Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Ёшлар бизнес марказлари қурилишига инвестиция қандай киритилади

05.12.2018

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2018 йилдаги 962-сон қарори билан ёш тадбиркорлар учун коворкинг марказлари ва комплекслар қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тартиби, шунингдек ёшлар бизнес-лойиҳаларига “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағларини ажратиш механизми тасдиқланди.

 

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш Президентнинг 26.07.2018 йилдаги ПФ-5466-сон Фармони билан қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида назарда тутилган. Давлат дастури 2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида амалга оширилмоқда ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бутун чора-тадбирлар спектрини назарда тутади:

  • ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
  • банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш;
  • чорвачилик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;
  • давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартларида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказларини, шунингдек савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда "Yoshlar mehnat guzari" комплексларини қуриш;
  • Давлат дастури тадбирларини молиялаштириш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида "Yoshlar - kelajagimiz" жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ва унинг туман ва шаҳар филиалларини ташкил этиш.

 

Қабул қилинган ҳужжат юқорида кўрсатилган коворкинг марказлари ва комплексларни қуриш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек Жамғарманинг ёшлар тадбиркорлиги лойиҳаларида иштирок этиш механизмини белгилайди.

 

Маълумот учун. «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага беради, Интернетдан фойдаланиш имкониятини тақдим этади, уларга бизнес-режалар ишлаб чиқишда ёрдам беради, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатади, форумлар, мастер-класслар ва семинарларни ташкил этади.

 

“Yoshlar mehnat guzari” комплекслари чакана савдо ва маиший хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш учун ёшларга имтиёзли шартларда ижарага жой ажратади.

 

ДХШ коворкинг марказлари ва комплексларни қуриш (жойлаштириш) учун асос бўлади. Битим томонлари – туман (шаҳар) ҳокимлиги ва тадбиркорлик субъекти.

 

Ҳокимликлар қурилиш учун хусусий инвесторларга, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер участкалари ёки бўш турган биноларни ажратади. Инвесторлар ўз зиммасига оладиган мажбуриятлар  - бу ерда.

 

Ариза бериш ва кўриб чиқиш механизми

 

Шундай ДХШда иштирок этиш истагида бўлган тадбиркорлар туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилишлари ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:

  • юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома, паспорт нусхаси – жисмоний шахслар учун;
  • коворкинг марказлари ва гузарлар қуриш ёки жойлаштириш учун мўлжалланган ер участкаси ёки бўш турган бино тўғрисида маълумот;
  • ер участкасига (бинога) бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома - агар қурилиш хусусий шерик мулки негизида амалга оширилса;
  • эскиз лойиҳавий таклиф ҳужжатлари (агар зарурат бўлса).

 

Берилган аризалар 2 иш куни ичида қуйидагиларга асосан кўриб чиқилади:

  • тақдим этилган ҳужжатларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги;
  • лойиҳа ҳисоб-китобларининг асосланганлиги ҳамда иқтисодий самарадорлиги;
  • лойиҳани амалга оширишда хусусий шерикнинг молиявий ҳолати;
  • коворкинг марказлари туман марказида, меҳнат гузарлари эса ишсиз ёшлар сони кўп бўлган аҳоли пунктларида ташкил этилиши.

 

Шундан кейин материаллар ер участкаси ажратиш қисмида “Давергеодезкадастр” қўмитаси ҳудудий органига,  бўш турган давлат объектларини “ноль” харид қиймати бўйича реализация қилиш қисмида эса Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий бўлинмасига юборилади.

 

Хусусий инвесторларда қурилиш қийматининг 30%игача миқдорда Жамғарма маблағларини ўз лойиҳаси учун жалб этиш имконияти мавжуд. Аризалар зарур ҳужжатлар пакети билан ҳар ойнинг 5-кунига қадар Жамғарманинг туман филиаллари томонидан қабул қилинади.

 

Жамғарма ёшлар бизнесига ёрдам беради

 

Бунинг учун у тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун улар қийматининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда маблағлар ажратади, кейинчалик Жамғарма улуши 5 йил мобайнида реализация қилинади.

 

Бундай имтиёзга:

  • Давлат дастури доирасида бизнесни бошлаш истагида бўлган, 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёш тадбиркорлар;
  • 50% ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектлари;
  • яратиладиган иш ўринларининг 70%идан кам бўлмаган қисмини 5 йил мобайнида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторлар эга бўлишади.

 

Аризалар қуйидагиларни илова қилган ҳолда Жамғарманинг туман филиалларига берилади:

  • бизнес-режа;
  • охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл) - янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно;
  • жамият муассисларининг (иштирокчиларининг) таркиби ва жамиятнинг таъсис шартномасидан кўчирма - жисмоний шахслар бундан мустасно;
  • таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган инфратузилма ва муҳандислик иншоотларининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат.

 

Жамғарма томонидан маъқулланган истиқболли лойиҳа ҳар ойнинг 20-кунига қадар Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади. У ҳар ойнинг 25-кунига қадар якуний қарор қабул қилади. Кузатув кенгашининг ижобий қарори Жамғарма филиали ва тадбиркор ўртасида (масъулияти чекланган ёки кўшимча масъулиятли) жамият  таъсис шартномасини тузиш учун асос ҳисобланади.

 

Жамият давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг Жамғарма унинг филиали сўровига асосан жамият устав фондига (капиталига) белгиланган Жамғарма улушини пул маблағлари (миллий валютада) кўринишида ажратади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.11.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_