Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Янги ўрмонларни муҳофаза қилиш ва барпо этиш билан алоҳида давлат қўмитаси шуғулланади

15.05.2017


Президент жорий йилнинг 11 май куни “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. 

 

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси негизида алоҳида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил қилинди. Қўмита Бош вазир ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев бошчилик қиладиган Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси таркибига киради.

 

Эслатиб ўтамиз, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини қайта ташкил этиш йўли билан 2000 йилда  ташкил этилган эди (7.02.2000 йилдаги ПФ–2536-сон Фармонга қаранг).

 

Қўмитанинг Марказий аппарати Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уйда жойлаштирилди.

 

Ҳудудий миқёсда янги идора Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ўрмон хўжалиги бошқармалари билан тақдим қилинди. Тегишинча, Андижон, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари бўйича бошқармалар мавжуд эмас. Ушбу вилоятларда ўрмон хўжаликлари бевосита Қўмитага идоравий бўйсунади.

 

Тошкент вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ва унинг таркибига кирувчи Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Оҳангарон ва Бурчмулла ўрмон хўжаликлари, шунингдек, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимининг сув хўжалиги ташкилотлари таркибидаги ирригация ўрмон хўжаликлари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимига берилди.

 

Янги давлат органининг вазифалари:

  • ўрмон хўжалиги соҳасида ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритиш;
  • ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилиш;
  • ўрмон фонди ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни самарали бошқаришни ташкил этиш, ўрмон барпо этиш, уларни қайта тиклаш, қўриқлаш, муҳофаза қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш;
  • республикамизда ўрмонларни тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишлари бажарилишини ташкил қилиш;
  • ўрмон фондини, фауна ва флорасини ўрганиш ҳамда уларнинг қатъий ҳисобини юритиш, ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига фан ютуқлари ва илғор тажрибани жорий этиш;
  • ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон қонунчилиги бузилишларидан муҳофаза қилиш;
  • манзарали ўсимликлар кўчатлари ва уруғларини сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишни ташкил этиш (вазифани бажариш билан бевосита Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази негизида ташкил этилган Ўрмон хўжалиги ИТИ шуғулланади;
  • ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш, кўчат етиштириш, доривор ўсимликлар тўплаш, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
  • тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш ва экологик туризмни кенг кўламда ривожлантириш;
  • ўрмон хўжалиги соҳасида ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

 

Бундан ташқари, Қўмита 2017-2021 йилларда ўрмон хўжаликлари фаолиятини самарали ташкил этиш, тармоққа илғор фан-техника ютуқларини жорий этиш, моддий-техника базасини янгилаш, халқаро грантларни тармоққа жалб этиш чора-тадбирлари Дастурини бажариш билан шуғулланади.

 

Дастурда жумладан, дашт ва чўл ҳудудларида янги ўрмонларни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги экин ерлари атрофида иҳота ўрмонларини тиклаш, писта, унаби (қадимги номи – хитой хурмоси, илон-жийда), лимон ва ёнғоқ плантациялари майдонларини тиклаш ва етиштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

 

Дастурни “Агробанк” АТБ МБ молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш йўли билан молиялаштириши эътиборга молик. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Қўмитанинг буюртманомалари бўйича зарур бўлган техника, агрегат ва асбоб-ускуналарнинг белгиланган тартибда ишлаб чиқарилишини ва хўжалик юритувчи субъектларга лизинг асосида етказиб берилишини таъминлайди.

 

Ўрмон хўжалиги учун ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрларни, айниқса “ўрмон хўжалиги техниги” мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш билан ҳам жиддий шуғулланишади. Янги таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлар ишлаб чиқилади, янги дарсликлар ва қўлланмалар ёзилади. Касб-ҳунар коллежлари махсус билимга эга малакали ўқитувчилар билан кучайтирилади.

 

Соҳа касб-ҳунар коллежлари шартнома асосида муайян давлат ўрмон хўжаликларига бириктирилади.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.



Самир Латипов.