Вазирлар Маҳкамасининг 30.08.2018 йилдаги 703-сон қарори билан пахта хом ашёсини қўлда ва машинада териш қиймати, шунингдек пахта териш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Пахтанинг ҳар бир килограмми учун теримчиларнинг меҳнатига 3 босқичда, контрактация шартномаси бўйича бажарилган мажбуриятлар ҳажмига қараб ҳақ тўланади:
- 60%гача – 650 сўм;
- 60%дан 80%гача – 850 сўм;
- 80%дан ортиқ – 1000 сўм.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги ҳосил учун тариф ставкалари – 450, 500 ва 700 сўм эди.
Теримчиларга, илгаригидек, ҳар 5 кунда, зарурат туғилганда эса – ҳар куни ҳақ тўланади.
Ўтган йилда бўлганидек, айрим вилоятлардаги пахта теримчиларига кунлик устама белгиланди. Жорий йилда Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон, Касби туманларида, шунингдек Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида 300 сўм/кг миқдорида устама оладилар. Ҳужжатга иловада келтирилган рўйхатдаги бошқа вилоятларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун 100 сўм миқдорида устама белгиланади.
Пахта хом ашёсининг машинада терилган 1 тоннаси учун 400 000 сўмдан (2017 йилда – 260 000 сўм/тн) хизмат ҳақи тўланади.
Контрактация шартномасида белгиланган миқдордан ортиқча топширилган пахта хом ашёси харид нархларига 15% миқдорида устама тўланади.
Бу – муҳим! Шу йилги ҳосилдан бошлаб жисмоний шахслар пахта йиғим-терими учун оладиган даромадларига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари (8%) ҳисобланмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.09.2018 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.