларнинг чинакам мустақиллигини, судьялик корпусини шакллантириш ва номзоднинг шахси тўғрисида ишончли маълумотлар тўплаш масаласида очиқ-ошкораликни таъминлашнинг қўшимча механизмлари жорий этилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Юқори палата аъзолари “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.

 

Хусусан, Жиноят, Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартишлар киритилиб, уларда нафақат руҳий касалликлар шифохонасида, балки турар жойидаги руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида), яшаш жойидаги умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг умумий кузатиладиган бўлимида, умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг махсус реабилитация бўлимида тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

 

Қонуннинг қабул қилиниши руҳий ҳолати ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда бузилган шахсларга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга, бир вақтда уларни жазолаш имкониятини яратишга, психиатрия ёрдамини кўрсатишнинг амалдаги тизими имкониятларидан тўлиқ ва оқилона фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишга, шунингдек тиббиёт муассасаларининг судлар, прокуратура органлари, адвокатлар ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар билан ўзаро муносабатларини тартибга солишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

 

3 та қонунга ва 5 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Пенсия ёшига етган судланганлар ва ногиронлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Жиноят-ижроия кодексига ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга тузатишлар киритилмоқда. Уларда манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш, бундай шахсларга пенсия тўловини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали тўлаш назарда тутилмоқда.

 

Айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, уни бундан кейинги жиноий фаолиятининг олдини олиш, ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексига “Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш” деб номланган янги боб киритилган. Бу механизм суд томонидан фақат давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчи шахсга нисбатан қўлланилади.

 

МЖТКда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлик, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, бўш иш ўринларини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

 

Оила кодексида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини 18 ёш этиб белгиловчи норма мустаҳкамланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қатор қонунларни маъқулладилар: ХМТнинг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-сонли Конвенцияси (Женева, 1947 йил 11 июль) ва қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сонли Конвенцияси (Женева, 1969 йил 25 июнь), фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияси (Кишинев, 2002 йил 7 октябрь), Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилотини таъсис этиш тўғрисидаги Битим (Париж, 2001 йил 3 апрель).

 

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Сенаторлар:

  • ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини;
  • ташқи ишлар вазирининг ТИВ зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотини;
  • Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг туризмни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотини;
  • Хоразм вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.

Йигирма биринчи ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 26 та масала, шу жумладан 16 та қонун кўриб чиқилди.

 

Шунинг билан Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Олий Мажлис Сенатининг

Ахборот хизмати хабари асосида.