Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили

29.12.2020

Читать на русском языке

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимизда келаётган 2021 йилни шундай номлашни таклиф қилди. Асосийлари тезисларда.

 

Короновирус ҳақида. Хабарингиз бор, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

 

Хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди. Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 трлн сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

 

Давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 млн фуқарога жами 66 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди. 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 трлн сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

 

Ижтимоий-иқтисодий соҳа. Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра, бу йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Европа Иттифоқи тузилмалари билан яқин ҳамкорликда мамлакатимизга кенгайтирилган савдо преференциялари – GSP+ тизимини татбиқ этиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Ушбу тизим келгусида республикамизда ишлаб чиқариладиган 6 минг турдаги маҳсулотларни Европа бозорига бож тўламасдан олиб кириш имконини беради. Биргина тўқимачилик маҳсулотларининг йиллик экспортини 300 млн долларга ошириш учун шароит яратади.

 

Жорий йилда мамлакатимизнинг халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятлари янада яхшиланди, илк бор миллий валютада 2 трлн сўмлик давлат еврооблигациялари паст фоизларда жойлаштирилди.

 

Бу йил республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди. Жумладан, “Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси ҳамда азот кислотаси заводи, Муборак, Газли ва Шўртан нефть-газ корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари, Тошкент металлургия заводи каби йирик қувватлар ишга туширилди.

 

Энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланди. Уларнинг умумий қиймати 2 млрд доллар бўлиб, 2 минг 700 мегаватт қувватга эга. Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси ва илк бор, 18 километрлик ерусти метроси фойдаланишга топширилди.

 

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10%га ошириш имконини яратди. Мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда ҳам 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 млрд долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди. Бу йил 91 минг гектар ер майдони қайтадан фойдаланишга киритилди. 133 минг гектар ёки ўтган йилubга нисбатан 2 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.

 

Тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди. Тадбиркорлик субъектларига 100 трлн сўм ёки 2016 йилubга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредитлар ажратилди. Ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди. Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 млрд сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.

 

Биргина жорий йилда ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробарга оширилиб, 1,2 млн нафарга етказилди. Ушбу мақсадларга бюджетдан 2016 йилгига нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди. Кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортиб, 60%га етди. Боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошди.

 

Таълим тўғрисида. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади.

 

Биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

 

Иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказамиз.

 

Учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз. Бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади.

 

Келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65%га, 2023 йил охирида эса 75%га етказишимиз керак. Бу ишларга бюджетдан 600 млрд сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25%га етказилади. Келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 трлн сўм ажратилади. Соҳада ягона “электрон таълим” тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 млрд сўм йўналтирилади.

 

Ўқитувчи, мураббий ва методистлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича бошланган ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Бунинг учун халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330  млрд сўм йўналтирилади. 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилади.

 

Соғлиқни сақлаш. Пандемияга қарши кураш учун 2021 йил давлат бюджетида 3 трлн сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади. Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 млн доллар йўналтирилади. Кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 млн нафар, 2022 йилда 17 млн нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 млрд сўм маблағ йўналтирилади.

 

Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25%га камайтирилади. “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачларга 30 млн сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади.

 

Келгуси йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 млрд сўм ажратилади. Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

 

Ислоҳотлар. Янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади.

 

Биринчи. Камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этамиз. Нима учун биз “темир дафтар”ни жорий этдик? Бундан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш. Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

 

Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда. Келгуси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади.

 

Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Шу мақсадда келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 млн сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 млрд сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 млн сўмгача субсидиялар берилади. Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратилади. Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 млрд сўм йўналтирилади.

 

Иккинчи. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш керак. 2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилади. Умуман олганда, давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади.

 

Учинчи. Товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорларга хом ашё сотиб олиш учун тенг имкониятлар яратиш зарур. Табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор механизмларини жорий этамиз. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” компанияси эса фақат газни транспортировка қилади. 2021 йилдан бошлаб озиқ-овқат, нефть ва электротехника каби тармоқларда 73 та акциз солиғи бекор қилинади.

 

Тўртинчи. Иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилади. Ҳукуматга келгуси йил 1 апрелгача истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлаб, уларни жадал ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, “божхона ҳудудида қайта ишлаш режими”да саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарур. Шу билан бирга, инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириб, хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш керак.

 

Бешинчи. Макроиқтисодий барқарорлик иқтисодий ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шунинг учун келгуси йилда инфляциявий таргетлаш доирасида, нарх-наво ўсишини 10%дан оширмаслик Марказий банк ва Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади.

