Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Табақалаштирилган ҚҚС ставкаларини жорий этиш самаралими

09.04.2021

Читать на русском языке

Қўшилган қиймат солиғи ҳозирда 15%лик ягона ставка бўйича тўланади. Бироқ, айрим тармоқ вакиллари пасайтирилган ҚҚС ставкаларини жорий этишни ёки қандайдир фаолият турларини солиқдан озод қилишни таклиф этадилар. Табақалаштирилган ставкаларни жорий этиш самарали бўлишини аниқлаш учун уларнинг ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларга таъсирини таҳлил қилиш зарур.

 

ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаларининг ишлаб чиқарувчиларга таъсири

 

Шу каби таклифлар муаллифлари ҚҚС - бу охирги истеъмолчи томонидан тўланадиган солиқ эканлигини ҳисобга олмайдилар. Шу боис, кўп мамлакатларда ҚҚС ставкаларини пасайтириш тарафдори бўлган сиёсатчилар ўз таклифларини ишлаб чиқарувчилар ва савдо манфаатлари билан эмас, балки истеъмолчилар манфаатлари билан  асослайдилар.

 

Таҳлилнинг кўрсатишича, қайсидин тармоқ учун ҚҚС бўйича имтиёзлар жорий этилса, бизнес бундан ютқазиши мумкин. Мисол учун, меҳмонхона очаётган компаниялар қурилиш пайтида улар томонидан тўланган ҚҚСни бюджетдан қайтариб оладилар. Агар корхона меҳмонхонага 11,5 млрд сўм инвестиция киритган бўлса, шундан 1,5 млрд. сўми қурилиш материаллари, хизматлар ва бошқалар учун тўланган ҚҚС бўлса, у ҳолда меҳмонхона унга ҳақиқатда 10 млрд. сўмга тушади. Бир ярим миллиардни бюджет қайтариб беради. Бунинг ягона шарти - меҳмонхона ҚҚС тўловчиси бўлиши керак. Тўловчи бўлмаганга солиқ бюджетдан қопланмайди, у амортизацияни оширган ва фойдани камайтирган ҳолда меҳмонхона қийматига киритилади.

 

Меҳмонхона амалга оширадиган барча харидлар бўйича ҚҚС бўйича ҳам худди шундай бўлади. Бугунги кунда у кондиционерлар, телевизорлар, мебеллар, кўрпа-тўшак, озиқ-овқат маҳсулотлари, коммунал ва бошқа хизматлар сотиб олади - ва барчасини ҚҚС билан. Ҳозирча у 15% ставка бўйича солиқ тўловчи экан - бутун ушбу ҚҚСни истеъмолчи хизматларнинг нархида тўлайди. Агарда солиқ ставкаси 5%гача туширилса, истеъмолчи уни тўлайди, 10%ни эса фойдани камайтирган ҳолда таннархга қўшишга тўғри келади. Ёки фойданинг камайишига йўл қўймаслик учун нархни оширишга тўғри келади.

 

Бу ҳали айрим тармоқлар учун ҚҚС бўйича имтиёзли режимлар жорий қилиниши билан бизнесда юзаза келадиган муаммоларнинг ҳаммаси эмас. Мисол учун, меҳмонхона хизматлари нархига киритилган нонушта - бу овқатланиш хизматими ёки яшаш хизматими? Ягона ставкада ҳеч қандай муаммо йўқ - барчасига 15% ҚҚС солинади. Агар давлат меҳмонхона хизматлари учун 5% ставкани белгиласа, нонушта қийматини қайси ставка бўйича солиққа тортамиз – 5%ми ёки 15 %? Бундай низолар меҳмонхона томонидан кўрсатиладиган бошқа барча хизматлар – кир ювиш, фитнес, туристларни ташиш ва бошқалар бўйича юзага келади.

 

Доимий суд келишмовчиликлари – табақалаштирилган ҚҚС ставкалари мавжуд бўлган мамлакатлар учун оддий ҳол. Европа судининг ҚҚС бўйича аксарият суд жараёнлари муайян товар ёки хизматни қайси ставка бўйича солиққа тортилиши билан боғлиқ. Шундай ҳолат Россия, Туркия, Австралия ва бир нечта ҚҚС ставкалари мавжуд бўлган бошқа мамлакатларда содир бўлмоқда.

 

Бизнесга ёрдам беришнинг яна бир усули – бюджетга солиқни тўлаш муддатини ошириш. Тадбиркор харидордан оладиган ҚҚС – бу бюджет пулидир. Сиз солиқни кейинги ойнинг 20 санасига қадар тўлаганингизда, аслида харидордан пул тушган кундан бошлаб ҚҚС бюджетга ўтказилган санагача фоизсиз кредитдан фойдаланасиз. Агар солиқни чоракда бир марта тўланадиган қилган ҳолда ушбу муддат узайтирилса, фоизсиз кредитдан фойдаланиш муддати 2-3 баробар ошади.

