Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак скорректировать зачет НДС на основании статьи 270 Налогового кодекса Как сформировать прочие затраты производственного характера Как разработать график документооборота по экспортной сделке

Прописка тизими қандай ислоҳ қилинади

23.04.2020

Читать на русском языке

 

Президентнинг 22 апрелдаги доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилишга доир Фармони имзоланди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда мамлакатимиз фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмайди.

 

Бироқ, ўзгартиришлар шу билан чекланмайди, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш бошланади. Ислоҳотнинг  биринчи босқичида қуйидагилар амалга оширилади:

  • “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади;
  • фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилади;
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланади;
  • оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;
  • илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олинади
  • тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинади;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;
  • бошқа ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, 3 йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини  (БҲМнинг 400 баравари) қўллаш тартиби бекор қилинади.

 

Яна иккита муҳим масала тартибга солинди:

биринчидан, туғилган болага ФҲДЁ органлари томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида у отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан рўйхатга олинади;

иккинчидан, битта ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) доирасида ҳаракатланишда мазкур ҳудудда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас  - бу паспорт тизими қоидаларини бузиш ҳисобланмайди.

 

Кейинчалик, 2020 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:

  • Ўзбекистон фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 10 кундан 15 кунга узайтирилади;
  • доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш 3 кундан 1 кунга қисқартирилади;
  • фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;
  • фуқароларга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориши тартиби бекор қилинади (бу онлайн-режимда амалга оширилади);
  • фуқаро томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.

 

Кўзланган режаларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади. У билан ИИВ (“Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси”) тизими, Ягона миллий меҳнат тизими, “Солиқ” тизими, ФҲДЁнинг ягона электрон архиви, васийлик ва ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон базаси (1 сентябрга қадар барпо этилиши керак), Олий суднинг ахборот тизими ва кўчмас мулк объектларининг манзиллари ягона реестри интеграция қилинади. Қорақалпоғистон ва вилоятларда  “Манзил”  тизими 2021 йил 1 январдан бошлаб ишлашни бошлайди.

 

ЛБМАга фуқароларни ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш ва ЭРИ ўрнига шахсни тасдиқлашнинг муқобил шаклларини, шу жумладан, мобиль алоқа телефон рақамлари орқали шахсни тасдиқлаш имкониятларини яратиш топширилди.

 

Вазирлар Маҳкамаси назарда тутилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, бир ҳафта муддатда зарур тузатишлар билан қонун лойиҳасини ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиши керак.

 

 Олег Заманов.