Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.2025 йилдаги 296-сон қарори билан 2025 йил 1 июндан кучга кирадиган Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат 20.02.2025 йилдаги "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-1033-сон Қонунга мувофиқ қабул қилинди.
Низомда қуйидагилар назарда тутилган:
- транспорт воситасини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этиш ҳолатларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби;
- йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш жадвали;
- ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганда жарима балларини ҳисоблаш тартиби;
- ҳайдовчиларнинг жарима баллари ҳисобланиши бўйича мурожаат қилиш тартиби.
Ушбу тизим босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди, 1 июндан тартиб фақат ЙҲХХ ходимлари томонидан маъмурий баённомалар асосида қайд этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан татбиқ этилади. Кейинчалик тизим камералар томонидан қайд этилган ҳуқуқбузарликларга ҳам татбиқ этилади.
Янги тартиб ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона ахборот тизимидаги "E-jarimaball" модули асосида ишлайди. Бунда ҳар бир қайд этилган ҳуқуқбузарлик учун баллар асосий жаримага қўшимча равишда ҳисобланади. 12 балл тўпланган тақдирда ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум этилади.
12 ой давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларни рағбатлантириш учун кейинги ҳуқуқбузарлик учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди. Агар охирги қайд этилган ҳуқуқбузарликдан кейин ҳайдовчи олти ой давомида йўл ҳаракати қоидаларининг бошқа бузилишларини содир этмаса, умумий жарима балларидан икки балл айирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.06.2025 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова