Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида 9 та қонун кўриб чиқилди

19.06.2020

Читать на русском языке

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлис ишида 16 та масала, шу жумладан 9 та қонун кўриб чиқилди.

 

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси кун тартибига киритилган биринчи масала – “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонун.

 

Ҳозирги вақтда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, янги ишланмаларни ривожлантириш, уларнинг ижобий самарага эришиш, ушбу соҳадаги тушунчаларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас эди.

 

Мазкур ҳужжат “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг мантиқий давоми бўлиб, инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатлар тартибга солади. Қонун жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, олимлар, тадбиркорлар, ННТ учун ҳуқуқий асос бўлади.  Қонунда инновация ва инновацион фаолиятга оид асосий тушунчалар, инновацион фаолиятнинг принциплари ва уни давлат томонидан тартибга солиш механизмлари белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенатнинг мажлисида Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

 

У энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадларини ўзида акс эттирган. Қонун улар истеъмолининг самарадорлиги ва замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий  асосларини яратади. Қонунда энергия самарадорлик кўрсаткичларига товарларнинг мувофиқлиги бўйича мажбурий сертификатланиши тўғрисидаги норма белгиланмоқда. Мутасаддиларга энергиядан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлиги кўрсаткичларини баҳолашни ишлаб чиқиш ва давлат назорати тартибини белгилаш вазифалари юклатилмоқда. Сенат аъзолари Қонунни маъқуллади.

 

Сенаторлар бешинчи ялпи мажлисда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқди.

 

Бугунги кунда ов қилиш 10 дан ортиқ НҲҲ билан тартибга солинади, бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида мураккабликларни келтириб чиқармоқда. Муҳокама қилинаётган Қонун нормалари ов туризмини ривожлантириш, ов ҳайвонларини етиштириш, тиклаш ва кўпайтиришни тартибга солади. Ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Ёввойи ҳайвонларнинг сони ҳамда тутилган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш кимлар томонидан амалга оширилиши қайд этилган. Сенаторлар Қонунни маъқуллади.

 

Сенаторлар “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги Қонунни рад этди. Улар Қонуннинг аксарият нормалари реал ҳаётий муносабатларни тартибга солмаслиги, уларнинг асосий қисми тўлиқ ифодаланмаганлиги, белгиланган тадбирларнинг амалга ошириш механизмлари мавжуд эмаслигини қайд этишди. Шу билан бирга, жамоат тартибини сақлашда иштирок этувчи шахсларнинг реестри билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган, уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилмаган. Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш мақсадида жамоат тузилмалари тузиш ва уларнинг фаолиятида қатнашиш, жамоат тартибини сақлашда иштирок этиш билан боғлиқ шакллар баён этилмаган.

 

Мажлисда “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонунда тушунча ва тамойиллар,  ваколатли давлат органлари белгиланган, ушбу соҳада давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар мустаҳкамланган.  Ҳужжат геодезия ва картография ишларини лицензиялаш, рўйхатга олиш ва давлат ҳисобини юритиш билан боғлиқ нормаларни ўз ичига олади. Геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишда материаллар ва маълумотларнинг тўлиқлилиги ва ишончлилиги таъминланади. Энг муҳими, маълумотлар етказилиши соддалаштирилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама марказида бўлди.

 

Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги каби бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Хусусан, ЖКнинг сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари айланиши билан боғлик жиноий ҳаракатлар учун жавобгарлик кўрсатилган моддасига қўшимча киритилмоқда. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланди. Айбдор 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

 

МЖТКга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келса, айбдор БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланмоқда. Агар болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинса, БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади.

 

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ўзгартиришлар билан вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинмоқда.  Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда. Маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар киритилмоқда. Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида 4 марта муддати 5 суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув тақдим этилади. Манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилмоқда.

 

Маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда.

 

Жазо муддатини ўташ давомида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилмоқда. Маҳкумларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинмоқда.

 

Сенаторлар “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённомани (Бишкек, 2019 йил 29 апрель) ратификация қилиш тўғрисида” Қонунни маъқуллади. Унинг қабул қилиниши ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, томонларнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, ўз Қуролли Кучларининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

 

 

Олий Мажлис Сенатининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисидаги Протоколга (Женева, 1925 йил 17 июнь) қўшилиши ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди. Протокол 1972 йилнинг 10 апрель куни Москва, Лондон ва Вашингтон шаҳарларида имзоланган бактериологик (биологик) ва токсик қуроллар захирасини йиғиш, ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларини кучайтиришга қаратилган. Бугунги кунда ушбу Женева протоколига дунёнинг 142 та давлат қўшилган.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_