Президентнинг 20.04.2018 йилдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгиланадики, унга кўра:
- юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади;
- ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади.
Бунда қуйидагилар бекор қилинади (кучини йўқотган деб топилади):
- ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқлаш;
- қурилиш (реконструкция, капитал таъмирлаш) қиймати олдин эълон қилинган қийматидан ошган ижтимоий ва фуқаролик аҳамиятга эга объектлар бўйича хулосалар бериш;
- Президентнинг 2011 йил 27 декабрдаги “Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1666-сон қарори.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.