 

Ўзбекистонда ўтган йили айнан шундай норма жорий этилди. 2020 йилнинг апрелидан товарлар (хизматлар) ни реализация қилиш бўйича айланмаси 1 млрд сўмдан ошмайдиган ҚҚС тўловчилари чоракда бир марта ҚҚС тўлашни бошладилар. Бу эса корхоналарнинг айланма маблағларини кўпайтириб, уларнинг кредит ресурсларига бўлган эҳтиёжини камайтирди ва банк кредитларини тўлаш учун ўн миллиардлаб сўм маблағни тежади.

 

ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаларининг истеъмолчиларга таъсири

 

Ўзбекистон тажрибаси ҳам, халқаро тажриба ҳам шуни кўрсатадики, ҚҚС ставкасини камайтириш товар ва хизматларни арзонлаштирмайди. Мамлакатда бундан бир ярим йил аввал солиқ ставкаси 20% дан 15% гача пасайтирилган эди. Бироқ истеъмолчилар нархларнинг 5%га ҳақиқатда тушганлигини сезмади. Товарлар ва хизматларнинг аксарияти бўйича нархлар тушмаган. 2021 йил январидан акциз солиғи бекор қилинган импорт товарлари нархлари ҳам арзонлашмади. Бу рақобат йўқлигини ёки истеъмолчи ушбу нархни тўлашга тайёрлигини ва чакана савдо бу нархни пасайтиришни хоҳламаётганлигини билдиради.

 

Фараз қилайлик, туристик хизматларни ҚҚСдан озод қилдик... Ишончим комилки, бу нархларнинг 15% пасайишига олиб келмайди. Биринчидан, биз сайёҳлик компанияларининг барча контрагентларига шундай имтиёзлар бера олмаймиз (автомобиль ташувчиларига, умумий овқатланиш, электр энергияси, газ етказиб берувчилар ва бошқалар) ва хизматлар таннархи ошади. Иккинчидан, меҳмонхона хоналарининг бозор нархи бор – 250 минг сўмдан бир неча миллион сўмгача. – уларни эса ҳеч ким туширмайди.

 

Ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, ҳатто туристик хизматлар ҚҚСдан озрд қилинган тақдирда, нари борса уларнинг нархи 2,5-3%га пасаяди. Авиаташув, меҳмонхона хизматларида рақобат муҳитини яратиш кўпроқ самара беради. Айнан шу боис давлат инвесторларга янги меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш учун миллардлаб сўм тўлашга тайёр. Демак, 100 хонали 4 юлдузли меҳмонхона учун инвестор 6,5 млрд сўм олади. Бизнесни бундай манзилли қўллаб-қувватлаш, истеъмолчига ҳеч нарса бермайдиган ҚҚСдан озод қилиш ёки пасайтирилган ставкаларни жорий қилишдан кўра анча самаралидир.

 

Ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматлар бўйича ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаларидан фойдаланиш оқибатлари

 

Европа Иттифоқи, МДҲ айрим мамлакатларида, Буюк Британия, Австралия ва бошқа мамлакатларда ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларга ҚҚСнинг ставкаларини пасайтириш амалиёти татбиқ этилади.  ҚҚСнинг пасайтирилган ставкалари одатда паст даромадга эга бўлган истеъмолчиларнинг манфаатлари, яъни ижтимоий мақсадлар учун деб изоҳланиб жорий этилади. Бу ишлаши учун солиқ ставкаси пасайтирилиши истеъмолчиларга нархларни пасайтириш кўринишида берилиши лозим.

 

Назарий жиҳатдан, бозор тўлиқ рақобатли бўлса, бу, ҳақиқатда шундай бўлиши керак. Бироқ, бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ҳам товар ва хизматлар бозорлари тўлиқ рақобатли эмас ва амалда ҚҚСнинг пасайтирилган ставкалари нархларнинг етарли даражада камайишига олиб келмайди.

 

Буни биринчи ва энг муҳим тадқиқотлардан бири - "кўп меҳнат талаб қиладиган хизмат тажрибаси" деб номланган тадқиқот кўрсатди. 1999 йилда бир қанча Европа мамлакатларида ва бир қатор тармоқларда (сартарошлик ва бошқа кўп меҳнат талаб қиладиган хизматлар) ўтказилган тадқиқотнинг мақсади пасайтирилган ҚҚС ставкаларини жорий этишнинг нархларнинг пасайишига таъсирини текшириш эди.

 

2003 йилда Европа комиссияси ҳисоботи кўп меҳнат талаб этадиган хизматлар нархларига янги пасайтирилган ставкаларнинг таъсири минимал эканлигини тасдиқлади: пасайтирилган ҚҚС ставкалари ё нархларга умуман таъсир қилмаган, ёки фақат қисман – шунда ҳам, қисқа вақт давомида, кейин улар яна кўтарила бошлаган. Бошқа тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланган хулоса бир хил: истеъмолчилар, одатда, ҚҚС ставкаларини камайтиришдан фойда кўрмайдилар. Бундан ютганлар асосан истеъмолчилар тўлашга тайёр бўлган нархларни туширишни хоҳламаган чакана сотувчилар бўлган.

