Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Давлат харидларида таклифлар қандай танлаб олинади

01.07.2019

Читать на русском языке

ҚҲТБТ порталида Харид комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш ва энг яхши таклифларни танлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилган.

 

Комиссияларни ташкил этиш ва таклифларни танлаш тартиби «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун, Президентнинг 10.01.2019 йилдаги ПФ–5624-сон Фармони ва Президентнинг 27.09.2018 йилдаги ПҚ–3953-сон қарори қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПҚ–3487-сон қарорида рўйхати белгиланган стратегик харидорлар учун ҳужжат тавсия тусига эга бўлади.

 

Энг яхши таклифларни танлаш – харид қилиш тартиб-таомилларининг рақобатли тури бўлиб, қуйидаги давлат харидларида қўлланилади:

  • давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун, шунингдек давлат сирлари билан боғлиқ бўлган ҳолларда;
  • республика Президенти сайловига, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича референдумларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун.

 

 

Танлаш билан бир қаторда, қонунчиликка мувофиқ бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган электрон аукцион ёки электрон дўкон орқали товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олиш мумкин.

 

25 ЭКИҲдан ошмайдиган миқдорда, шунингдек қонунчиликка мувофиқ ягона етказиб берувчилар реестрига киритилган ягона етказиб берувчидан харид қилиш тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан амалга оширилиши мумкин. 25 ЭКИҲдан ортиқ миқдорда харид қилишда харид қилиш тартиби танлаш йўли билан амалга оширилади, у очиқ ёки ёпиқ шаклда бўлиши мумкин. Ҳукумат томонидан белгиланган ҳолларда, агар харидлар тўғрисидаги шартнома давлат сирини ташкил этувчи объектга, шунингдек, давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини таъминлаш учун стратегик аҳамиятга эга бўлган объектга нисбатан тузилган бўлса, танлаш ёпиқ шаклда амалга оширилади.

 

Лойиҳада харид комиссияси (камида 5 кишидан иборат) фаолиятини ташкил этиш, танлашда қатнашиш учун иштирокчиларга рухсат беришнинг асосий жиҳатлари (Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилмаган талабгорларга танлашда иштирок этишларига йўл қўйилади) акс эттирилган.

 

Танлашни ўтказишга тайёргарлик кўриш чоғида буюртмачи буюртмаларни, товарларни (ишларни, хизматларни) жойлаштириш ҳажми ва муддатлари қайд этилган режа-жадвални мажбурий тартибда порталда жойлаштиради, танлашнинг ёпиқ шакли бундан мустасно. Танлашни ўтказиш тўғрисидаги эълон қандай маълумотларни ўз ичига олиши кераклиги кўрсатилган. Қайд этилишича, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) тавсифига аниқ товар белгисига ёки номига, патентга, конструкцияга ёки моделга, у мансуб бўлган муайян манбага ёки ишлаб чиқарувчига доир талаблар ёки ҳаволалар киритилмаслиги керак, харид хусусиятларини таърифлашнинг бошқа етарлича аниқ усули мавжуд бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

 

Танлашни ўтказиш тартиби, шунингдек таклифларни баҳолаш усуллари ва мезонлари белгиланган. Чунончи, қуйидаги усуллар қўлланилиши мумкин:

  • эксперт баҳолаш усули;
  • энг паст нарх усули;
  • якуний коэффициентни аниқлаш усули;
  • қиймат усули;
  • балл усули ва бошқалар.

 

Танлаш мезонларига эса қуйидагилар киради: нарх, етказиб бериш шартлари, етказиб бериш муддати, тавсифномалар ва сифат кўрсаткичлари, тўлов ва кафолатлар шартлари, муайян даврда фойдаланиш, эксплуатация қилиш ва таъмирлаш харажатлари.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Константин Мосин.



В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_