Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Божхона йиғимларини мақбуллаштириш таклиф этилди

10.05.2018

Читать на русском языке

 

ҚҲТБТ порталида тегишли лойиҳа жойлаштирилган.

 

Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори билан тасдиқланган божхона йиғимлари ставкалари амал қилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчи – Давлат божхона қўмитаси йиғимлар сони, уларнинг миқдорлари, айрим ҳолларда эса уларни ҳисоблаб чиқариш тартибига ҳам жиддий ўзгартириш киритишни таклиф этмоқда.

 

Йиғимларнинг умумий сони қисқаради

 

Божхона йиғимлари ундириладиган хатти-ҳаракатлар анча қисқартирилиши мумкин. Хусусан, қуйидаги йиғим турларини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда:

  • товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилганлик учун (50 евро[1]);
  • божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга малака аттестати берганлик учун (150 евро);
  • божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис малака аттестатининг амал қилишини қайта рўйхатдан ўтказганлик (амал қилишини узайтирганлик) учун (150 евро);
  • божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис малака аттестатининг амал қилишини тиклаганлик учун (300 евро);
  • товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома берганлик учун (150 евро);
  • товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома берганлик учун (150 евро);
  • божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни ўқитганлик учун (100 евро);
  • ходим томонидан «экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарни белгиланган жойдан ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун, битта ходимнинг бир соатлик иши ҳисобидан (ЭКИҲнинг 5%и);
  • интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектлари божхона реестрига киритганлик учун (15 евро).

 

 

Бунда фақат 2 турдаги йиғим қўшимча равишда жорий этилади:

  • ходим томонидан божхона органларининг иш вақтидан ташқарида товарларнинг божхона юк декларациясини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун йиғим, битта ходимнинг бир соатлик иши ҳисобидан, («экспорт» божхона режими бундан мустасно) иш вақтидан ташқари пайтларда (соат 18.00-9.00), дам олиш, байрам кунлари – 10 евро;
  • автотранспорт воситасини махсус божхона пломбаси билан пломбалаганлик учун йиғим (1 та пломба учун) – 1 евро.

 

 

Бундан ташқари, айрим турдаги йиғимлар бўйича миқдор ва ҳисоблаб чиқариш тартибини ўзгартириш таклиф этилмоқда.

 

Божхона юк декларациясини «транзит» божхона режимида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш

 

Ҳозир ҳар бир асосий варақ учун 10 евродан ва ҳар бир қўшимча варақ учун 5 евродан ундирилади. Бунинг ўрнига ягона йиғим – 10 евро таклиф этилмоқда. Бунда у БЮДнинг ҳар бир варағи ёки варақларнинг муайян тури (асосий/қўшимча) учун ундирилиши қайд этилмаган.

 

Божхона органи эгаси бўлган товарларни божхона омборида сақлаш

 

Дастлабки 60 сутка давомида ҳар бир тўлиқ/тўлиқ бўлмаган сутка учун – ЭКИҲнинг 2%и миқдорида, кейинги кунлар учун эса ЭКИҲнинг 3%и миқдорида ундириш таклиф этилмоқда.

 

Ҳозир: дастлабки 10 сутка давомида – божхона қийматининг 0,1%и, кейинги ҳар бир кун учун – божхона қийматининг 0,2%и.

 

Битта транспорт воситасини божхона томонидан кузатиб борганлик учун

 

Масофага қараб қуйидаги йиғим миқдорларини белгилаш таклиф этилмоқда:

  • 50 км гача – 10 евро;
  • 51 км дан 200 км гача – 50 евро;
  • 200 км дан ортиқ – 100 евро.

 

Айни пайтда икки поғонали шкала бўйича йиғим ундирилади: 200 км гача масофага – 50 евро, ундан ортиқ бўлса – 120 евро.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалги лойиҳалардан бирида импорт божхона божлари ва акциз солиғининг янгиланган ставкалари таклиф этилган эди. Импорт божхона божлари ставкалари лойиҳаси мазмуни ва таҳлили билан танишиб чиқишни таклиф этамиз. 

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Олег Заманов.

 


[1] Бу ерда ва бундан буён йиғимлар миқдори хорижий валюта эквивалентида кўрсатилади. Айни пайтда божхона йиғимлари миллий валюта – сўмда, эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудида эса – эркин айирбошланадиган валютада ундирилади.





 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_