Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ёшларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди

16.07.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 13 июль куни «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.

 

Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Бундай оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

 

«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. Ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

 

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун МБнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади;

б) Тошкент шаҳрида Ёшлар бизнес мактаби, 2022 йилдан бошлаб барча ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади;

в) ҳудудларда ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишга жалб қилиш мақсадида Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган спортчи-тренерларга, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритувчи спортчи-тренерларга:

  • спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50%и миқдорида ижарага берилади;
  • спорт тўгаракларини ташкил этиш учун спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун бюджет маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилади;
  • камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади.

 

Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб борилади.

 

Нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасалари рўйхати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аниқланади.

 

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар ҳамда давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати шакллантирилади.

 

Ойлик устамалар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ой тўлаб борилади.

 

2021/2022 ўқув йилидан босқичма-босқич умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари дарслари Кембриж дастури асосида ўтказилиши ҳамда ўқитувчиларнинг ушбу дастур асосида қайта тайёрланиши таъминланади.

 

2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап ғоялари танловларини ташкил этиш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилади. Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун 200 БҲМгача грант маблағлари берилади
ва улар 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан 100 млрд сўм миқдорида қўшимча ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

б) ҳар йили ёшларга мўлжалланган бадиий асарлар муаллифларини рағбатлантириш мақсадида «Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб» танлови ташкил этилади. Танловда ғолиб деб топилган муаллифларга қуйидаги мукофот маблағлари ажратилади:

  • I ўрин учун – 100 млн сўм;
  • II ўрин учун – 75 млн сўм;
  • III ўрин учун – 50 млн сўм.

 

Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

 

Эльмира Сиразиева.