Вазирлар Маҳкамасининг 02.12.2025 йилдаги 754-сон қарори билан Ҳукуматнинг жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қарорлари тизимлаштирилди.
Ҳужжат билан Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимлари томонидан жамоат жойларида шахсларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Жамоат жойларида фуқароларни идентификациялаш электрон техник воситалар, шу жумладан планшетлар ёрдамида, шунингдек патруль-пост хизмати ходимларининг фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлигини қайд этиш орқали амалга оширилади.
"Е-патруль" тизими фуқаронинг шахсий маълумотларини (фамилияси, исми, отасининг исми, манзили, туғилган санаси), шунингдек, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги маълумотларни (судланганлик, қидирув ёки эҳтиёт чораси, муддатидан илгари шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш ёки маъмурий назорат ва бошқалар) текширади, тезкорликни таъминлайди ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади.
Ижтимоий профилактика объектлари профилактика инспектори томонидан қуйидагилар асосида аниқланади:
• уйма-уй юриб аҳоли ўртасида сўров ўтказиш;
• маҳалла фаоллари ва хонадон эгалари томонидан тақдим этилган маълумотлар;
• жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
• суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномаси;
• ижтимоий профилактика чораларини амалга оширувчи субъектлар ва ижтимоий профилактика чораларини амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар томонидан тақдим этилган маълумотлар;
• ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали олинган маълумотлар.
Расмий огоҳлантириш бевосита ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи орган ёки ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширувчи муассасанинг мансабдор шахси томонидан чиқарилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар ҳам тасдиқланди:
• Аҳоли пунктлари ҳудудида "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
• Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар мансабдор шахслари томонидан расмий кўрсатмалар бериш тартиби тўғрисидаги низом;
• Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида шахслар томонидан алкотестерлардан фойдаланган ҳолда алкоголли ичимликлар истеъмол қилинганлиги фактини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
• Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




