Президентнинг 22.11.2017 йилдаги 3402-сон қарори билан «Мард ўғлон» давлат мукофоти таъсис этилди.
Мукофот ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Ёшлар куни (30 июнь) арафасида берилади.
Давлат мукофотига талабгорлар Президент ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Номзодлар Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан, унинг ҳудудий кенгашлари раислари билан келишилган ҳолда Жўқорги Кенгес раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномалари асосида киритилади.
Мукофот билан тақдирлаш давлат раҳбарининг қарори билан амалга оширилади. Унинг миқдори – ЭКИҲнинг 50 баравари. Бундан ташқари, мукофот соҳибларига имтиҳонсиз бюджет асосида бакалавриат ва магистратура босқичларига имтиёзли кириш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, кўкрак нишони топширилади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.