Бу Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни эркин алмаштириладиган валютада экспорт қилувчи корхоналар экспорт улушига боғлиқ ҳолда фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ЯСТни камайтирилган ставкалар бўйича тўлайди.
Реализациянинг умумий ҳажмида экспорт улуши:
- 15 дан 30%гача бўлганда – ушбу солиқлар бўйича белгиланган ставкалар 30%га камайтирилади;
- 30 ва ундан ортиқ % бўлганда – солиқ ставкалари 50%га камайтирилади.
1.04.2018 йилдан бошлаб ушбу имтиёзлар бекор қилинади (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорнинг 31-банди) ва экспорт қилувчи юридик шахслар фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ЯСТни белгиланган ставкалар бўйича тўлашлари даркор бўлади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Музаффар Мирзағаниев.