 

Олтинчи. 2021 йилда иқтисодиётни камида 5 фоизга ўсишини, бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4%дан ошмаслигини таъминлашимиз зарур. Келгуси 2 йилда эса бюджет дефицитини 2%дан оширмаслик бўйича Ҳукумат зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим. Валюта бозори эркинлашганига ҳам 3 йилдан ошди. Шу даврда эркин валюта айирбошлаш бўйича юртимизда етарли тажриба тўпланди. Энди иқтисодиётимизнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш керак. Шу мақсадда, келгуси йилда валюта кредитлари улушини ҳозирги 50 дан 45%га, яъни камида 2 млрд долларга пасайтириш лозим.

 

Еттинчи. Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади. Келгуси йилда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар учун уларнинг бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади. Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади. 1 млрд сўмгача давлат харидлари доирасида аванс миқдори 30 фоизга етказилиб, тадбиркорлар қўшимча 1,5 трлн сўмгача айланма маблағларга эга бўлади. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.

 

Саккизинчи. Камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишдир. Бунда ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш устувор вазифа қилиб қўйилади. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сув тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозим. Ҳукумат икки ой муддатда ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклиф киритиши лозим.

 

Тўққизинчи. Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари биринчи марта 2020 йил бошида ўз зиммасига олган мажбурият ва режалари ижроси ҳақида маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобот берди. Бундан буён ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла ўз йўналиши ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, ривожлантирилади. Бунинг учун келгуси йилда 3 трлн сўмлик ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини тузишни таклиф этаман.  Унинг маблағлари маҳаллий Кенгашлар таклифларига асосан, инфратузилма лойиҳаларини қўшма молиялаштиришга йўналтирилади. Келгуси йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилмалар билан таъминлаш учун 1,6  трлн сўм йўналтирилади.

 

Ўнинчи. Келгуси йил аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади. Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдаланиши мумкин бўлади. Эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб бораётган ишларимиз кўлами янада кенгайтирилади. Бунда 27 мингта ёки бу йилгига нисбатан 2,5 баробар кўп оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалларини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади.

 

Ўн биринчи. Янги экспорт бозорларига чиқиш Ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади. Келгуси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи ҳамда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштириш лозим. “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш керак. елгуси йилда корхоналарга хомашё сотиб олиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 100 млн доллар ажратилади.

 

Давлат бошқаруви тизими. Келаси йили бу йўналишда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур.

 

Биринчидан, давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади.  Ҳукумат икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрласин. Бунда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15%гача оптималлаштиришни назарда тутиш зарур. Келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, уларни 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60%га етказиш зарур.

 

Иккинчидан, бошқарув идораларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилади. Келаси йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади. Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллада амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади.

 

Учинчидан, маҳаллий ижро органлари, вакиллик идоралари ҳамда маҳалланинг институционал асосларини янада такомиллаштириш лозим. Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни, давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилади. Қонунчилик палатаси ва Сенат, Вазирлар Маҳкамаси билан бирга 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиши зарур. Ушбу ҳужжатларда, ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегараси, вазифа ва функциялари аниқ белгиланиши лозим.

 

Тўртинчидан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур. Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим.

 

Бешинчидан, ислоҳотларимиз ҳар бир инсонга етиб бориши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим. Қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда, жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади. Жумладан, жамоатчилик эшитувлари ва жамоатчилик мониторинги тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилади.

 

Олтинчидан, давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борган ислоҳотларимиз натижасида парламентимиз янги таркибининг 30%и аёллардан иборат бўлди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Энди хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида, ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этишни таклиф қиламан.

 

Еттинчидан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарур. Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт. Бу борадаги мавжуд қонунчиликни либераллаштириш йўлида ташланган дадил қадамларимизнинг далили сифатида куни кеча Жиноят кодексининг матбуот орқали туҳмат ва ҳақорат қилиш каби моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чоралари бекор қилинди.

 

Суд ҳокимияти. Адолат – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.

 

Биринчи. Янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим. Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Келгуси йилдан бошлаб, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади.  Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

 

Иккинчи. Жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилади. Жумладан, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади. Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади. Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.

 

Учинчи. Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур. Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан икки ой муддатда ўз таклифларини ишлаб чиқиши зарур.  Ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда, тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига мониторинг ташрифлари тизими йўлга қўйилиши керак.

 

Тўртинчи. Ўтган йили 1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди. Бундан буён, юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади.