Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Банклар фаолиятига оид НҲҲни такомиллаштиришнинг айрим масалалари

24.02.2017

Ўзбекистонда банклар ва банк фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш ва такомиллаштиришга доимий равишда эътибор бериб келинмоқда.

 

2016 йил 1 январь ҳолатига банклар ва бошқа кредит ташкилотлари фаолиятига доир амалда бўлган 844 та норматив-ҳуқуқий  ҳужжатлар мавжуд бўлиб, улардан 63 таси қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари, 136 таси Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, 201 таси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, 444 таси Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари (шундан 217 таси доимий, 6 таси вақтинчалик тусдаги, 130 таси давлат ижро органлари билан биргаликда қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, 4 таси буйруқ ва фармойишлар, 87 таси Марказий банк хатлари)дир.

Банк тизимига тааллуқли икки асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат – “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида” ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги  Қонунлар Марказий банк ва тижорат банкларининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатларини, асосий мақсад ва вазифаларини аниқ-равшан белгилаб берди. “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонун аҳолининг банклардаги омонатларини ҳимоялашнинг ишончли ва самарали механизмини яратилишига қонуний асос солди.  

 

Бу борада қуйидаги фикр-мулоҳазалар ва таклифларни киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

 

1. Юқорида қайд қилинганидек банк фаолиятига оид мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шундан эллик фоизидан кўпи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эканлигини, уларни ижрочиларга етказиш Марказий банк томонидан маълум даражада йўлга қўйилганлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари мунтазам чоп этилиб борилаётганлигини эътиборга оладиган бўлсак ҳам, уларни мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлаш талаб даражасида эмас.

 

2. Шунинг учун ҳам банклар ва банк фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кодификация қилиш, яъни Банк кодексини қабул қилиш вақти келди деб ҳисоблаймиз. Бу соҳада Солиқ кодексининг қандай ижобий натижа берганлиги, у қабул қилиниши билан мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, айниқса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони кескин камайганлигини қайд қилиш ўринлидир.

 

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 53-моддасига мувофиқ банклар ва уларнинг филиаллари иқтисодий нормативларни белгиловчи банкларга оид қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, Марказий банк устав капиталининг энг кам миқдоридан 0,1 фоизгача жарима ундириш ёхуд айрим операцияларни ўтказишни 6 ойгача бўлган муддатга чеклаб қўйиш ҳуқуқига эга.

 

Тижорат банклари молия институти бўлиши билан бир қаторда тижорат ташкилоти ёки бошқача айтганда тадбиркорлик субъекти эканлигини ҳисобга олиб, Марказий банк томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкцияларни либераллаштириш, уларни қўллаш муддатларини аниқ белгилаш ҳамда жарима ва пеняларни босқичма-босқич судлар орқали ундириш тартибини белгилаш мақсадга мувофиқ.

 

3. “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида банклар томонидан амалга ошириладиган операциялар аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, банклар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари бевосита ишлаб чиқариш, савдо ва суғурта фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмасликлари кўрсатилган.

 

Фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат банклари мулк ҳуқуқига эга бўлиб,  ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқи эга.

 

Аммо амалиётда тижорат банклари томонидан мулк ҳуқуқидан фойдаланишда асоссиз тўсиқлар юзага келаётган ҳолатлар мавжуд. Хусусан, банклар томонидан кредит таъминоти сифатида ўз балансига мол-мулкларни (нотурар жой, тураржой, автомобиллар ва ҳ.к.) қабул қилади ва уларни 90 кун ичида сотиши лозим. Агар кўрсатилган муддатда мол-мулк сотилмаса, “Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун мол-мулк қиймати миқдорида захира шакллантирилиши лозим бўлади. Агар захира шакллантирилмаса Марказий банк томонидан банкка нисбатан санкция қўлланилади. Бундан ташқари банк балансига олинган мол-мулкларни зудлик билан сотиш имкони бўлмаган ҳолларда, уларни сақлаш, қўриқлаш харажатлари ошиб боради, маънавий ва моддий эскиришига олиб келади.

 

Тижорат банклари учун бундай салбий амалиётни бартараф қилиш ва самарасиз харажатларни камайтириш мақсадида уларга кредит таъминоти сифатида ўз балансига мол-мулкларни ижарага бериш ҳуқуқини қонун ҳужжатида аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ.   Бунинг учун банклар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ банк операцияларидан ташқари бошқа битимларни ҳам тузишлари мумкинлиги тўғрисидаги норма қонунда аниқ белгиланиши лозим.

 

4. 2006 йил 16 октябрда қабул қилинган “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ўз номи ёзилган бланка ва думалоқ муҳрга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китоб варақлари, валюта ҳисобварақларига ҳамда бошқа банк ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин. Мазкур Қонуннинг 58-моддасида Марказий банкка ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш топширилган.

 

Аммо Адлия вазирлигида 2009 йил 27 апрелда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган Марказий банк Бошқарувининг 2009 йил 16 мартдаги 7/2-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида”ги Йўриқномага ҳозирги кунга қадар юқорида қайд қилинган қонун талабидан келиб чиққан ҳолда тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилмаган. Бу эса ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ ҳакамлик судларига  ҳисоб-китоб варақлари, валюта ҳисобварақлари ҳамда бошқа банк ҳисобварақлари очишда, ҳакамлик судлари ходимларига ойлик иш ҳақлари ва ҳакамлик судьяларига гонорарлар тўлашда маълум қийинчиликлар туғдирмоқда.

 

Хулоса қилиб айтганда, банклар ва банк фаолиятига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунларга мувофиқлаштириш  банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини янада ошириш ҳамда умум қабул қилинган халқаро меъёр ва стандартларга мувофиқ банк фаолиятини ташкил этишнинг янада юқори даражага чиқишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Фозилжон ОТАХОНОВ,

 Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги

Халқаро тижорат арбитраж суди раиси,  ю.ф.н.