 

Бироқ, ҚҚСни пасайтиришга реакциялар бир хил бўлмаслигини ҳисобга олиб, айрим ҳолларда пасайтирилган ставкалар ҳақиқатда нархларни камайтиради, деб фараз қилайлик. Фараз қилайлик, меҳмонхона хизматларига ҚҚС бекор қилдик ва улар 10% пасаяди дейлик. Шундай қилиб, кам таъминланган истеъмолчиларга ёрдам бериш мақсадига эришамизми?

 

Иқтисодчилар берадиган жавоб шубҳасиз - йўқ, биз бунга эришмаймиз. ҚҚС ставкаларини пасайтиришда нафни биринчи навбатда, кам таъминланган оилалардан кўра кўпроқ истеъмол қиладиган юқори даромадли оилалар кўради. 

 

Мисол учун, Гана давлатида ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, пасайтирилган ҚҚС ставкаларидан олинган фойда 10 % энг камбағал оилаларда 16 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 10% юқори даромадага эга оилаларда 190 долларни ташкил этган. Шундай қилиб, амалиётда ҚҚС ставкаларининг пастроқ нархларга олиб келадиган даражада пасайтирилиши, ҳақиқатда юқори даромадли оилаларнинг истеъмолини субсидия қилади.

 

Солиқнинг табақалаштирилган ставкалари юзага келтирадиган яна битта муаммо мавжуд - бу бюджетга тушумларнинг номутаносиб камайиши. ХВЖ ҳисоб-китобларининг кўрсатишича, кўпгина имтиёзли ставкаларнинг паст ва ўрта даромадли мамлакатларидаги давлат бюджетлари ҚҚСдан потенциал даромадларнинг 22%дан 55%игача йўқотади. Яъни бепул таълим, соғлиқни сақлаш, муҳтожларга тўловлар ва ҳ.к. учун пуллар кам бўлади, юқори даромадга эга оилаларнинг иқтисоди эса - кўпроқ бўлади.

 

Шу тариқа, истеъмолчилар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун табақалаштирилган ҚҚС ставкаларидан фойдаланиш самарасиз чора. Солиқдан тежаш камдан-кам ҳолларда харидорларга ўтади, одатда у чакана савдогарларда қолади. Ҳаттоки, наф истеъмолчиларга ўтган тақдирда ҳам, пасайтирилган ставкалар энг бой уй хўжаликларига кўпроқ фойда келтиради. Кам таъминланган оилалар бюджет йўқотишлари туфайли потенциал жамоат хизматлари ва ижтимоий нафақаларни йўқотган ҳолда, 10-15 марта камроқ ютадилар.

 

Жуда кўп мамлакатлар ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаларига қарши ишончли далилларга қарамай, уни қўллашлари сабаблари

 

Биринчидан, Европада пасайтирилган ставкалардан 1967 йилда ҚҚС жорий этилганидан бери фойдаланилган. Ўша пайтда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни ҳеч ким билмасди. Муаммолар ўн йиллар ўтиб кўриниб қолди. Аммо имтиёзарни киритишдан кўра уларни бекор қилиш анча қийин.

 

Иккинчидан, имтиёзли ҚҚС ставкаси қўлланадиган тармоқларда фаолият юритувчи тадбиркорлар бирлашмалари тимсолида ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаларининг кучли лоббиси бор.

 

Учинчидан, ривожланган мамлакатларда айрим товар ва хизматларни имтиёзли солиққа тортишнинг яна бир эҳтимолий сабаби - сайловчиларга ҚҚС базасига киритилган барча товар ва хизматларни бир хилда солиққа тортиш зарурлигини тушунтира олмаслик ёки истамасликдир.

 

Тўртинчилан, Ривожланаётган мамлакатларда муҳим товарлар учун имтиёзли ставкалардан фойдаланишнинг сабаби аҳолининг ижтимоий ҳимоясининг мавжуд механизмлари самарадорлигига ҳокимиятнинг ишончи йўқлигидир. Улар эҳтиёжмандларни тўғридан-тўғри ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янада самарали усулларини қўллай олмайдилар.

 

Шундай қилиб, кўпгина мамлакатларда солиққа тортиш амалиётига қарамасдан, ягона ставкали ҚҚС бир неча имтиёзли ставкаларга қараганда самаралироқ бўлади. Бир томондан, ягона ставка маъмуриятчилиги ҳам солиқ органлари, ҳам солиқ тўловчилар учун анча арзонга тушади. Бошқа томондан, барча турдаги корхоналар тенг рақобат шароитида бўлиб, даромадлари устувор аҳамиятга эга фаолият турларига ва ижтимоий эҳтиёжмандларга сезиларли ёрдам беришга имкон берадиган бюджетни тўлдиришда тенг иштирок этадилар.

 

Дилшод Султанов,

молия вазири ўринбосари


В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_