Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Сенаторлар томонидан бир қатор қонунлар маъқулланди

01.09.2021

Читать на русском языке

Пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Сенат аъзолари, ҳукумат масъуллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

Мажлисда «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонунда суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда, суғурта шартномаларини электрон тарзда Интернет орқали тузиш жараёни қонун билан мустаҳкамланмоқда. Шунингдек суғурта шартномалари фақат давлат тилида тузилиши белгиланмоқда.

 

Ҳужжат билан суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг ролини ошириш орқали суғурта бозори инфратузилмасини ривожлантириш ва кенгайтириш, суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта фаолиятининг бошқа субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш каби масалалар қамраб олинмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида»ги Қонун муҳокама марказида бўлди.

 

Қонун билан қишлоқ хўжалиги кооперациялари фаолиятининг асосий тамойиллари мустаҳкамланмоқда. Қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш механизмлари, хусусан, кооперативни ташкил этиш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер участкаларини қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативининг уставига доир талаблар белгиланмоқда.

 

Кооперациянинг бошқарув органларини ташкил этиш тартиби, ижро этувчи органлари, кузатув кенгаши ва уларнинг ваколатлари, йиғилишларни чақириш ва қарорларни қабул қилиш тартибига оид нормалар назарда тутилмоқда.

 

Қонунда қишлоқ хўжалиги кооперативи мулкини шакллантириш манбалари, пай бадаллари ва пай фонди, фойда ва зарарни тақсимлаш, кооперация ва аъзолар мулкий жавобгарлигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган вақтинчалик имтиёзларни қўллаш муддати 2022 йилнинг 1 январигача узайтирилмоқда. Олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига тақдим этиладиган имтиёзлар уларда ишлаш истагини билдирадиган олий маълумотли мутахассислар сони ошишига хизмат қилади.

 

Қонун электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини (электромобиллар) сотиб олувчилар, олиб кирувчиларни йиғим тўлашдан озод этилишини ҳам назарда тутмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос «ўсиш нуқтаси» деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 январга қадар фойда ва сув солиқлари бўйича 50%лик имтиёз берилмоқда.

 

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган айрим ҳудудлари учун ҳам қонун билан алоҳида солиқ ставкалари белгиланмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг «Чўнғара» МФЙ, Фарғона туманининг «Шоҳимардон», «Ёрдон» ва «Ҳосилот» МФЙлари (Тоштепа кўчаси) учун фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотларидан ташқари) ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича 1% миқдорида солиқ ставкаси белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ушбу қонун билан меҳнатга қобилиятсиз бўлса-да, оилавий-моддий шароитлари яхши ота-оналар розиликлари билан уларнинг чақирув ёшидаги фарзандларига муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ имкониятини бериш мақсадида «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.

 

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2006 йил 12 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Давлатга етказилган зарар учун ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги вақтинчалик низом қайта кўриб чиқилиб, ундаги жавобгарликни белгиловчи нормалар «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунга ўтказилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенат мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар назарда тутилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • бўш судьялик лавозимларига номзодларнинг танлов жараёнларини Интернет тармоғи орқали ёритиб боришни йўлга қўйиш;
  • судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
  • Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари ваколатларига тегишли ўзгартишлар киритилиши.

 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Суд иш рақами бўйича судьяни «E-XSUD» ахборот тизими орқали ўзига керак бўлган суд ҳужжатларини олиш имконияти яратилгани боис, қонун билан қонунчиликда апелляция ва кассация шикоятларининг мазмунида ва қайтариш асосларида назарда тутилган «иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинмаган бўлса» деган қоида бекор қилинмоқда.

 

Иқтисодий процессуал кодексига жорий этилган ва бугунги кунда ижобий натижа берган, яъни соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти Фуқаролик процессуал кодексига ҳам қўлланилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенат мажлисида Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Сенат қарори билан Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда. Жумладан:

  • Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар (шундан, 424,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490 гектар (шундан, 154,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар (шундан, 578,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар (шундан, 1 090,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар (шундан, 1 002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига;
  • Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига;
  • Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилмоқда.