Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак скорректировать зачет НДС на основании статьи 270 Налогового кодекса Как сформировать прочие затраты производственного характера Как разработать график документооборота по экспортной сделке

ДХШ асосида иссиқхона хўжаликлари ташкил этилади

11.06.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 7.06.2021 йилдаги «Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

 

Ҳужжатга мувофиқ қуйидагилар иссиқхона хўжаликларини ташкил қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • замонавий иссиқхона хўжаликларини биринчи навбатда, унда етиштириладиган маҳсулотлар бўйича импортни қисқартириш ва зарур ускуна ва техникалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига ташкил этиш;
  • иссиқхона хўжаликлари учун уруғ, кўчат ва ўғитларнинг инвесторлар томонидан доимий етказиб берилишини ташкил этиш;
  • ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари учун тўлиқ агросервис хизматларини кўрсатиш, малакали агрономларни бириктириш ҳамда замонавий лабораторияларни ташкил этиш;
  • хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда иссиқхона хўжаликлари ишчиларини ўқитиш орқали соҳа бўйича етарли кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш;
  • иссиқхоналар ҳосилдорлигини ва самарадорлигини йил давомида ҳосил олиш амалиётини жорий этиш орқали ошириш.

 

Ташаббускор аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этилади. Хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий ва энергия тежамкор ускуна-жиҳозлардан фойдаланган ҳолда иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган шахслар ҳамкорликка таклиф этилади. 

 

Иссиқхоналар қуйидаги ер майдонларида ташкил этилади:

  • қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида;
  • захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонларда;
  • яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (кейинги ўринларда – уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилинади.

ДХШ тамойили асосида лойиҳа доирасида қуйидаги вазифалар амалга оширилиши белгиланди: 

а) давлат шериги:

  • юқорида айтиб ўтилган ер майдонлари инвесторлар ўртасида ўтказиладиган очиқ танлов якунлари бўйича ижара ҳуқуқи асосида ажратади;
  • уй-иссиқхона мажмуасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (жумладан газ, сув, электр энергияси, ички йўл) тортилишини таъминлайди;
  • ҳужжатларда кўрсатилган имтиёзларни тақдим этади;

б) инвесторлар:

  • лойиҳа-олди ва лойиҳа ҳужжатларининг тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;
  • уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилишга оид лойиҳаларнинг концепцияси, лойиҳа-смета ҳужжатларини «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда ишлаб чиқади;
  • қурилиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини ўз маблағлари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади;
  • етиштирилган маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларда сотиш ва ҳисобини юритиш ишларини амалга оширади;
  • уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддат ва миқдорда хизмат ҳақи тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва ташаббускор аҳоли фаолият юритаётган уй-иссиқхона мажмуасини ДХШ тўғрисидаги битим муддати тугагандан сўнг давлат шеригига ўтказилган ҳолда бепул тарзда ташаббускор аҳолига белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди;

в) ташаббускор аҳоли:

  • уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддатгача тузилган шартнома асосида уй-иссиқхона мажмуаларида ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб боради ҳамда уларда маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланади;
  • келишилган муддат якунланганидан сўнг уй-иссиқхона мажмуаларини мулк ҳуқуқи асосида, улар жойлашган ерни ижара ҳуқуқи асосида (ижара шартномасининг амал қилиш муддатига) бепул қабул қилиб олади ҳамда келгусида ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайди.

 

Ташаббускор аҳолини танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. Ташаббускор аҳоли ва инвесторларнинг талаблари ҳамда имкониятларидан келиб чиқиб, улар ўртасида тузилган шартнома асосида иссиқхоналар қурилиши уларнинг хонадонлари ва томорқаларида томонларнинг ўз маблағлари, шунингдек қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

 

Қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:

  • иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларида маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётган фуқароларга Президентнинг 18.06.2020 йилдаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4742-сон қарорида белгиланган имтиёзлар ва шарт-шароитлар татбиқ этилади;
  • уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 31.12.2021 йилга қадар божхона божидан озод қилинади;
  • иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хом ашёлар ва бутловчи қисмлар 31.12.2023 йилга қадар божхона божидан озод қилинади;
  • иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50% миқдорида белгиланади.

 

Импорт қилинадиган товарларнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши тўғрисида экспертиза хулосаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК томонидан берилади. 

 

Наргиза Воҳидова.