Вазирлар Маҳкамасининг 08.10.2025 йилдаги 631-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги "Яшил ташаббуслар" жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Юридик шахс мақомига эга бўлмаган "Яшил ташаббуслар"ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Президентнинг 26.03.2025 йилдаги ПФ-61-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган.
Ҳужжат билан "Яшил ташаббуслар"ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидаги тартибларни белгилайди:
- жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш;
- жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва унинг маблағларини тақдим этиш;
- жамғарма маблағлари бўйича ҳисоб ва ҳисобот.
Жамғарма 10 млрд сўмгача миқдорда қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
- Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси;
- халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг грант маблағлари;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
- ёшларда табиатга муҳаббат уйғотиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш;
- экологик тоза технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланиш каби ёшларнинг экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
- ёшларнинг экологик маданияти даражасини ошириш, уларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мавзуларида ёшлар видеомаҳсулотларини ва мультипликацион фильмларни яратиш;
- давлат ва хусусий секторда ишлаётган ёшлар ўртасида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган танловларни ўтказишга кўмаклашиш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан ўрмонларни тиклаш, экологик туризмни ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ёшлар дастурларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
- ёшлар ўртасида энергия сарфини камайтиришга қаратилган эко-челленжларни ташкил этиш ва веб-иловалар яратиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова