Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Тошкент вилояти тадбиркорларига туристик инфратузилмани ривожлантириш учун автойўллар бўйида ер берилади

26.10.2017

Вазирлар Маҳкамасининг 19.10.2017 йилдаги 852-сон қарори билан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаменти тўгрисидаги низом, унинг тузилмаси, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланди.


 Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаменти Президентнинг 20.07.2017 йилдаги ПҚ3142-сон қарори билан тузилган, бу ҳақда аввалги шарҳларимиздан бирида ёзган эдик.

 

Ташкилий масалалар ва янги вакансиялар

 

Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик билан таъқиқланмаган бошқа манбалар Департамент фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади. Департаментнинг мол-мулки оператив бошқариш ҳуқуқи билан унга бириктирилган мол-мулк ҳисобига шакллантирилади. Молия вазирлиги Департаментга 4 та автотранспорт воситасини (1 та енгил ва 3 та махсус (йўлтанламас) автотранспорт воситаси) сақлаш учун лимит ажратади.

 

Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманлари ҳокимликларига қуйидагилар топширилди: 

  • бир ой муддатда Департамент ҳудудий бўлинмалари тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари биноларида жойлаштирилишини;
  • Туризмни ривожлантириш давлат кўмитасининг тавсиясига кўра белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига туристик йўналишлар ва асосий йўл ёкаларида йўлбўйи туристик инфратузилма объектлари қуриш учун (Ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан) кейинчалик улар таркибида ахборот марказларини бепул жойлаштириш шарти билан ер майдонлари ажратиш.

 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига 3 ой муддатда йўлбўйи туристик инфратузилма объектларига қўйиладиган ҳамда туристлар учун барча зарур қулайликлар мажбурий бўлишини назарда тутадиган намунавий талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

 

Тошкент вилояти ҳокимлигига Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Департамент ходимларининг штатлар жадвалини белгиланган тартибда тасдиқлаш ва малакали кадрлар билан бутлаш топширилди. Тошкент вилояти ҳокимига, зарурат бўлганда, Департамент тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий штатдаги сони доирасида ўзгартиришлар киритиш хуқуқи берилди. Ўзгаришларни Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат. ва туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти (АТД) билан келишиш даркор.

 

Департамент Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, Тошкент кўчаси, 92-уй манзилида жойлашган.

 

Департаментнинг ҳуқуқий мақоми

 

Департамент тўғрисидаги низомда унинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб берилган. Департамент Тошкент вилояти ҳокимлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланганига қарамасдан, у юридик шахс ҳисобланади. Мувофиқ равишда у Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига (хусусан, хорижий валютадаги) ҳисоб рақамларига ва шахсий ғазна ҳисобварақларига эга.

 

Департаментни Тошкент вилояти ҳокими томонидан АТД билан келишган ҳолда тайинланган директор бошқаради.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 20.10.2017 йилда кучга кирди.  

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.  

 

Зумрад Ниязметова,

адвокат.